"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9455.24 +21.66
  • 1 EUR = 10438.6 +84.00
  • 1 RUB = 147.25 +1.25

ҲАШАP УЮШҚОҚЛИК БИЛАН ЎТКАЗИЛДИ

Наврўз умумхалқ байрамини муносиб нишонлашга тайёргарлик кўриш, халқимиз орасида миллий қадриятлармизга хос бўлган ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни янада кучайтириш, беғараз ёрдам, меҳр-мурувват каби эзгу фазилатларни юксалтириш, маҳаллалар ва аҳоли турар жойларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, туманимизнинг барча ҳудудларида санитария ҳолатини яхшилаш ҳамда "Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида кўзда тутилган вазифалар ижросини  таъминлаш мақсадида 12-13 март кунлари мамлакатимиз бўйлаб умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилди.

Ҳашар муносабати билан маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли бинолар ва ҳовлилар атрофи, хиёбонлар, зиёратгоҳлар ва қабристонлар, ариқлар, кўча ва йўлаклар ҳамда болалар майдончалари тартибга келтирилди. Барча турар жойларда дарахтларни оқлаш ва буташ ишлари амалга оширилди.

Умумхалқ ҳашарида туманимиз бўйича 172082 нафар аҳоли, шундан 107184 нафар ёшлар иштирок этдилар. Ҳашар кунлари 192 гаер ободонлаштирилди, 332 тоннадан ортиқ маиший ва қурилиш чиқиндилари чиқариб ташланди, 140 километрдан ортиқ ариқ ва лотоклар тозаланди, 45 та қабристонлар ва 1 та зиёратгоҳ ободонлаштирилди, 49276 тупдан ортиқ манзарали, 30 минг тупдан ортиқ мевали, 31 минг донадан ортиқ гул кўчатлари экилди. 105 мингдан ортиқ дарахтларга шакл берилиб, оқланди.

"Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси бошқарувининг қарори билан "Мустақиллигимизнинг 25 йиллигига 25 туп кўчат ва қаламчалар – менинг туҳфам” шиори остида акция ўтказилиб, унда туманимизнинг 47 та овул ва маҳаллаларида яшовчи юртдошларимиз фаол қатнашмоқда.

Олдиндин ишлаб чиқилган режа асосида ҳар бир фуқаролар йиғинларидаги таълим муассасаларида таълим-тарбия олаётган 8000 нафардан ортиқ касб-ҳунар коллежлари ва 14000 нафардан ортиқ мактабларнинг 5-9-синфлари ўқувчи-ёшларининг ҳар бири 25 тупдан тол, терак, жийда каби дарахт қаламчаларини тайёрлаб, белгиланган ҳудудларга ушбу қаламчаларни экиш орқали мустақиллигимизнинг 25 йиллик байрамини муносиб кутиб олишга ўз улушларини қўшмоқда.

Шунингдек, фуқаролар йиғинлари ҳамда касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари билан ҳамкорликда синф, гуруҳ раҳбарлари бошчилигида "Ёрдамчи гуруҳлар” тузилиб, ҳашар кунлари туманимиз ёшлари 500 нафардан ортиқ якка-ёлғиз, кам таъминланган оилалар ҳовли-жойларини ободонлаштириш ишларига яқиндан ёрдам бердилар.

Бундан ташқари, умумхалқ хайрия ҳашари муносабати билан фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги жами 90 та кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга, якка ёлғизларга, етим, ногирон ва боқувчисини йўқотган, кўп болали оила фарзандларига ҳомийлар ҳамда фуқаролар йиғинлари томонидан мурувват  ва саҳоват ёрдамлари кўрсатилди.

 

Pустам PЎЗМЕТОВ,

"Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси раиси, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати.

Янгиликни бўлишинг: