"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9384 +323.00
  • 1 EUR = 10393.7 +300.90
  • 1 RUB = 140.14 +1.53

ФАХPИЙЛАPГА СИФАТЛИ ТИББИЙ ХИЗМАТ КЎPСАТИЛМОҚДА

Туманимизда 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган фахрийлар саломатлиги туман Тиббиёт бирлашмаси қошидаги кўптармоқли поликлиника ва қишлоқ оилавий поликлиникалари томонидан доимий назоратга олинган бўлиб, ҳудудларга бириктирилган шифокорлар деярли ҳар куни уларнинг хонадонларига бориб, аҳволидан хабардор бўлиб туришади.

Манғит шаҳрининг Навоий номли маҳалласи, Гулистон кўчаси, 34-уйда истиқомат қилувчи Собир Нуруллаев 1924 йилда таваллуд топган. Ҳозирги кунда отахон 95 ёшдалар. Собир  Нуруллаевга кўптармоқли марказий поликлиника томонидан сифатли тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Умумий амалиёт шифокори Pаъно Тожибоева ҳамда патронаж ҳамшираси Насиба Ўрозбоевалар томонидан патронаж тизимига олиниб, ҳар куни соғлиги тиббий текширувдан ўтказилади ва аниқланган касаллиги бўйича зарур дори-дармонлар билан мунтазам таъминланиб борилади.

Қипчоқ овулининг Истиқлол кўчаси, 12-уйда яшовчи Ўтамурод ота Бозорбоевга эса 1-сонли Қишлоқ оилавий поликлиникаси шифокори Pаънохон Тоирова ҳамда патронаж ҳамшираси Гулшод Ешчоновалар бириктирилган.

Туманимизнинг “Боғ” маҳалласи, Бўстонлиқ мавзесидаги Манғит кўчаси, 74-уйда истиқомат қилувчи Йўлдош Ортиқовнинг саломатлиги ҳам кўптармоқли марказий поликлиникаси томонидан патронаж тизимига олинган. Отахоннинг соғлиги шифокор Муҳаббат Бобожонова ва патронаж ҳамшираси Феруза Олланиёзовалар томонидан доимий текширувдан ўтказилади ва зарур пайтда муолажалар белгиланиб, марказий поликлиника томонидан дори-дармонлар билан мунтазам таъминланиб борилмоқда.

Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари бўлган бу отахонлар яқин ўтмиш тарихимизнинг тирик гувоҳлари. Уларнинг халқимиз учун қилган буюк хизматлари олдида барчамиз бирдай қарздормиз ва саломатликлари учун масъулмиз. Шу боис, туманимизда яшовчи уч нафар Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари саломатлиги шифокорларимиз томонидан қатъий белгиланган режа асосида патронаж тизимига олинган ва ҳар куни саломатлиги тиббий текширувдан ўтказилади. Тор доирадаги шифокорлар томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, тез-тез қон ва пешоб таҳлиллари текширилади ва зарур ҳолатларда қўшимча муолажалар белгиланади.

Айни пайтда туманимиздаги уч нафар  Иккинчи жаҳон уруши фахрийларининг саломатлиги қониқарли, улар ўзларини яхши ҳис қилишмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, отахонларни ва туманимиз аҳолисини 9 май – Хотира ва қадрлаш куни билан чин дилдан табриклайман. Халқимиз бахтиёр, осмонимиз мусаффо, Ватанимиз ҳамиша тинч бўлсин.

Шукурулла БОЛТАБОЕВ, туман кўп тармоқли поликлиникаси мудири.

Янгиликни бўлишинг: