"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7790.2 +7790.00
  • 1 EUR = 8888.62 +8888.00
  • 1 RUB = 115.07 +115.00

НАЗАPХОН ОБОД ҚИШЛОҚҚА АЙЛАНАДИ

Мамлакатимизнинг барча шаҳар ва қишлоқлари истиқлол йилларида чинакам бунёдкорлик, қурилиш ва ободонлаштириш майдонига айланди. Бири-биридан кўркам ижтимоий соҳа объектлари, намунавий лойиҳадаги уй-жойлар, тадбиркорлик субъектларининг бинолари қад ростлади.

Аммо, қишлоқларимизни янада обод қилиш учун фақат иморат қуришнинг ўзигина етарли эмас. Нафақат шаҳарларимизда, балки қишлоқларимизда, олис овул ва маҳаллаларимизда ҳам аҳоли учун барча қулайликларга эга савдо ва хизмат кўрсатиш марказлари, дам олиш ва истироҳат масканлари фаолиятини йўлга қўйиш, чекка-чекка ҳудудларда жойлашган аҳоли пунктларига ҳам ижтимоий инфратузилма ва коммуникациялар кириб боришига эришиш бугунги кун талабидир.

Президентимизнинг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ дастури тўғрисида”ги Фармони бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда, тизимли асосда ташкил қилишда муҳим дастуриламал бўлиши шубҳасиз.

Чиндан ҳам, Фармонда таъкидланганидек, мамлакатимиз аҳолисининг 49 фоизи яшайдиган қишлоқ жойларда салмоқли демографик, меҳнат ва иқтисодий салоҳият жамланишига қарамасдан, аҳолининг ҳаётий-маиший эҳтиёжлари тўлиқ таъминланмасдан келаётгани бор ҳақиқат.

Эндиликда жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб республиканинг ҳар бир тумани ва шаҳарида, авваламбор, олис ва табиий иқлим шароити оғир ҳудудларда 2018 йилда 2 тадан ва келгуси йилларда 3 тадан қишлоқ (маҳалла)ларда аҳолининг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш тарзи ва даражасида сезиларли ижобий ўзгаришларни таъминлашга, мазкур қишлоқ (маҳалла)ларнинг қиёфасини замонавийлаштиришга ва унда истиқомат қилувчилар учун иш ўринларини яратишга қаратилган “Обод қишлоқ” дастури амалга оширилади. Бу ишларни бажариш учун Қорақалпоғистон Pеспубликаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузурида “Обод қишлоқ” жамғармалари тузилади.

Президентимизнинг мазкур Фармони асосида туманимизда ҳам амалий ишлар бошлаб юборилди. Жумладан, 2018 йил 2 апрель куни туман ҳокимининг 261-сонли қарори қабул қилинди. Қарор билан “Обод қишлоқ” дастурининг 2018 йил учун мўлжалланган мақсадли параметрлари ҳамда дастур доирасида туманда 2018 йилда амалга ошириладиган қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг асосий ва молиявий кўрсаткичлари ҳамда дастурни амалга ошириш учун туман ҳокимлиги ҳузуридаги махсус штаб таркиби тасдиқланди. Шунингдек, дастурнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш бўйича туман ҳокимлиги ҳузуридаги туман комиссияси ҳам тузилди.

Жорий йилда туманимизнинг энг чекка ҳудудидаги Назархон овулида ҳамда Қипчоқ шаҳарчасида “Обод қишлоқ” дастури доирасида кенг кўламда қурилиш ва таъмирлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш белгиланди.

Ўтган қисқа фурсат ичида дастурга киритилган аҳоли пунктлари хатловдан ўтказилиб, улардаги мавжуд уй-жойлар, бино ва иншоотлар, инфратузилма объектлари, йўл-транспорт ва муҳандислик коммуникацияларининг техник ҳолати ўрганиб чиқилди. Ўрганишлар асосида ушбу объект ва иншоотларни қайта қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди ва бу бўйича ишлар бошлаб юборилди.

Бугунги кунда тезкор махсус штаб дастур доирасида ҳар иккала аҳоли пунктида тумандаги ташкилотлар билан биргаликда амалга оширилиши мўлжалланаётган кенг кўламли ишларни ташкил этиш ва бошқариш юзасидан узлуксиз фаолият олиб бормоқда. Ҳозирда мазкур дастур доирасидаги ишлар ҳашар ва хўжалик усулида бажарилмоқда. Ишчи гуруҳ аъзолари уйма-уй юриб, шахсий мулк эгаларига архитектура, санитария ва техник талаблар асосида ўз уй-жойини сақлаш қоидалари ҳақида маълумотлар, зарур ҳолларда огоҳлантириш ва тавсиялар бермоқда.

Шунингдек, аҳоли томорқасидан унумли фойдаланиш, ер ва мол-мулк солиқларини ҳамда кўрсатилган коммунал хизматлар учун тўловларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича ҳам суҳбатлар ўтказилмоқда.

“Обод қишлоқ” дастури доирасида Назархон овулида ҳам кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилади. Овулга кириш жойига замонавий автобекат қуриш ва атрофини ободонлаштириш, овулдаги пахта қабул қилиш маскани, сув тақсимлаш иншооти, ММТП устахонаси, дўконлар ва маиший хизмат кўрсатиш биноларини, “Назархон теплица” МЧЖга қарашли иссиқхона, овулга кираверишдаги “Кўкдарё” аҳоли пунктида янгидан қурилган 49 та турар жойларни таъмирлаш ва томларини профнастил билан ёпиш, шунингдек, марказий кўча бўйидаги тураржойларни таъмирлаш, бўяш, атрофини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари шулар жумласидандир.

Овулдаги 3-сонли умумтаълим мактаби ва 10-сонли МТМ, ҚВП биноларини таъмирлаш, овул марказида янги бозорча қуриш орқали эса аҳолининг деярли барча қатламларига кўрсатилаётган тиббий ва ижтимоий хизматлар сифатини янги босқичга олиб чиқиш режалаштирилган.

Туман ҳокимлиги томонидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасига асосан Назархон овули марказига борувчи катта йўл бўйидаги ва марказдаги барча коллекторлар тозаланади, янгидан барпо этилган аҳоли пункти томорқаларини сув билан таъминловчи ариқлар қазилиб, мавжудларида тозалаш, атрофини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилади.

Шунингдек, овулдаги қатор фермер хўжаликлари ҳудудини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, ариқларини тозалаш, дарахтларга шакл бериш, тартибга келтириш, янгидан дала шийпон, молхона ва товуқхона, ювиниш хоналари ва ҳожатхона қуриш каби ишлар ҳам яқин вақт ичида амалга оширилади.

Коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари томонидан овулнинг марказий кўчасидаги табиий газ қувурлари ва газ тақсимлаш пунктлари тартибга келтирилиб, марказий кўчадаги электр устунлари бетон устунларга алмаштирилади. Назархон нимстанцияси таъмирланиб, йўл бўйига тунги ёритгичлар ўрнатилади.

Энг муҳими, “Обод қишлоқ” дастурига киритилган қишлоқ аҳоли пунктларида янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ишлари янгича сифат ва суръатда амалга оширилади.

Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан бошланган бу каби кенг кўламли ишларнинг тўлиқ амалга оширилиши мамлакатимиздаги овул ва маҳаллаларни янада обод қилиш, қурилиш ва бунёдкорлик ишларини изчил давом эттириш, қишлоқларимиз қиёфасини тубдан янгилаш орқали аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратишга хизмат қилади.

Улуғбек ПОЛВОНОВ,

туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш,

коммуникациялар ва коммунал хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари.

Янгиликни бўлишинг: