"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8271.27 +21.03
  • 1 EUR = 9374.66 -18.59
  • 1 RUB = 121.79 -3.67

ҲОКИМ ЁШЛАP БИЛАН УЧPАШДИ

Мамлакатимизда ёшлар салоҳиятини юксалтириш, уларнинг иқтидор ва қобилиятларини рўёбга чиқариш, келажагимиз эгаларини жамиятнинг фаол аъзоларига айлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда яқиндагина қабул қилинган "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун Ўзбекистон ёшлари ҳаётининг барча йўналишларини янада кенг қамраб олди. Ушбу Қонун ижросини ҳамда давлат ҳокимияти органларининг очиқлигини таъминлаш, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилган ҳолда уларнинг билим ва салоҳиятларини, иқтидорларини юзага чиқариш, ёшлар орасида ишбилармонлик муҳитини яратиш, касб-ҳунар эгаллашлари, иш билан бандлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорлик фаолиятларини бошлашларида кўмаклашиш мақсадида туманимиз ёшларининг туман ҳокими Султонбой Йўлдашев билан учрашуви бўлиб ўтди.

Шу йилнинг 22 ноябрь куни "Ватан  келажаги сенинг қўлингда!” шиори остида ўтказилган "Ҳоким ва ёшлар” мавзусидаги учрашув йиғилишида туман ҳокими, ҳоким ўринбосарлари, ҳокимлик масъул ходимлари, Давлат Солиқ инспекцияси, тижорат банклари бошқарувчилари, Академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ва шаҳар мактаблари директор ўринбосарлари, Академик лицей ҳамда касб-ҳунар коллежларининг битирувчи-ёшлари иштирок этдилар.

"Ҳоким ва ёшлар” учрашувида туман ҳокими Султонбой Йўлдашев "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Pеспубликаси Қонуни доирасида туманда олиб борилаётган ишларга кенг тўхталди.

Шунингдек, туман ҳокими бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоизини ёшлар ташкил қилишини, Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида йил сайин яшариб ва жуда тез ривожланиб бораётган давлат эканлигини таъкидлади.

– Дунё ҳамжамияти томонидан тараққиётнинг ўзига хос ўзбек модели сифатида эътироф этилган ҳавасларга  лойиқ ривожланиш тамойиллари бугун халқимизни ҳақиқий фаровонлик, бахт-саодат йўлига олиб чиқди, - деди у ўз сўзида. – Мамлакатимизнинг бундай юксалишида ёшларнинг ҳиссаси янада салмоқли. Чунки мустақилликнинг илк йиллариданоқ муҳтарам Биринчи Президентимиз ташаббуси билан ёшларга эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Мустақил Ўзбекистонда илк қабул  қилинган Қонунлардан бири ҳам "Ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонун бўлди. Ушбу Қонун асосида мамлакатимизда соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, ҳеч кимдан кам бўлмаган миллат ёшларини вояга етказиш борасида жуда катта миқёсдаги ишлар амалга оширилди. Чунончи, 2014 йил 6 февралда Биринчи Президентимизнинг "Ўзбекистон Pеспубликасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори асосида қабул қилинган Дастур доирасида ёшлар ҳаётига оид барча йўналишлар қамраб олинди. Ўзбекистон ёшлари, шу жумладан, туманимиз ёшлари ҳам барча соҳаларда юксак натижаларга эришдилар. Айниқса, илм-фан ва ижодда, спорт ва тадбиркорлик соҳаларида жаҳоннинг илғор ёшлари сафидан жой олмоқдалар. Туманимиз ёшлари 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Pеспубликаси Президенти сайловида фаол иштирок этишларига ишонаман.

Кун тартибидаги "Касб-ҳунар коллежи битирувчилари бандлигини таъминлаш тўғрисида”ги масала бўйича туман Бандликка кўмаклашиш маркази директори Акбар Хўжамуродов, "Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, фаолият кўрсатаётган тўгараклар самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги масала бўйича туман ХТМФМТТЭ бўлими мудири Озод Матмуродовлар маъруза қилдилар.

Маърузалар юзасидан бўлган музокараларда туман хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Аҳмедова, "Маҳалланинг ораста қизлари” кўрик-танловининг Ўзбекистон Pеспубликаси босқичи ғолиби, Амударё маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи 2-босқич ўқувчиси Муҳайё Йўлдошева, "Тадбиркор қизнинг энг яхши лойиҳаси – 2016” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Pеспубликаси босқичи ғолиби Гулнура Тўлибоевалар сўзга чиқишиб, мамлакатимизда, хусусан туманимизда ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ва шу имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда ўзлари эришаётган ютуқлар ҳақида гапирдилар.



Учрашув кун тартибида кўрилган масалалалар юзасидан савол-жавоблар бўлди. Ёшлар туман ҳокими С.Йўлдашевга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. Туман ҳокими ёшларнинг барча саволларига батафсил ва атрофлича жавоб берди.

Самимий мулоқотларга, мунозараларга бой тарзда ўтган "Ҳоким ва ёшлар” учрашуви якунида туман ҳокими С.Йўлдашев бир гуруҳ иқтидорли ёшларга совғалар топширди. Учрашув ёшларда катта таассурот қолдирди.

P.ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: