"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9411.3 +15.37
  • 1 EUR = 10421.1 +60.40
  • 1 RUB = 146.51 +3.04

ҚОPАҚАЛПОҚ БУЛБУЛИ – БЕPДАҚ

Ҳар йили мамлакатимизда  27 ноябрь куни қорақалпоқ элининг буюк шоири Бердимурот Қарғабой ўғли Бердақнинг таваллуд айёми кенг нишонланади. Хусусан, Қорақалпоғистоннинг шаҳар ва туманларида, маънавият ва маърифат масканларида бердақхонлик тадбирлари ўтказилади. Унинг шеър ва достонларидан намуналар ўқилади. Бердақ сиймоси ҳақиқий маънод наинки қорақалпоқ, балки бутун туркий халқларнинг ғурур ва ифтихори тимсолига айланган.

Тарихий маълумотларга кўра Бердақ 1827 йилда Оролбўйидаги Бўзатов тумани ҳудудида таваллуд топган. Болалигидан маърифатга, адабиётга меҳр қўйди. Қорақалпоқ халининг мақол ва маталлари, лапар ва достонларини қизиқиш билан ўрганди. Аввал овул мактабида, кейин ўша даврнинг йирик таълим масканларидан ҳисобланган Қорақум эшон мадрасасида  сабоқ олди. Диний ва дунёвий фанлар билан бирга Алишер Навоий, Абдураҳмон Фузулий, Абдулқодир Бедил, Фаридуддин Аттор, Махтумқули, Сўфи Оллоёр сингари  Шарқ мутафаккирлари ҳаёти ва ижодини астойдил ўрганди. Бердақнинг шеърларидан бирида   шундай мисралар бор:

"Чоркитоб”дан тура қочдим,

Навоийдан савод очдим,

Фузулийдан дурлар сочдим,

Дилёрларни излар эдим,

Бердақ ўз шеърларида халқининг бошига тушган мусибатларни очиқ-ошкора, сидқидилдан куйлай олган. У ўзининг "Ақимбет”, "Шажара”, "Ойдўс бобо”, "Амангелди”, "Ерназар бий”, "Хоразм” сингари  достонларида қорақалпоқ халқининг  ўн тўққизинчи асрдаги  ҳаёти, турмуш тарзини кўрсатиб бера олди. Унинг асарлари ўша даврда Оролбўйидаги мавжуд сиёсий вазиятни, маданий муҳитни  ўрганишда ҳам муҳим ўрин тутади. Бердақнинг "Муса бахшига” номли шеърида йигирмадан ортиқ халқ бахши ва оқинларининг номи тилга олинади. Мутахассисларнинг фикрича, Бердақнинг ўзи ҳам бахши бўлган, дутор чалиб, қўшиқ ва лапарлар, достон ижро этган.

Бердақ ижодидаинсонийлик, ватанпарварлик, олижаноблик сингари фазилатлар алоҳида ўрин тутади. У бутун умри давомида ўз юртдошларини илм-маърифатга, бирдамликка, ҳамжиҳатликка даъват этди. Мардлик,жасорат, матонатни тарғиб қилди.

Бердақ ижодини ўрганиш, қўлёзмаларини излаб топиш ишлари ўтган асрнинг 30-йилларидан кейин бошланган. Шундан сўнг унинг шеър ва достонлари аввал она тилида кейин бошқа бир қатор тилларда босилиб чиқди. Унинг ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганишга киришилди. Мамлакатимиз истиқлолга эришгач, Бердақ ҳаёти ва ижодига муносабат тубдан ўзгарди. 1998 йилда Юртбошимиз Фармонига биноан Бердимурот Қарғабай ўғли Бердақ таваллудининг  180 йиллиги кенг нишонланди. Бердақ номидаги Қорақалпоқ Давлат университети қошида Бердақ Миллий музейи ташкил этилди.

Ушбу музей бугунги кунда Қороқалпоғистондаги зиё масканларидан бири саналади. Айни пайтда бу ерда Оролбўйи халқлари тарихи ва адабиётига оид 3000 дан ортиқ экспонат сақланади. Улар орасида Бердақнинг нигоҳи тушган бир қатор нодир китоблар, қимматли қўлёзмалар, тарихий либослар, чолғу асбоблари алоҳида ўрин тутади.

2014 йилда музей хазинаси яна бир нодир экспонат билан бойиди. Бердақнинг бугунги авлодларидан бўлган Амангул Алланова буюк шоирга тегишли бўлган чопонни музейга келтириб берди. Маълумотларга қараганда Бердақ 57 ёшдалигида туғилган набираси Қоражоннинг бешиги устига эгнидаги чопонни ёпиб кетган экан.

Бу чопон авлоддан-авлодга ўтиб, бугунги кунга қадар етиб келган. Либос яхши сақланган.

Бердақ XIX асрда, Туркистон ўлкасидаги феодал хонликларда,ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаёт ниҳоятда оғир, мураккаб шароитларга тушиб қолган ва Ўрта Осиёни Pоссия босиб олган даврда яшади ва ижод этди. Шоир 73 йил умр кўрди, унинг қарийб ярим асрдан мўлроғини бадиий ижоддек машаққатли, масъулиятли, лекин шарафли ишга бағишлади. Авлодларга 20 минг мисрадан зиёд шеър, халқ ҳаёти ва курашининг турли даврларини бадиий шаклда кўрсатиб беришга бағишланган ўнга яқин йирик эпик достонларни мерос этиб қолдирди.

Бердақнинг таржимаи ҳолидан маълумки, у камбағал балиқчи оиласида туғилиб, ўсган. Тахминан 10 ёшларида ҳам ота, ҳам онадан етим қолган бўлғуси шоир талай йиллар бойлар эшигида кун кечиради. Бердақ яшаб, ижод эттан шароитда ўзбек, қорақалпоқ, туркман ва бошқа қардош халқлар орасида халқ китоблари кенг тарқалган эди. Қорақалпоқ    халқи орасидан чиққан айрим саводли кишилар, яъни «қиссахон»лар ҳар хил тўй ва маъракаларда «Тоҳир - Зуҳра», «Баҳром   -   Гуландом»,   «Қиссасул   анбиё»   каби   дунёвий,   ишқий-романтик    ёки    мифологик,   мифологик-афсонавий мавзулардаги асарларни  ўқиб   берар   эдилар.   Бердақ  ўз даврининг   саводли,   илғор кишиси   бўлганлиги   сабабли   унинг   бу   хилдаги   асарлардан   ҳам хабардор эканлиги  «Айралиқ-айралиқ»  радифли шеърида ўз ифодасини топган.  Айрилиқнинг жабри ёмон, Бошда ҳар кун охир замон, Баҳром- Гуландом шудостон, Ёмон айралиқ-айралиқ, «Айралиқ» шеъри яна шу жиҳатдан муҳимки, бу асар Бердақ ва ўзбек фолькл ори ўзаро муносабатларини анча ойдинлаштиришга асос бўла олади.

Бир сўз билан айтганда, Бердақ ижодий мероси нафақат ўзбек ва қорақалпоқ, балки барча туркий халқларнинг ҳам буюк маънавий бойлигидир.

(Фото - ijod.uz)

Янгиликни бўлишинг: