"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9455.24 +21.66
  • 1 EUR = 10438.6 +84.00
  • 1 RUB = 147.25 +1.25

САМАPАЛИ САНИТАPИЯ-ЭПИДЕМИОЛОГИК НАЗОPАТНИ ТАЪМИНЛАШ ЙЎЛИДА

Истиқлол йилларида аҳоли саломатлигини муҳофаза этиш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтиришга муҳим йўналишлардан бири сифатида алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда. Бунинг учун зарур қонуний, ташкилий-ҳуқуқий асослар яратилмоқда. Мазкур шарт-шароитлар соғликни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини таъминламоқда. Юртимизда аҳолининг ўртача умр кўриши 67 ёшдан 73,5 ёшга, аёллар ўртасида эса 75,8 ёшга етгани бу борадаги амалий ишларнинг натижасидир.

Жорий йилнинг 27 августидан кучга кирган "Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Pеспубликасининг Қонуни ҳам жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш бўйича қилинаётган ишларнинг мантиқий давомидир. Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида қабул қилинган ушбу қонун 6 боб, 42 моддадан иборат. Қонунда таърифланишича, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги – аҳоли соғлигининг ҳолати бўлиб, бунда инсонга яшаш муҳити омилларининг зарарли таъсири мавжуд бўлмайди ва унинг ҳаёт фаолияти учун қулай шарт-шароитлар таъминланади.

Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларига санитария-гигиена тадбирларини ва эпидемияга қарши тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш, давлат томонидан санитария-эпидемиология нормаларининг жорий этилиши, аҳолининг санитария маданияти даражасини ошириш, давлат санитария назоратини ва бу борада халқаро ҳамкорликни амалга ошириш каби масалалар киради.

Қонунга кўра, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари давлат органлари ҳамда бошқа органлар, юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилиши шарт бўлган аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги талабларни белгилайдиган ҳужжатлар бўлиб, улар Ўзбекистон Pеспубликаси Бош давлат санитария врачи томонидан тасдиқланади.

Қонунда Ўзбекистон Pеспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги ваколатлари белгилаб берилган.

Давлат санитария назорати Ўзбекистон Pеспубликаси Соғликни сақлаш вазирлигининг Давлат санитария-эпидемиология назорати республика маркази, Қорақалпоғистон Pеспубликаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ҳамда шаҳарлар давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари, Ўзбекистон Pеспубликаси Мудофаа вазирлигининг, Ички ишлар вазирлигининг, Миллий хавфсизлик хизматининг, "Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамия-тининг тегишли таркибий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

Қонунда давлат санитария назоратини амалга оширувчи мансабдор шахслар ва уларнинг ваколатлари, ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятлари ҳам белгилаб берилган.

Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам иштирок этиши мумкин. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги давлат дастурларини, ҳудудий ва бошқа дастурларни амалга оширишда иштирок этади, санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирларни амалга оширишда кўмаклашади, тегишли ҳудудда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги тадбирларнинг амалга оширилиши, ҳовли ва уй атрофи ҳудудларидаги қурилишлар ҳамда ҳовли ва уй атрофи ҳудудларини сақлаш қоидаларига риоя этилиши юзасидан жамоатчилик назоратини амалга оширади. Шунингдек, овул ва маҳаллалар оқсоқоллари ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида тегишли ҳудудда яшовчиларнинг ихтиёрий асосда иштирок этишини ташкил этади. Нодавлат нотижорат ташкилотлари эса бу ишда иштирок этувчи давлат органлари ва бошқа органларга кўмаклашиши ҳамда зарур ёрдам кўрсатиши мумкин.

Қонуннинг 3-бобида юридик ва жисмоний шахсларнинг аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилган. Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасида давлат бошқаруви органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан, шунингдек давлат санитария назоратини амалга оширувчи органлардан санитария-эпидемиологик вазият ҳамда инсоннинг яшаш муҳити ҳолати тўғрисида ахборот олиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирларни ишлаб чиқишда иштирок этиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини яхшилаш бўйича таклифлар киритиш, фуқаролар, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши оқибатида, шунингдек санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирларни амалга ошириш пайтида ўзларининг мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўлиқ ҳажмда қопланишини талаб қилиш ҳамда давлат санитария назоратини амалга оширувчи органларнинг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органларга ёки мансабдор шахсларга ёхуд судга белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг бу борадаги мажбуриятлари сирасига эса аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, шунингдек давлат санитария назоратини амалга оширувчи мансабдор шахсларнинг қарорлари ва кўрсатмалари талабларини бажариш, юқумли ва паразитар касалликлар пайдо бўлган тақдирда уларни бартараф этиш мақсадида санитария-гигиена тадбирларини ва эпидемияга қарши тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ҳамда аҳолига реализация қилиш пайтида маҳсулотнинг, шунингдек бажарилаётган ишлар ва кўрсатилаётган хизматларнинг хавфсизлигини таъминлаш, маҳсулотни ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ва аҳолига реализация қилиш, ишларни бажариш ҳамда хизматларни кўрсатиш пайтида санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя этиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигига таҳдид солувчи авария вазиятлари, технологик жараёнларнинг бузилишлари тўғрисида маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат санитария назоратини амалга оширувчи органларга ишончли ахборот тақдим этиш каби мажбуриятлар киради.

Фуқаролар аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги қуйидаги ҳуқуқларга эга:

қулай яшаш муҳити;

давлат бошқаруви органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан, шунингдек давлат санитария назоратини амалга оширувчи органлардан санитария-эпидемиологик вазият ва инсоннинг яшаш муҳити ҳолати тўғрисида ахборот олиш;

юридик шахслардан ва якка тартибдаги тадбиркорлардан маҳсулотнинг, шунингдек бажарилаётган ишлар ва кўрсатилаётган хизматларнинг хавфсизлиги ҳамда сифати тўғрисида ахборот олиш;

аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини яхшилаш бўйича таклифлар киритиш;

аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишлари оқибатида ўз соғлиғига етказилган зарарнинг ўрни қопланишини талаб қилиш.

Фуқаролар аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши ҳамда бошқа фуқароларнинг соғликни сақлаш ва қулай яшаш муҳитига бўлган ҳуқуқлари бузилишига сабаб бўлувчи ҳаракатларга йўл қўймаслиги шарт.

Қонуннинг 4-бобида аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга доир талаблар, 5-бобида эса санитария-гигиена тадбирларини ва эпидемияга қарши тадбирларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартиби кўрсатиб ўтилган.

Хулоса ўрнида айтганда, мазкур қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш комплекс тизимини мустаҳкамлашга, шунингдек ижро этувчи органлар ва назорат қилувчи хизматлар томонидан самарали назоратни таъминлашга хизмат қилади.

 

Тўрамурод БОБОНИЁЗОВ,

туман ДСЭНМ Бош шифокори,  халқ депутатлари туман Кенгаши депутати, Кенгашнинг аграр, сув хўжалиги масалалари ва

экология бўйича доимий комиссияси раиси.

(Фото - http://navoimed.uz)

Янгиликни бўлишинг: