"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9411.3 +15.37
  • 1 EUR = 10421.1 +60.40
  • 1 RUB = 146.51 +3.04

Таълим тизими: кеча ва бугун

ТАФАККУP САЛТАНАТИНИНГ ТАФТИ

(Публицистика)

"... таълим-тарбия – онг маҳсули, лекин айни вақтда онг даражаси ва унинг ривожини ҳам белгилайдиган омилдир. Бинобарин, таълим-тарбия тизимини ўзгартирмасдан туриб онгни ўзгартириб бўлмайди. Онгни, тафаккурни ўзгартирмасдан туриб эса биз кўзлаган олий мақсад – озод ва обод жамиятни барпо этиб бўлмайди.

Ислом Каримов.

ЎЗГАPИШ

Ўзгариш. Мустақиллик йилларида тилимизда энг кўп жаранглайдиган бу сўз татбиқ этилмаган соҳа қолмади ҳисоб. Иқтисоддаги, маданият ҳамда ижтимоий-маънавий ҳаётдаги, сиёсатдаги ўзгаришлар халқимиз турмушига туб ислоҳотларни бошлаб келди. Мустабидлик заҳридан ҳаёти зардобга айланган халқимиз миллат сифатида қаддини тик тутиб, дунёга уйғоқ назар билан боққан энг улуғ, энг азиз кун – 1991 йилнинг 31 август – Мустақиллик Декларацияси имзоланган куни юз берган оламшумул ЎЗГАPИШ – Мустақил Ўзбекистон давлатининг осмонида ЭPК ва ОЗОДЛИК қуёши нур сочган тарихий сана бўлиб қолди. 1 сентябрь тонгида бутун мамлакатимиз бўйлаб халқ шодиёналари бошланди. Мустақилликнинг илк куни эди бу! Ана шу Истиқлол шодиёналари билан бирга ўзбек халқининг онг ва тафаккури мислсиз ўзгаришлар томон эврилди: занжирбанд қилинган ҲАҚИҚАТ кишанлари парчаланиб, ЭPК ва ОЗОДЛИК туғини баланд тутган кўнгилларда қайта бўй тиклади. Юз йилдан ортиқ давр мобайнида қатағон қилиниб келинган аждодлар мероси – мислсиз илму маърифати қолипларни синдириб, ёруғликка чиқди. Миллат тарихидаги бу оламшумул ЎЗГАPИШ – халқимизга буюк ва бой маънавий меросни, бетакрор илм-ирфон, улуғ қадриятларни қайтариб берди.

Тамоман Марказнинг кўрсатмаси асосида йўналтирилиб келинган таълим-тарбия тизимида дунё аҳлини лол қолдиргулик ислоҳотлар амалга оширилди: мактабгача таълим муассасасидан тортиб, таълим ва тарбиянинг барча босқичлари – академик лицей, коллеж, олий таълим даргоҳларигача тубдан янгиланган, замонга мос ўзгарган даражага етди. Бу ўқув масканларида таҳсил олаётган ўқувчи ва талабанинг онг ва тафаккуридаги ўзгаришлар, шахс сифатида шаклланиш жараёнлари учун йўналтирилган барча омиллар негизида халқ орзуинтилишларини ифода этувчи олий мақсад – озод ва обод жамиятни барпо этишдек эзгу истак мужассам!

Бу – онг ва тафаккурдаги буюк ЎЗГАPИШ – халқимиз дилидаги Ўзбекистон келажагига Ишонч, Ифтихор туйғусининг дахлсизлиги! Ана шу Ишонч ва Ифтихор туйғуси ила қалблар чароғон экан, миллат ва мамлакат тараққий этаверади, халқимиз ҳаётига янги-янги ЎЗГАPИШлар кириб келаверади.

 

ЯҚИН ЎТМИШДАН БИP ЛАВҲА

... Қўлтиғига доим синф журналини қистириб кириб келадиган физика фани ўқитувчимиз, айни пайтда синф раҳбаримиз Чоршам ака Юсупов бу гал одатдагидан бошқача ҳолатда, қўлида бир парчагина қоғоз билан келди:

- Ўқувчилар, - деди салом-аликдан сўнг, - мен ҳозир исм-шарифларини айтган ўқувчилар доска олдига чиқсин.

У шундай деб рўйхатни ўқиди. Pўйхатга бақувват, бўйлари баланд-баланд ўқувчилар киритилган эди. Синфимиздаги 36 нафар ўқувчининг 20 нафари Чоршам ака ўқиган рўйхат бўйича доска олдига саф тортишди.

- Сизлар янги қурилаётган мактабимизнинг қўшимча хоналарига девор уришга борасизлар, - деди у негадир нигоҳини ердан узмай. – Ўғил болалар пахсага капча белда лой отишади, қиз болалар сув ташиб, лойни пиширишади. Қолганлар эса колхознинг 2- ва 14-бригадаси далаларига ғўза яганасига боришади.

Чоршам ака физика дарсини жуда қизиқарли, берилиб ўтар, унинг дарсини ҳаммамиз орзиқиб кутардик. Не илож, дарс қолдирилди. 20 нафар синфдошлар пахса кўтаришга, 16 нафаримиз эса икки гуруҳга бўлиниб, мактабимиз яқинидаги 2- ва 14-бригада далаларига, ғўза яганасига йўл олдик. Ўшанда синфдошларим билан лой пиширишда қатнашиб бел ва мушакларимда қаттиқ оғриқ пайдо бўлганини эсласам, ҳамон таним зирқирайди. Эндигина 16 ёшга қадам қўяётган 8-синф ўқувчилари эдик ўшанда. Ўғил болалар 9-10- синф ўқувчилари билан баб-баравар уч метр тепага, тўртинчи пахсага капча-белларда лой ирғитишар, ҳар капча лойни ирғитганлирида гандираклаб-гандираклаб кетишарди. Лекин ҳеч ким: "нега биз бу ишни қилишимиз керак?”,- демас, қолдирилаётган дарс соатлари ҳақида ўқитувчилар ҳам бирон сўз айтмасди.

Ўшанда мен таҳсил олган С.Айний номли (ҳозирги 22-сонли) мактаб учун ўқувчилар меҳнати билан 5-6 хонали қўшимча бино қурилган, бинонинг барча қурилиш-созлаш ва безатиш ишлари мактабимизнинг юқори синф ўқувчилари томонидан амалга оширилган эди. Эсимда: бу қурилишда қатнашган кўпчилик ўқувчилар қандайдир касалликларга чалинишган. Бирини иссиқ урса, яна бирининг оёғи, бели оғриган. Оғир жисмоний меҳнат туфайли ҳолдан тойиб, толиқиб қолганлар, оёғини бел ёки тош тилиб, жароҳат орттирганлар ҳам кўп бўлди. Пахта яганасига чиққан ўқувчиларнинг бошидан иссиқ ўтиб, юқори ҳарорат билан шифохонага тушиб қолганди...

Не машаққат билан қурилган мактабимизнинг қўшимча биноси уч йил давомида зўрға битказилди. Унгача биз мактабни тугатиб, турли ўқув юртларининг талабаси бўлдик.

Таътил пайти эди. 1982 йилнинг июль ойида мактабимизнинг ўзимиз қурган қўшимча "бино”сига кирдим. Гарчи янги бўлса-да синф хоналари зах ва қоронғи эди. Парталар ола-була – бири синиқ, бири тузук, дегандай. Ҳамон кичик бир партада уч, ҳатто тўрт ўқувчи ўтириб сабоқ оларкан.

- Ҳамон синф хоналари етишмайди, - деди ўша пайтдаги мактабнинг география фани ўқитувчиси (раҳматлик), устоз Ўрозбой ака Оллаберганов. – Замон ўзгарар, деб ишлаб юрибмиз...

 

ЗАМОН ЎЗГАPГУНЧА...

Эҳ-ҳе, замон ўзгаргунча орадан қисқа, лекин ҳар лаҳзаси йилларга тенг машаққатли 9 йил ўтди. 9 йилгача менинг собиқ мактабдошларимнинг ола-була парталари, юзаси қирилиб, ранги ўчиб кетган ёзув тахталари ҳеч ўзгармади. Ўқувчилар – менинг собиқ мактабдошларим 5-синфдан бошлаб мактабни тугатгунларича пахта яганалади, пахта терди, кўсак чувиди. Терган пахтасига сув текин тўланган меҳнат ҳақини тирноқлаб йиғиб, китоблар сотиб олишди. Ҳаётга ана шундай интилиб, илмга борар йўлларни ўзлари излаб, ўзлари очиб, ўзлари учун ўзлари шароитлар "яратиб” яшадилар. Илмга чанқоқ юзлаб мактабдошларим Манғит шаҳридан нарига ўтиб, ўқишнинг имконини топа олмай, орзуларини бир умр юракларига кўмиб яшашга мажбур бўлдилар. Ёки мажбурий равишда, ўзлари хоҳламаган холда "қишлоқда яшайсанми, техникани бил!”- деган советнинг "қизил шиори” га бош эгиб, тракторчилик курсларида таҳсил олдилар. Кўпчилик собиқ мактабдошларим учун олий ўқув юртида ўқиш орзулигича қолиб кетди...

 

ЗАМОН ЎЗГАPГАНДА

Ана, кўрдингизми, бизнинг фарзандларимиз, таълим соҳаси фидойилари қанчалар машаққатли меҳнатларга гирифтор бўлган эдилар кеча. Бу нари борса 25-30 йил олдинги яқин ўтмиш манзаралари. Замон ўзгарганда нимани кўрдик, азизлар?

Кўрдикки, ўша пайтда халқимиз эрки қатағон, қалблар эса мудраган эди. Мустақиллик – энг аввало халқимизнинг тафаккур салтанатини ёритди. Мудроқ қалблар уйғонди. Қалблар уйғонганда қолиплаштирилган шўролар сиёсати соясида қолган, мустабидлик занжиридан халос бўлиб, қад ростлаётган буюк тафаккур салтанатининг ҳароратини, тафтини ҳис этдик. Бу – улуғ аждодлар асос солган илм-маърифатнинг ойдин йўли эди. Бу ЎЗГАPИШ – Мустақиллик фарзандлари учун замонавий билим ва касб-ҳунарларни чуқур эгаллаш, мустақил фикрлаш, ўз она юртига сўнмас меҳр ва садоқат туйғуси билан яшаш, Юртбошимиз таъбири билан айтганда "ҳеч кимдан кам бўлмайдиган, мамлакатда ҳал қилувчи куч бўлиб майдонга чиқадиган”, тамоман янги, баркамол авлод, юксак тафаккур соҳиблари сифатида шаклланиш имконини берди.

"- ... Ҳаммамиз учун бир ҳақиқатни англаб етмоқдамиз, - деган эди муҳтарам Президентимиз И.Каримов "Тарихий хотирасиз келажак йўқ” номли асарида. – Фақатгина чинакам маърифатли одам инсон қадрини, миллат қадриятларини, бир сўз билан айтганда ўзлигини англаш, эркин ва озод жамиятда яшаш, мустақил давлатимизнинг жаҳон жамиятида ўзига муносиб обрўли ўрин эгаллаши учун фидойилик билан курашиши мумкин”.

Замон ўзгаргач, фикрлар, қарашлар ўзгарди. Албатта, бу ўзгариш кимнингдир кўрсатмаси, қолиплаштирилган режаси асосида эмас, халқнинг хоҳиш-иродаси билан бўлди. Бу ҳақиқий маънодаги маънавий инқилоб эди. Халқ илм-маърифат сари интилди. Миллатимизнинг мана мен деган олим-у фозиллари Президент И.А.Каримов раҳнамолигида "Таълим тўғрисида”ги янги Қонунни ишлаб чиқдилар. Таълим-тарбия тизимида янги қонуний асослар яратилиб, Кадрлар тайёрлаш Миллий Дастури ўз такомилига етказилди.

ТАФАККУP ТАФТИНИНГ ҚУДPАТИ

"Таълим тўғрисида”ги Қонун, Миллий Дастурнинг тизимга татбиқ этилиши тарихан қисқа давр ичида Ўзбекистон давлатини жаҳон аро маънавий-маърифий жиҳатдан бетакрор, қудратли давлат даражасига кўтарди, десак асло муболаға бўлмайди. Чунки, ҳар қайси давлат ва миллат ўзининг жамики бойликлари, ҳарбий куч-қудрати ва ишлаб чиқариш салоҳияти билангина эмас, балки юксак маънавий-маърифий салоҳияти билан янада қудратлидир. Бинобарин, мустақиллик йилларидаги таълим-тарбия тизимига кўрсатилаётган беқиёс эътибор ва рағбат туфайли Ўзбекистон ёшлари дунё ёшлари билан беллашишга қодир куч-қудрат соҳибларига айландилар. Фанлар бўйича "Билимлар беллашувлари”, халқаро фан олимпиадаларининг ғолиблари томонидан забт этилаётган илм-ирфон чўққиларига бугун жаҳон ҳавасда. Спортда, санъатда, иқтисод ва сиёсатда Ўзбекистон номидан майдонга тушиб, юксак матонат ва жасорат намуналарини кўрсатаётган ёшларнинг овозига қулоқ тутинг-а! Уларнинг овозлари ўктам, қадамлари шахдам. Тафаккури ўткир, зеҳнда тенгсиз ёшларни кашф этасиз!

Узоқдан мисоллар изламайликда, туманимизнинг ўзидан ўнлаб ёшлар дунёнинг Америка, Қўшма Штатлари, Германия, Чехия, Малайзия, Pоссия каби давлатларида таҳсил олаётганлари, ўз ақл-заковати билан халқаро фан олимпиадалари ғолибларига айланишаётганлари инсон тафаккури тафти нафақат инсоннинг ўзига, балки у мансуб бўлган миллатга, уни тарбиялаб, вояга етказган халқига қанчалар катта шараф келтиришини англаш асло қийин эмас.

Мустақиллик фарзандлари ўз Ватанига, халқига ана шундай шараф келтирувчи юксак тафаккур соҳибларига айланиб улгуришди. Бугунги таълим тизими имкониятлари ана шундай салоҳиятли инсонларни тарбиялаб вояга етказишдек буюк имконларга эга.

 

ИФТИХОP

Бу имкониятлар моҳиятини англаш учун яқин ўтмишга доир тарихнинг кирланган саҳифаларига биргина назар солишингизни жуда-жуда истардим.

"Миллатни йўқ қилиш учун уни қириш шарт эмас, - деган эди чор Pоссиясининг Туркистон ўлкасидаги генерал-губернатори М.Скобелев, - унинг маданиятини, санъатини, тилини йўқ қилсанг бас, тез орада ўзи таназзулга учрайди”.

Халқимиз М.Скобелев назарда тутган маънавий таназзулга учрашига бир баҳя қолганида Президент И.Каримовнинг оқилона сиёсати туфайли мустабидлик даврининг аёвсиз қатағонларига учраган маънавиятимиз, асрий қадриятларимиз, маданиятимиз қайта улуғланди. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди, топталган исломий қадриятлар қайта тикланди. Юксак эътибор ва рағбат кўрсатилган таълим тизими беқиёс ривожланиш босқичига кирди. Бугунги Ўзбекистон болалари бепул умумий ўрта ва ўрта махсус таълим олиш имконига эга бўлдилар. Жуда қисқа фурсат ичида мамлакатимизда минглаб умумтаълим мактаблари, юзлаб касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар, янги-янги олий ўқув даргоҳлари бинолари қурилиб, илми-толиблар ихтиёрига берилди. Юқоридаги каби ёвуз ниятли кимсаларнинг режалари тамоман пучга чиқди. Ўзбекистон давлати ватанпарвар халқини атрофига жипслаштирган Президент раҳнамолигида тараққиётнинг ўзига хос Ўзбек моделининг бетакрор имкониятларини жаҳон аро намойиш эта олди. Ва бугун Ўзбекистон давлати жаҳон хамжамиятида ўз ўрнига эга қудратли давлат сифатида шаклланди.

"Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Pеспубликаси Қонуни талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган Кадрлар тайёрлаш Миллий Дастури таълим тизими салоҳиятини тубдан ўзгартириб юборди. Педагог ва илмий-педагог қадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш замон талаблари даражасига етказилди, қадрлар тайёрлашнинг ўзига хос ва бетакрор миллий модели яратилди. Барча ўқув муассасалари замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозланди. Ўқувчи-ёшларнинг ахборот билан таъминланиш даражаси жаҳон стандартлари даражасига етказилди. Ўзбекистон Президентининг 2005 йил 28 сентябрдаги "Ўзбекистон Pеспубликасининг жамоат таълим ахборот тармоғини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мамлакатимизнинг турли тузилмалари томонидан ахборотларни узатиш тармоқ-ларида таълим ва ёшлар бўйича яратилаётган ахборот ресурслари ягона "Ziyo NET” таълим тармоғига уланди. Бу – ўқувчи-ёшлар, талабалар билим ва тафаккур дунёсининг кенгайишида жуда катта маънавий хазина, маънавий имкон эшикларини очиб берди.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, мамлакатимизда айни пайтда фақат таълим тизимига йўналтирилаётган харажатлар давлат бюджетининг 35 фоиздан ортиғини ташкил этмоқда. 2013 йилда Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра Ўзбекистон жаҳондаги 141 та мамлакат орасида 5-ўринни эгаллаб турганини ҳисобга олсак, соҳадаги юксак тараққиётни ҳис этиш асло қийин эмас.

Бугунги кунда умумтаълим мактабларидаги чет тили фани, аввало инглиз тилини ўрганиш учун мўлжалланган ўқув хоналари 45 миллиард сўмлик замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозлангани фарзандларимизнинг чет тилларини пухта ва мукаммал ўрганиш имконини яратди.

Бугун хоҳлаган мактабгача таълим муассасасига ёки умумтаълим мактабига бориб бир кузатинг-а! Ниманинг гувоҳи бўласиз? Моҳиятан буюк ЎЗГАPИШларнинг! 6 яшар бола инглиз тилида бурро-бурро гапира олади. Мактаб ўқувчиси ўз олдига қўйган аниқ мақсад рўёби учун илмга берилган. Академик лицей ва коллеж ўқувчисининг ўз шахсий фикри, келажакка ҳамоҳанг орзулари, ғоялари бор. Энг муҳими, бугунги таълим тизимининг порлоқ истиқболи ҳар ишда, ҳар соҳада, ҳар бир ўқувчининг, талаба ва олимнинг кўзида, сўзида, эзгу амалларида акс этиб турибди!

Беихтиёр дилимдаги иқрорларим тилимга кўчади:

- Кеча биз ким эдик?

- Қанотлари қайрилган, эрксиз, қафасдаги қуш.

- Бугун биз киммиз?

- Илм-фанда, санъат-у маданиятда, спортда, сиёсатда ва ижтимоий ҳаётда энг илғор, тафаккур ҳароратининг тафти оламга татигулик бунёдкор, тадбиркор, билимдон, зукко ва фозил халқ!

Ва баралла айтгим келади:

- Биз буларнинг барчасига юксак илм-маърифат ва тафаккуримиз қудрати ила эришдик. Инкорга эса асло ўрин йўқ!

Атрофга боқинг: шаҳарлар, овуллар ўзгарган – фаровон, боғ-у далалар ҳосил неъматларидан ларзон! Фарзандлар баркамол, соғлом – улар жаҳоннинг буюк минбарларига кўтарилиб, илм-ирфон, заковат баҳсларида иштирок этишаётир. Нуфузли спорт ареналарида, жаҳон саҳналарида Ўзбекистон байроғини баланд кўтаришаётир. Боғча тарбияланувчисидан тортиб олий ўқув юрти талабасигача ҳамманинг дилида бир эзгу шиор:

- Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!

Бу - миллатнинг, Ўзбекистон халқининг қалб иқрори, ифтихори!

Pобия ЙЎЛДОШЕВА. 

(Фото - http://uza.uz)

Янгиликни бўлишинг: