"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9455.24 +21.66
  • 1 EUR = 10438.6 +84.00
  • 1 RUB = 147.25 +1.25

Наврўз нафаси

Ҳаётда гоҳ ўзиб, кечикканимда,

Ташвишлар комида ғам чекканимда.

Армонларга тутқун, тиз чўкканимда,

Онамни соғиниб, ичикканимда –

Бир сиқим тупроқда туяман ифор –

Ватанга кўк солиб келганда Баҳор!

Аму соҳилларин кезаман яёв,

Майсаранг сўқмоқлар кўнглимга суёв.

Анов тўлқинларда бир куч бор – даёв,

Ўшал куч ёндирар Дарёни! Лов-лов!

Кўнгиллар тўлғониб чекади озор –

“Орол!” – деб дарёга чўкканда Баҳор!

Юртда иш палласи – қизғин жараён,

Дунё нигоҳида ҳар тараф, ҳар ён.

Дарёсин йўқотган қирғоқлар гирён,

Тузлар бўҳронида дийдирар осмон...

Дилларда юксалар Ватан деган ор –

Мўйноқ томонларда кезганда Баҳор!

Оқибат, муҳаббат – баридан ғолиб,

Кўнгиллар-кўнгилга талпинар ёниб.

Ҳар дилга баҳорий жаранглар солиб,

Орол бағри борар яшил ранг олиб.

Меҳрдан сув ичиб унар ўрмонзор –

Шу ердан бошланар Ватанда Баҳор!

Ахир бу ерларга кўчган бугун Халқ,

Бугун ўзи Дарё, ўзи Денгиз – Халқ.

Шовуллаб турганин кўрдингизми, нақ

Уммондай Оролни тўлдирганин Халқ!

Бунда она халқим тун-у кун бедор,

Наврўз завқин олиб кезади Баҳор!

Қумрилар жуфтлашиб учдилар бу дам,

Ин қурмоқ жазмида чағалайлар ҳам.

Меҳнат майдонида бўлиб жам-ул- жам,

Ерга уруғ қадар Ҳазрати Одам!

Она табиатга меҳри устувор

Инсонлар қалбида уйғонди Баҳор!

Бугун кўнглим менинг осмон кабидир,

Она халқим ғаний, халқим – набидир.

Фарзандлари унинг илми кавийдир,

Тинчлик, фаровонлик – эл матлабидир.

Ер-у осмонлари гўзал, бетакрор

Юртимни соғиниб келади Баҳор!

Аму сувин ичган улуғ элларда,

Ерўчоқлар қурдик маҳаллаларда.

Мўйноқ, Орол томон элтар йўлларда,

Наврўз нафаси бор қир-у чўлларда

Сумалак сайлига кўнгиллар хумор –

Ҳар уйга кўк териб киради Баҳор!

Pобия ЙЎЛДОШЕВА

Янгиликни бўлишинг: