"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7787.81 -26.42
  • 1 EUR = 9100.06 -76.86
  • 1 RUB = 124.54 -0.19

Амударё туманида Ёшлар куни кенг нишонланмоқда

Бугун - 30 июнь куни Манғит шаҳридаги маданият ва истироҳат боғида Ёшлар куни муносабати билан катта тадбир бўлиб ўтмоқда.

Байрам дастури доирасида дастлаб “Ёшлар қабулхонаси” консультация соатлари ташкил қилинди. Тадбирдан кўзланган мақсад – ёшларни қийнаётган турли муаммоларга барҳам бериш, уларни ўйлантираётган масалаларга ечим топиш ва саволларга жавоб бериш орқали ёшларнинг жамиятимизнинг фаол аъзосига айланишига кўмаклашишдир.

Истироҳат боғида китобхон ёшлар учун ҳам турли викториналар, кўргазмалар ташкил қилинмоқда. “Тараққиёт кўзгуси” газетаси таҳририяти ва “Жайхун илҳомлари” нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамда туманимиздаги китоб дўконлари ташаббуси билан ташкил қилинган китоблар кўргазмаси ёшларда катта таассуротлар қолдирди.

Тадбирга туман ҳокими ва барча секторлар раҳбарлари ташриф буюриб, ёшлар билан учрашди. Фан ва таълим, маданият ва спорт соҳасида улкан натижаларга эришган ёшларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Санъаткорлар иштирокида ўтказилган концерт дастури эса барчага кўтаринки кайфият бағишлади.

Бундан ташқари, турли ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил қилинган меҳнат ярмаркалари ҳам ёшларни бўш иш ўринлари билан таништирибгина қолмасдан, уларнинг касб танлаши, ўз иқтидор ва истеъдодини она Ватан равнақи йўлида сафарбар қилишларида бир восита бўлди.

Дастур доирасида ёш дизайнерлар томонидан ишланган либослар кўргазмаси ҳамда ёш рассомлар ва ҳунармандлар галереяси намойиш қилинади. Миллий ўйинлар ва ўзбек жанг санъати билан шуғулланувчи спортчиларнинг чиқишлари ҳам ёшларга кўтаринки руҳ бағишлаши шубҳасиз.

Байрам томошалари кечгача давом этади.

Веб-сайтимизнинг Telegram'даги каналини кузатиб боринг!

 

Янгиликни бўлишинг: