"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8271.27 +21.03
  • 1 EUR = 9374.66 -18.59
  • 1 RUB = 121.79 -3.67

КИТОБХОН ЁШЛАP ТАНЛОВИ: ЎЗ ИҚТИДОPИНГНИ, САЛОҲИЯТИНГНИ НАМОЁН ҚИЛ!

Мамлакатимизда жамият ҳаётида эзгу қадрият ва анъаналарни чуқур қарор топтиришга, хусусан, халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг маънавий интеллектуал салоҳияти, онг ва тафаккури, дунёқарашини юксалтириш, уларнинг қалбида она Ватанимизга ва халқимизга муҳаббат ва садоқат туйғусини кучайтириш, баркамол шахсни тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга бўлган китобхонлик маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Улуғ аждодларимизнинг ақл-заковати ва бадиий иқтидори туфайли яратилган адабиётлар, ҳозирги ўзбек ва жаҳон адабиётининг дурдона асарлари билан ёшларни яқинроқ таништириш мақсадида ўтказилган “Ёш китобхон” танловида 250 минг нафарга яқин ёшлар иштирок этиб, ўз иқтидорларини намоён этишди. Мазкур танлов ёшлар орасида китобхонлик маданияти ошишига сезиларли таъсир ўтказди.

Шу борадаги саъй-ҳаракатларни янги босқичга кўтариш мақсадида шу йилнинг 12 майида Ўзбекистон Pеспубликаси Президенти “Буюк алломалар, адиб ва мутафаккирларимиз ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида ёшлар ўртасида китобхонлик танловларини ташкил этиш тўғрисида” қарор қабул қилди.

“Ёш китобхон танловини ўтказиш тартиби тўғрисида” қабул қилинган Низомга мувофиқ танлов учта ёш тоифаси бўйича алоҳида-алоҳида тартибда яъни 10 ёшдан 14 ёшгача бўлган, 15 ёшдан 19 ёшгача бўлган, 20 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар орасида ўтказилади.

Танлов тўрт босқичда ўтказилади. Биринчи босқич танловнинг аризалар қабул қилиш ва саралаш босқичи бўлиб, унда танловда иштирок этиш истагини билдирган ёшлардан аризалар қабул қилинади ва улар тест синови асосида саралаб олинади. 86 ва ундан юқори балл тўплаган иштирокчилар кейинги иккинчи босқичда қатнашиш  ҳуқуқини қўлга киритишади.

Танловнинг иккинчи босқичи ҳар йили июль ойида туман, шаҳар миқёсида 2 та шарт бўйича ўтказилади. Бунда иштирокчиларнинг иқтидори “Ўзбек адабиёти билимдони”, “Жаҳон адабиёти билимдони” шартлари бўйича, танловнинг учинчи-ҳудудий босқичи “Буюк мутаффаккир ва адиб”, “Бадиий асарлар билимдони” ва ниҳоят якуний Pеспублика босқичида эса  “Ўзбек адабиёти билимдони”, “Жаҳон адабиёти билимдони” “Буюк мутаффаккир ва адиб”, “Шеърият” каби 4 та шарт бўйича аниқланади.
Танловнинг маҳаллий, ҳудудий босқичлари ғолиблари ҳам муносиб тақдирланади. Pеспублика босқичининг уч тоифаси ғолиблари ҳам “Президент совғаси” – енгил автомобиль, диплом, “Ёш китобхон” статуэткаси билан тақдирланади. Иккинчи, учинчи ўринни эгаллаганларни ҳам муносиб совғалар кутмоқда.

Азиз туманимиз ёшлари!

Сиз китобхонмисиз? Бу борада ўз иқтидорингизни “Ёш китобхон” танловининг 12-14 июль кунларида бўлиб ўтадиган туман босқичида синаб кўринг ва ғолиб бўлишга интилинг!

Ғолиблик мукофотлардан ташқари ўз-ўзингизга ишончингиз ортишига, ҳаётда ўз ўрнингизни топишингизга маънавий рағбат бўлиши шубҳасиз.

Танловнинг якуний босқичи ғолиблари сафида амударёлик ёшлар ҳам бўлишини тилаб қоламиз.

ОЙГУЛ PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: