"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7790.2 +7790.00
  • 1 EUR = 8888.62 +8888.00
  • 1 RUB = 115.07 +115.00

“Оммавий китобхонлик ойлиги” эълон қилинди

“Тараққиёт кўзгуси” газетаси таҳририяти ва “Жайхун илҳомлари” нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамкорлигида шу йил 20 апрелдан 20 майгача “Оммавий китобхонлик ойлиги” эълон қилинди.

Ойлик 20 апрель куни Дўрман овулидаги 20-сонли мактабда ўтказилган тадбир билан бошланди.

Айтиш керакки, ойлик доирасидаги тадбирларнинг дастлабкиси – кутубхона китобларидан иборат “Сайёр китоб карвони” лойиҳасидир. Бунда мактаб ўқувчилари, бошқа иштирокчилар ўзларини қизиқтирган мавзудаги китоблар билан танишадилар ҳамда кутубхонага аъзо бўлиб, унинг хизматидан фойдаланишлари мумкин.

Шунингдек, лойиҳа доирасида тумандаги китоб дўконлари билан ҳамкорликда “Кўчма китоб дўкони” ташкил қилиниб, “Энг яхши совға – китоб” акцияси ўтказилади. Акция доирасида тумандаги китоб савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлар таълим муассасаларига бориб, маҳсулотларини ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари эътиборига ҳавола қиладилар.

Ойлик доирасида “Кутубхонага китоб совға қиламан” хайрия акциясини ўтказиш ҳам белгиланган. Бунда туманимизнинг ҳар бир фуқароси кутубхона китоб фондини бойитишдек савобли ишга ҳисса қўшиб, шахсий кутубхонасидан китоблар совға қилиши мумкин. Ўз навбатида бу китобларни кутубхона аъзолари бўлмиш юзлаб китобхонлар ўқишлари мумкин бўлади. Энг муҳими, кутубхонага 10 та ва ундан ортиқ китоб совға қилган мурувватли кишилар “Тараққиёт кўзгуси” ва “Менинг оилам” газеталарига 2019 йил учун бепул обуна қилинади, уларнинг номи газетада ва Амударё телевидениесида эълон қилинади.

Ойлик доирасида ёшларнинг дунёқарашини, уларнинг китобхонликка бўлган муносабатини ўрганиш мақсадида таълим муассасаларида ижтимоий сўровномалар ҳам ўтказилиши режалаштирилган.

Ойлик якунида эса 9-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида катта тадбир ўтказилиб, унда Қорақалпоғистон Pеспубликаси ва Хоразм вилоятларида яшаб ижод қилаётган таниқли ёзувчи ва шоирларнинг ёшлар билан учрашув ташкил қилинади.

Китоб мутолаасига қизиққан, фарзандларини комил инсонлар бўлиб етишишини истаган барча юртдошларимизни тадбирларда фаол иштирок этишга таклиф қиламиз. Зеро, китоб – энг яхши дўст, энг яхши суҳбатдош, ҳаёт дарсини ўргатувчи устоздир. Умид қиламизки, “Оммавий китобхонлик” ойлиги китоб ўқишга кенг аҳолини, айниқса, ёшларни янада кўпроқ жалб қилишда, уларнинг маънавиятини янада юксалтиришда муҳим қадам бўлади.

Янгиликни бўлишинг: