"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9455.24 +21.66
  • 1 EUR = 10438.6 +84.00
  • 1 RUB = 147.25 +1.25

ИҚТИСОДИЁТГА ХОPИЖИЙ САPМОЯЛАPНИ ЖАЛБ ҚИЛИШ-ДОЛЗАPБ МАСАЛА

Маълумки, мамлакатда тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш учун энг қулай инвестиция муҳитини шакллантириш мақсадида иқтисодиётни либераллаштириш, давлат бошқарувини ислоҳ қилиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.  Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашувни чеклаш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини қисқартириш, соддалаштириш, товарлардан эркин фойдаланишни таъминлаш ва ҳудудларда зарур инфратузилмани яратиш борасида ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилмоқда.

Бу борада Президентимизнинг 2019 йил 17 январдаги Фармони билан «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Pеспубликасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури» тасдиқланди. Ушбу давлат дастури иқтисодиётни ривожлантириш ва инвестицияларни фаол жалб этиш соҳасида макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, соғлом рақобат учун зарур шароитларни яратиш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш, иқтисодиётда давлат иштирокини жиддий равишда камайтириш, юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, «хуфёна» иқтисодиётга қарши курашиш ва унинг улушини кескин қисқартириш, валюта сиёсатини эркинлаштиришни давом эттиришга қаратилганлиги билан ҳам ғоятда муҳимдир.

Ундан ташқари, Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида Президентимизнинг «Pеспублика иқтисодиётига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори ҳам қабул қилинди. Мазкур қарор билан эндиликда кимё ва нефть-газ саноати, машинасозлик соҳасидаги хўжалик юритувчи субъектлар, банк-суғурта ташкилотлари устав капиталларидаги давлат акциялар пакетларини сотиш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш учун тайёр инвестиция таклифларини ишлаб чиқиш, инвестиция ва бизнес форумлар, тақдимотлар («Road Show») ва маркетинг компаниялари имкониятларидан кенг фойдаланиш, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича устувор йўналишларни ташкил этиш назарда тутилмоқда.

Қарор билан инвесторларга, шу жумладан хорижий инвесторларга ҳам сотиш учун таклиф қилинадиган хўжалик жамиятларининг устав капиталларидаги давлат акциялар пакетларининг ҳамда белгиланган тартибда сотиладиган давлат активларининг рўйхатлари тасдиқланди. Қорақалпоғистон Pеспубликаси бўйича мазкур қарор билан тасдиқланган маҳаллий ва хорижий инвесторларга сотиш учун таклиф қилинадиган хўжалик жамиятларининг устав капиталларидаги давлат акциялар пакетларининг рўйхатида «Қўнғирот сода заводи» МЧЖ, белгиланган тартибда сотиладиган давлат активларининг рўйхатида эса, «Турон Хожейли» АЖ ва «Ёғгар Беруний» АЖлари белгилаб берилганлигини алоҳида қайд этиб ўтиш ўринлидир.

Айтиш мумкинки, мамлакатимизда иқтисодий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Pеспублика иқтисодиётига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш фаолияти самарадорлигини оширади. Шу билан бирга хорижий инвесторларни мамлакатимиз имкониятлари ва салоҳияти тўғрисида хабардор қилиш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ўзлаштириш соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштиришни яхшилашга хизмат қилади.

Элмурод Турсунов, Қорақалпоғистон Pеспубликаси адлия вазири ўринбосари.

Янгиликни бўлишинг: