"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9411.3 +15.37
  • 1 EUR = 10421.1 +60.40
  • 1 RUB = 146.51 +3.04

АГPАP СОҲА PИВОЖИ – ТЎКИНЛИК ОМИЛИ

Мамлакатимиз деҳқонлари мустақиллик туфайли ернинг ҳақиқий эгаларига айланди. Деҳқон ерга меҳр қўйиб, уни тўйинтирди, ер эса деҳқондан саховатини аямади.

Аграр соҳани ислоҳ қилиш, модернизациялаш, қишлоқ хўжалигига янги, замонавий тежамкор технологияларни кенг жорий этиш бўйича олиб борилган тизимли ишлар, фермерликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, қишлоқ жойларида мулкдорлар синфини шакллантириш  борасидаги сиёсат натижасида биз учун мутлақо янги бўлган, юқори технологияларга асосланган озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати ривожланди, дон экиладиган, полиз ва сабзавот экинлари экиладиган майдонлар кенгайтирилди.

Мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ муҳтарам биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг фермер хўжаликларини ташкиллаштиришга эътибор қаратгани туфайли бошқа соҳалар қаторида қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам бир қанча ижобий ютуқларга эришилди. Фермерлик ҳаракати йилдан-йилга ривожланаяпти. Фермерларнинг мамлакатимиз иқтисодиётига қўшаётган улушлари тобора ортиб бораётганлигини пахтачилик, ғаллачилик ва бошқа соҳаларда эришилаётган ютуқлар мисолида яққол кўришимиз мумкин.

Ерларнинг узоқ муддатли ижара мулки қилиб берилиши ва қишлоқда бозор муносабатларининг  жорий қилиниши фермер хўжаликларини шакллантириш ҳамда ривожлантиришнинг энг муҳим омили ҳамда асоси бўлди. Фермер хўжаликларининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдаги улуши 99,5 фоизни ташкил қилади.

Биринчи Президентимиз И.Каримовнинг саъй-ҳаракатлари билан фермерларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг эркин фаолият юритишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб бериш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Шу кунга қадар фермерларнинг ҳақ-ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама ривожлантириш мақсадида Презилентимиз ва ҳукуматимизнинг ўттиздан ортиқ Фармон ва қарорлари, ўнга яқин қонун ва 4 та Кодекснинг қабул қилингани ушбу фикримизни яққол исботлайди.

Мустақиллик йиллари давомида қишлоқ хўжалигида амалга оширилган иқтисодий ислоҳотлар натижасида жамоа хўжаликлари тугатилиб, уларнинг ўрнида фермер хўжаликлари ташкил этилди. Айни кунда Қорақалпоғистон Pеспубликасида 5430 та фермер хўжаликлари фаолият кўрсатмоқда. Шундан 3682 фермер хўжалиги пахта-ғаллачилик, 321 таси сабзавот ва полизчилик, 377 таси чорвачилик, 514 таси боғ ва узумчилик, 326 таси ғалла ва сабзавотчилик, 210 таси бошқа йўналишларда фаолият кўрсатишади.

Бу фермер хўжаликларига жами 288 минг 898 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, уларда ишловчи кишилар сони 12490 нафарни ташкил этади.

Жорий 2016 йилда Қорақалпоғистон Pеспубликасида кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш  бўйича манзилли Дастур қабул қилинди. Ушбу дастурга асосан Pеспублика бўйича жами 748 та фермер хўжаликларини кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантириш назарда  тутилган эди. Жорий йилнинг  июль ойига қадар 433 та кўп соҳали фермер хўжаликлари ташкил этилиб, улардан 429 тасига имтиёзли кредитлар ажратилди.

Мамлакатимизда ички бозорларимизни сабзавот, картошка, мева ва полиз маҳсулотлари билан йил мобайнида доимий таъминлаш, шунингдек, чет эл бозорларини ўтимли ва рақобатга чидамли бўлган  тоза мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспортга чиқаришнинг кўламини кенгайтириш ва турларини кўпайтиришда Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг 2016 йил 12 апрелдаги "Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини сотиб олиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори энг муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ушбу қарорнинг ижросини таъминлаш бўйича Қорақалпоғистон Pеспубликасида бир қанча ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг юқорида кўрсатиб ўтилган қарори асосида 2016 йил ҳосилидан бошлаб тоза мева ва қайта ишланган мева-сабзовот маҳсулотларининг "Ўзагроэкспорт” ихтисослашган ташқи савдо компанияси томонидан ташқи шериклар билан тўғридан-тўғри экспорт шартномалари, шунингдек, фермер ва деҳқон хўжаликлари, агрофирмалар ва қайта ишлаш корхоналари ўртасида тузилган шартномалар бўйича экспорт этилиши кенг йўлга қўйилмоқда.

Бундай тадбирларнинг амалга оширилиши аҳоли озиқ-овқат хавфсизлигини тўлиқ таъминлаш билан бир қаторда ноёб ва бетакрор бўлган маҳсулотларимизнинг экспорт ҳажмини бир неча баробар ошириш, мамлакатимизни дунё озиқ-овқат бозоридаги етакчи давлатлар қаторидан мустаҳкам ўрин эгаллашига имкон беради.

 

Алламберган ЖУМАНИЁЗОВ,

www.amunews.uz мухбири.
Янгиликни бўлишинг: