"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9490.77 +22.73
  • 1 EUR = 10455 -115.20
  • 1 RUB = 148.82 -1.13

Округ ва участка сайлов комиссиялари раислигига номзодлар учун семинар ўтказилди

Жорий йилнинг декабрь ойида Парламент ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларга ҳам қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.

16-18 август кунлари туманимиздаги 82-сонли мактаб биносида сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларнинг ташкилий-ҳуқуқий масалалари бўйича семинар-тренинг бўлиб ўтди. Ўзбекистон Pеспубликаси Марказий сайлов комиссияси, Қорақалпоғистон Pеспубликаси Жўқорғи Кенгеси ва туман ҳокимлиги томонидан ташкиллаштирилган семинар-тренингда республика даражасидаги тренерлар, ҳудудий экспертлар ва туман тренерлари машғулотлар ўтказишди.   

Ўзбекистон Pеспубликаси Марказий сайлов комиссиясининг шу йил 23 июлдаги “Сайлов қонунчилиги ва замонавий ахборот технологиялари бўйича тизимли ўқитиш юзасидан чора-тадбирларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 926-сонли қарорига мувофиқ ўтказилган семинар-тренингда 5 та гуруҳга бўлинган ҳолда 95 нафар округ ва участка сайлов комиссиялари раислигига номзодлар қатнашишди.

Уч кун давом этган машғулотларда замонавий таълим технологияларини қўллаган ҳолда Сайлов кодекси, тақдимот материаллари, Марказий сайлов комиссияси низом ва йўриқномалари асосида тингловчиларнинг билимлари оширилди. Шунингдек, сайловларнинг мазмун-моҳияти ва сайловга оид қонунчилик, комиссиялар ва уларнинг ваколатлари, тайёргарлик жараёнлари, натижаларни маълум қилиш, сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик, такрорий овоз бериш кабиларга доир бўлган модуллар бўйича тушунчалар берилди ва амалий кўникмалар ҳосил қилинди. Ундан ташқари, тингловчилар Сайлов кодекси, Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларнинг сайловлар билан боғлиқ моддаларини амалиётда қўллаш юзасидан батафсил маълумотга эга бўлдилар.

Семинар-тренингда сайловларга пухта тайёргарлик кўриш, комиссиялар фаолияти самарадорлигини оширишга доир масалалар юзасидан округ ва участка сайлов комиссиялари раислигига номзодлар, яъни тингловчиларни қизиқтирган саволларга тегишли жавоблар ҳам бериб борилди.

Айтиш керакки, бу каби семинарлар сайловларни ташкил қилиш ва ўтказишга бевосита алоқадор бўлган масъулларнинг билим ва кўникмаларини оширишда, ушбу муҳим сиёсий жараённи қонун талаблари асосида очиқ ва ошкора тарзда ўтказишда муҳим аҳамият касб этади. Шу сабабли келгусида ҳам бундай семинарларни махсус жадвал асосида ташкил қилиш режалаштирилган.

О.Худойберганова

Янгиликни бўлишинг: