"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9411.3 +15.37
  • 1 EUR = 10421.1 +60.40
  • 1 RUB = 146.51 +3.04

9-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабининг ҳисобот концерти ўтказилди

Туманимизда ажиб бир маданият маскани бор. Бу масканда маънавият юксак тутилади, ахлоқий, инсоний қадриятлар ҳамма нарсадан улуғ саналади. Шу боис, бу даргоҳга қадам қўйишингиз билан қалбингизда гўзал туйғулар жунбушга келади. Мўъжазгина синфхоналардан таралаётган мусиқий оҳанглар вужудингизга руҳий тетиклик бахш этаётганини ҳис этасиз, қалбингиз тозаради, ҳавас ва ҳайратлар оғушида санъат деб аталмиш дориломон олам сеҳрига чулғанасиз. Қалбингизга соҳир туйғуларни бахш этаётган жажжи болажонларнинг соз тутган қўлларидан ўпгингиз, бошларини силаб, олқишлагингиз келади. Уларнинг иқтидоридан, орзулари йўлидаги интилишларидан, изланишларидан кўнглингиз тоғдай юксалади.

Бу - 9-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби. Бу шунчаки оддий билим маскани  эмас, унинг бағрида истеъдодлар камол топади, катта санъат сари имкон эшиклари очилади бу даргоҳда. Мана, 51 йилдирки, мактаб педагогика жамоаси халқимиз фарзандларини маънавият сари етаклаб, уларга мусиқий таълим-тарбия ва тасвирий санъат сирларидан сабоқ бериб келмоқда. Болаларга мусиқа ва санъат таълимини бериш учун шарт-шароитлар, имкониятлар етарли бўлмаган шароитда, бундан 51 йил олдин ўз фаолиятини бошлаган мазкур илм даргоҳидан учирма бўлган илк ўқувчилари бугун маданият ва санъат соҳасининг фидойиларига, ардоқли устозларига айланишган. Йиллар давомида 9-сон мусиқа ва санъат мактабини турли йўналишлар бўйича тугатиб, таълимни олий ўқув даргоҳларида давом эттирган, ўз соҳаларининг фидойиларига айланган эл севган санъаткорлар, устоз-мураббийлар ҳисобсиз. Муҳими, уларнинг жуда кўпчилиги санъат ва маданиятимиз дарғаларидир.

Мусиқа ва санъат мактаби педагогик жамоаси ва ўқувчилари учун мустақиллик даври чинакам ижодий юксалиш йиллари бўлди, 1990 йилда барча қулайликларга эга замонавий кўркам ва шинам мактаб биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди. 150 ўринга мўлжалланган замонавий концерт зали, ҳар бир йўналиш бўйича махсус жиҳозланган синф хоналари, ёғоч ўймакорлиги, метал билан ишлаш, ганчкорлик, тасвирий санъат, ҳайкалтарошлик бўйича зарур анжомлар билан таъминланган мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари ҳар йили бўлиб ўтадиган турли мусиқа ва санъат фестиваллари ҳамда нуфузли кўрик-танловларнинг  энг фаол иштирокчиларигина эмас, балки ғолиб ва совриндорларига айланишди.

Айни пайтда мазкур илм масканида 11 та йўналиш бўйича 257 нафар ўқувчи-ёшларга мусиқий ва санъат таълими берилади. Ҳар битта йўналиш бўйича болаларнинг чуқур билимга эга бўлишлари учун 39 нафар малакали мутахассис ўқитувчилар масъул. Синфхоналари 10 та форьтепиано, 2 та рояль, етарли даражада торли-камонли ва пуфлаб чалинадиган мусиқий асбоблар билан тўлиқ таъминланган. Баянь-аккордеон, халқ чолғулари, анъанавий хонандалик, эстрада, тасвирий санъат, хореография, театр санъати йўналишларида таҳсил олаётган ўқувчи-ёшлар орасида нафақат Қорақалпоғистон, балки Ўзбекистон Pеспубликаси миқёсидаги кўрик-танловлар ғолибларининг борлиги қувончли.

30 май куни мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчилари ва ўқувчилари учун ҳаяжонли лаҳзаларга бой бўлди. Шу куни 11 та йўналиш бўйича таҳсил олаётган ўқувчилар 2018-2019 ўқув йилида ўзлари эришган ютуқларни сарҳисоб қилдилар. Мактаб ҳовлисида ташкил этилган тасвирий санъат йўналиши ўқувчиларининг ижодий ишлари ҳақида ҳикоя қилувчи кўргазма нафақат уларнинг ота-оналари, балки ҳисобот концерт дастури меҳмонларида ҳам катта таассурот қолдирди.

Ҳисобот концерт дастуридан ўрин олган театрлаштирилган саҳна томошалари, айниқса, халқ чолғулари, анъанавий созандалик, анъанавий ашулачилик йўналишлари бўйича ўқувчи-ёшларнинг чиқишлари олқишлар билан кутиб олинди. Хореография, баянь-аккордеон, торли-камонли, пуфлаб чалинадиган чолғулар, анъанавий ижро ва эстрада йўналишлари ўқувчилари ижросидаги куй-қўшиқ ва дилрабо рақслар тадбир иштирокчиларига хуш кайфият бағишлади.

Ҳисобот концерт дастурида 9-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби директори Йўлдошбой Абдалов 2018-2019 ўқув йили давомида эришилган ютуқларни  алоҳида қайд этди. Чунончи, мусиқа ва санъат мактаблари ўртасида ўтказилиб келинаётган Мухтор Ашрафий номидаги, Муҳиддин Қори Ёқубов номидаги нуфузли кўрик-танловларда мактабнинг анъанавий созандалар, халқ чолғу дастаси ҳамда анъанавий хонандалар дасталари фахрли ўринларни эгаллашгани эътиборга молик.

Ҳисобот концерт дастури давомида ўқишда, жамоат ишларида ва туманда ўтказиладиган маънавий-маърифий тадбирларда фаол иштирок этган ҳамда ўз педагогик фаолияти давомида юқори натижаларга эришган бир гуруҳ ўқитувчилар, шунингдек, фарзандларининг таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратиб, иқтидорини ривожлантиришда мактаб педагогик жамоаси билан ўқув йили давомида доимий ҳамкорлик қилган ота-оналар  болалар мусиқа ва санъат мактаби маъмурияти томонидан фахрий ёрлиқлар билан тақдирландилар.

2018-2019 ўқув йили давомида ўзлари танлаган йўналишлар бўйича юқори натижаларга эришган ўқитувчилар, ўқувчилар, шунингдек, мусиқа ва санъат мактаблари ўртасида бўлиб ўтган республика кўрик-танловида фахрли 1-ўринни эгаллаган Хуршид Тожибоев раҳбарлигидаги халқ чолғу дастаси, ушбу кўрик-танловда фахрли 1-ўринни эагаллаган Улфат Шукуруллаев раҳбарлигидаги анъанавий созандалар дастаси, Сайфулла Гулмонов раҳбарлигидаги 3-ўринни эгаллаган анъанавий ашулачилар дасталари жамоалари эришган ютуқлар алоҳида қайд этилиб, мазкур дасталарнинг раҳбарлари ҳам муносиб тақдирландилар.

Тадбир давомида бу каби ютуқлар қайта-қайта тилга олинди. Эстрада хонандачилиги йўналиш бўйича бўлиб ўтган республика кўрик-танловида совринли 3-ўринни эгаллаган 5-синф ўқувчиси Диёрбек Ортиқов устози Бобур Маҳмудов раҳбарлигида ўрганган ашулалари билан бугунги  кунда санъат шинавандалари орасида анча танилиб қолганлиги, устози Зумрад Мирзаева раҳбарлигида Мухтор Ашрафий номидаги кўрик-танловда фахрли 3-ўринни эгаллаган Бунёдбек Жумабоев, “Камалак юлдузлари”, халқ чолғулари ва анъанавий созандалик бўйича республика кўрик-танловлари совриндорлари  дутор синфи ўқувчиси Зилола Қодирова, рубоб синфи ўқувчиси Элбек Турсунбоевлар ўз иқтидорларини нуфузли кўрик-танловларда муваффақиятли намойиш этаётганлари алоҳида эътироф этилгани олқишлар билан кутиб олинди.

Туманимиз санъатининг ғунчалари камол топаётган 9-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиларининг 2018-2019 ўқув йилида эришган ютуқларидан тадбир иштирокчилари мамнун бўлдилар. Ўзлари эришган ютуқларини, қалбларидаги эзгу орзуларини тадбир иштирокчилари кўз ўнгида, ўз санъатлари билан намойиш этиб, қалбларда ҳавас ва ҳайрат уйғотган жажжи болажонларга, ўқувчи-ёшларга тадбирда ҳозир бўлганларнинг барчаси юксак парвозлар тиладилар.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: