"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8271.27 +21.03
  • 1 EUR = 9374.66 -18.59
  • 1 RUB = 121.79 -3.67

Оломоннинг ноқонуний “жазо”си

Тарихдан маълумки, жиноятчилар – салтанат, дин ёки жамият қонун-қоидаларига зид иш қилганлар кўпинча омманинг олдида жазоланган.  Айбдор ёки жиноятчини дорга осиш, тошбўрон қилиш, калтаклаш ва бошқа жазолар шариат ёки салтанат мутасаддиларининг буйруғи билан, баъзан эса халқ қаҳр-ғазабининг ифодаси сифатида кўпинча элнинг кўзи олдида амалга оширилган.

Орадан йиллар ўтиб, замон ўзгарди, демократик давлат ва фуқаролик жамияти шаклланиб, жиноятчини қўлга олиш, тергов қилиш, судлаш ва жазолаш билан махсус органлар шуғулланадиган бўлди.

Яқинда ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистон Pеспубликасининг Беруний туманидаги Шаббоз деҳқон бозорида ўғриликда гумон қилинган йигитни бозорнинг дарвозасига қўлидан осиб қўйгани тасвирланган видеони кўриб, ўша ўрта асрлардаги воқеалар эсимизга тушади...

Видеодан маълум бўлишича, бир йигит ўғирликда гумон қилинаётган яна бир йигитнинг қўлидан арқон билан бозорнинг дарвозасига осиб қўяди. Ёнидаги бир гуруҳ оломон эса воқеани тасвирга олиш билан банд. Кимдир “Шеригинг қани”, “Уйинг қаерда” каби саволлар бериб, “ўғри”ни “тергов” қилмоқда.

Миллий қонунчилигимизда  “айбсизлик презумпцияси” деган тушунча бор. Бу – айбдорнинг жинояти қонуний тартибда исбот қилинмагунча уни айбсиз деб фараз қилиш демакдир. Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади.

Наҳотки шу воқеага гувоҳ бўлган кимсалардан бири бу ишнинг ноқонуний эканлигини, аксинча, “ўғри”ни ўзбошимчалик билан жазолаётганлар Ўзбекистон Pеспубликаси Жиноят кодексининг 229-моддасида кўрсатилган жиноятни (Ўзбошимчалик) содир қилаётганини, қонун олдида жавоб беришларини билмаса, тушунмаса? Ундан кўра, ўғирлик қилишда гумонланувчини ҳуқуқ-тартибот идоралари топшириш лозим экани наҳотки ҳеч кимнинг эсига келмаса?

Биз бу билан ўғирликда гумон қилиниб, қўлидан осилган йигитни оқламоқчи эмасмиз. Тегишли тартибда, ваколатли органлар томонидан унинг мазкур жиноятни содир этган ёки этмаганлиги терговда ўрганиб чиқилиб, агар айбдорлиги исботланса, қонун олдида жавоб берар. Аммо, қонунни билмаган, ҳурмат қилмаган ўзбошимча оломон эртага бошқа жиноятчини, бошқа жойда, қўлидан эмас, бўйнидан осмайди, деб ким кафолат беради?

Қолаверса, бу видеони кўрган халқаро жамоатчилик қандай муносабат билдиради? Бир гуруҳ оломоннинг ҳуқуқий савияси пастлиги, қонун-қоидани билмаслиги ёки ҳиссиётларини жиловлай олмаслиги оқибатида халқимизнинг, ҳуқуқ-тартибот органларининг обрўси тўкилмаслигига ким кафолат беради?

Шундай экан, бу каби воқеалар такрорланмаслиги учун ҳуқуқий тарбияни кучайтириш керак, ҳар қандай жиноят (шу жумладан жиноятчини ўзбошимчалик билан жазолаш ҳам) жазосиз қолмаслигини одамларимиз тушуниб етиши керак.

Ғ.Ешниёзов

Янгиликни бўлишинг: