"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9510.99 +15.32
  • 1 EUR = 10476.4 +11.00
  • 1 RUB = 147.79 -1.74

Жайхун илҳомлари

БУГУН

Бугун тунни ўтказдим бедор,

Тинч ётмасдан – сўзга харидор!

Илҳом дардим бўйнига олиб,

Ором дами кетди йўқолиб.

Мана, баҳор яна балқийди,

Маъно бирла куйлар қалқийди.

Кўнгил мулки кўкларга етар,

Яхшиликни биродар этар.

Яхшиликка баробар нима,

Яхшилик деб айтсанг ғам ема.

Наф бергани елар сабо ҳам,

Шифо қилар энди ҳаво ҳам.

Келар майин ипак соз – жаранг,

Берар жонга ёқимли оҳанг!

Гуллар энди дилни шод айлаб,

Биз яшаймиз булбулдай сайраб!

Жумабой ҲИДОЯТОВ.

 

Амударём, мангу бўл омон!

Жайхун соҳилида яшнаган диёр,

Аҳолиси тинч, яшар бахтиёр.

Бугун мадҳингга айтаман алёр,

Элим – Амударём, мангу бўл омон!

Кексалар дуога очиб қўлларин,

Тилаклар мустажоб, очар йўлларин.

Баланд иморатлар ўнг-у сўлларинг,

Элим – Амударём, мангу бўл омон!

Якдиллик сабабли ишларинг олға,

Яхши ном қолдирди Pажаббой оға.

Момо кўпирдан то Жумабой соға,

Элим – Амударём, мангу бўл омон!

Намуна, Хитойим, Қиличбой элим,

Қипчоқ, Оқ олтиним, бунча бой элим.

Куюк кўпир, Зарбдор ҳамда Чойкўлим,

Элим – Амударём, мангу бўл омон!

Бекбой, Назархонда қўйлар қўзилар,

Озоднинг кўлидан балиқ сузилар.

Элнинг дастурхони, ризқидир булар,

Элим – Амударём, мангу бўл омон!

Дарё ёқалайди “қизил чол”лилар,

Қўллари қадоқ ва тили боллилар.

Соя солиб турар ҳув, қора толлар,

Элим – Амударём, мангу бўл омон!

Манғитим қолишмас Нукусдан бугун,

Ишлаб толмайдилар, бўлмагай якун.

Обод бўлиб борар шаҳримиз кун-кун,

Элим – Амударём, мангу бўл омон!

Фарҳод Авезов.

 

АНОP

Бошида бордир тожи,

Меваларнинг гултожи.

Кўплаб витаминлар бор,

Номи-чи, унинг анор.

Уни ол, истеъмол қил,

Фойдалидир буни бил.

Агар бўлсангиз камқон,

У бўлар дардга дармон.

УЗУМ

Маржони бор терилган,

Унга маза берилган.

Қамашар боқсам кўзим,

Мисоли ёқут – узум.

Келганида олтин куз,

Ўйламасдан тезда уз.

Саватга жойла шартта,

Асра қишга, албатта.

Ирода БЕКИМБЕТОВА, 30-мактаб ўқувчиси.

 

ЁШЛИГИМ

Боғимдаги баҳорим,

Кўнглимдаги ардоғим,

Сенсан менинг армоним,

Ёшлигим оҳ, ёшлигим.

Ўтди кунлар яхши-ёмони,

Ўтди умр кузи, баҳори,

Қайтишнинг йўқ ортга имкони,

Ёшлигим оҳ, ёшлигим.

Армон билан кўнгил тўлмас,

Чорласанг ҳам энди келмас,

Тана қарир, кўнгил қаримас,

Ёшлигим оҳ, ёшлигим.

Борган сари қадринг билдим,

Сидқидилдан қўмсаб қолдим,

Сен ҳақингда ўйга толдим,

Ёшлигим оҳ, ёшлигим.

Турсунгул МАТСАФОЕВА, 20-мактаб ўқитувчиси.

 

Ўзбекистон – умумий уйимиз

Уруш оловида ёнганда дунё,

Фашизм хавфида қолганда олам.

Ўз ғам-у ташвишинг унутган ҳолда,

Бошқалар ўзини ўйлаган дамда,

Ўзгаларга бердинг нон ила макон,

Жонажон Ўзбекистон, мангу бўл омон!

Ниҳоят, тинчлик барқарор бўлда,

Бошимиздан уруш хавфи йўқолди.

Бошпана берганларинг тузинг оқлаб,

Юртни тиклаш учун бағрингда қолди.

Демак, дилларда бор диёнат, имон,

Жонажон Ўзбекистон, мангу бўл омон!

Мустақил юртимда турли миллатлар,

Яратмоқда аҳил минг хил неъматлар.

Дунё аҳли лолдир шижоатига,

Бир-бировга чексиз ҳурмат-иззатлар,

Ҳамиша эътиборда бунда ҳар инсон,

Жонажон Ўзбекистон, мангу бўл омон!

Нафиса Шукуруллаева,

48-сонли мактаб ўқувчиси.

 

ШУКPОНА

Ўтаётир кунларим,

Ҳаяжонли дамларим.

Меҳнатдан чарчамадим,

Бир лаҳза тўхтамадим.

Хизмат қилиб элимга,

Дуосини олдим мен.

Ўғил-қиз – дилбандим-ла,

Ватанга ёр бўлдим мен.

Меҳнат билан дилимда,

Зарра армон қолмади.

Бахт балқиди йўлимда,

Тилдан шукрим қолмади.

Шоҳсанам ЎPОЗАЛИЕВА,

Намуна МФЙ.

 

АТИPГУЛ

У гулларнинг шаҳлоси,

Гўзалликнинг танҳоси.

Боғимдаги сунбулим,

Бетакрор атиргулим.

Кийган рангли либосинг,

Ўзингга ярашади.

Одамлар сенга роса,

Ҳавас-ла қарашади.

Ҳовлимизнинг кўркисан,

Сен гулларнинг чиройи.

Бизда сени дейишар,

Муҳаббат тўлин ойи.

Сенинг бу чиройингдан,

Андоза олишади.

Шоирлар сенга атаб,

Кўп шеърлар ёзишади.

Нилуфар ОТАЖОНОВА.

Янгиликни бўлишинг: