"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9411.3 +15.37
  • 1 EUR = 10421.1 +60.40
  • 1 RUB = 146.51 +3.04

ҚЎЙҚИPИЛГАН ҚАЛЪА – АЖДОДЛАPИМИЗНИНГ ЮКСАК АҚЛ-ЗАКОСИ НАМУНАСИ

Одатда биз ўзимиз умргузаронлик қилаётган курраи-замин инсоният тарихига оид не-не сир-синоатларни бағрида яшириб ётганини доимо ҳам ўйлайвермаймиз. Аслида аждодларимиз томонидан яратилган ва илмий изланишлар натижасида аниқланаётган қалъалар, обидалар, асори-атиқалар қадим-қадимдан ҳудудимизда шаҳарсозлик, ҳунармандлик, меъморлик, чорвачилик ва деҳқончилик юксак тараққий этганлигидан далолат беради.

Қорақалпоғистон Pеспубликасининг Тўрткўл шаҳридан 22 км. шимоли шарқда жойлашган, миллоддан аввалги IV асрларга оид Қўйқирилган қалъа ёдгорлигиҳам ота-боболаримизнинг юксак тафаккури ва ақл-закоси намунасидир.

Қалъа дастлаб таниқли археолог, олим Қорақалпоғистондаги қадимий обидаларни ўрганиш бўйича илмий изланишлар олиб бориб, кўплаб маълумотларни аниқлаган С.П.Толстов бошчилигидаги Хоразм археологик-этнографик экспедицияси аъзолари томонидан 1938 йилда топилган. Археологик тадқиқот ишлари эса 1951-1957 йилларда олиб борилган.

Қўйқирилган қалъа қурилиш услуби жиҳатидан ҳудуддаги бошқа тарихий қалъалардан бутунлай фарқ қилади. Яъни қалъа айлана шаклида қурилган. Уни ўраб турувчи мудофаа девори ортида қалъани эни 15 метр, чуқурлиги 3 метр сув билан тўлдирилган хандақ бўлган. қалъа деворининг мудофаа хусусиятини кучайтириш учун сиртидан яна девор билан ўралган.

Одатда миллоддан аввалги II-IV асрларда қурилган қалъалар деворларида шинаклар билан бирга ёруғлик тутиши учун туйнуклар қўйилган. Қўйқирилган қалъада эса қўшимча ёритиш учун тоқлардан фойдаланилганлиги диққатга сазовор. Қалъанинг шарқий қисмида дарвозаси бўлиб, дарвоза олди нишаб йўлка шаклида қурилганлиги меъмор нақадар юксак салоҳият эгаси бўлганлигини далиллайди.

Қалъа ичида диаметри 44,4 метр, баландлиги 9,5 метрга яқин ибодатхона ҳам бўлиб, у расадхона вазифасини ҳам ўтаган деган тахминлар илгари сурилган. Бу ердан қуёш ва юлдузларни кузатиш, йил мобайнида қуёш ботишини кузатиш орқали баҳорги ва кузги тенгкунликни, қуёш туришини аниқлаганлар ва бу ўз навбатида иқлим ўзгаришларини олдиндан аниқлаш, деҳқончилик ишларини шунга мувофиқ олиб бориш имконини берган.

Қўйқирилган қалъа археологик ёдгорлиги нафақат қадимгиХоразм ҳудудидаги, балки республикамиз ҳудудидан топилган ёдгорликлар орасида ўзига хос архитектурага ва осори-атиқаларга бойлиги билан ажралиб туради. Бу ердан топилган лойдан, тошдан, суякдан ясалган урчуқ учун ясалган айланма тошлар қалъа аҳолиси чорвачилик, хусусан, қўйчилик билан шуғулланганини, қўй жунидан ип йигириб, кийим-кечаклар, тўшамалар тўқилганини исботлайди. Шунингдек, ҳунармандлар тарафидан пичоқлар, уй-рўзғор буюмлари, тақинчоқлар ясалганиҳам маълум. Кўзалар сиртига турли нақш ва тасвирлар чизилганлиги Қўйқирилган қалъада иқтисодиёт ва маданият ривожланган, халқи чорвачилик, деҳқончилик ва балиқчилик қилиш орқали кун кечиришган, деган хулосага келишга асос бўлади.

Қўйқирилган қалъа археологик ёдгорлигини ўрганиш қадим аждодларимиз турмуш тарзини ўрганиш, тарихимизга янада чуқурроқ кириб бориш, улар яратган моддий ва маънавий меросдан баҳраманд бўлиш имконини беради. Зеро, аждодларимиз яратган маънавий меросни чуқур ўрганиш бизга ўзимизни, ўзлигимизни, қандай буюк инсонлар авлоди эканлигимизни англашимизга ёрдам беради.

Ойгул PАЖАБОВА,

www.amunews.uzвеб сайти мухбири.

(Фото - http://meros.ziyonet.uz)

Янгиликни бўлишинг: