"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9411.3 +15.37
  • 1 EUR = 10421.1 +60.40
  • 1 RUB = 146.51 +3.04

Амударё туманида 9 та фермер хўжаликларининг 113 гектар пахта далаларида томчилаб суғориш йўлга қўйилди

5 сентябрь куни Қиличбой овули Беш овул маҳалласида фаолият юритаётган “Фарҳодов Асадбек” фермер хўжалиги даласида томчилаб суғоришни жорий этишнинг афзалликлари хусусида семинар ўтказилди. Семинарда таъкидланганидек, глобал иқлим ўзгариши натижасида сўнгги йилларда даврий равишда сув танқислиги кузатилмоқда. Шу сабабли ер ости сув захираларидан самарали фойдаланиш ҳамда сув тежовчи технологияларни жорий этиш ички бугуннинг долзарб масаласи ҳисобланади.

Президентимизнинг 2018 йил 27 декабрдаги қарорига асосан ғўза етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан фойдаланиш бўйича лойиҳаларни амалга ошираётган пахта хомашёси ишлаб чиқарувчиларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг таъсирчан тизимини жорий этиш устувор вазифа этиб белгиланган эди.

Ўзбекистон Pеспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 февраль кунги қарори билан “Пахта хом ашёси етиштирувчиларнинг томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш тартиби тўғрисидаги низом” тасдиқланди.

Бу борада туманимизда ҳам қатор амалий ишлар қилинмоқда. Жорий йилда туманда 113 гектар пахта майдонларида томчилаб суғоришни жорий этиш режалаштирилиб, лойиҳанинг умумий қимати 2 миллиард 200 миллион сўмни ташкил қилади.

Шу кунгача тумандаги “Худойбергенова Омонгул” фермер хўжалигининг 32 гектар ерида 600 миллион сўмлик, “Фарходов Асадбек” фермер хўжалигининг 10 гектар майдонида 200 млн. сўмлик ва яна 7 та фермер хўжаликларининг жами 71 гектар майдонларида умумий қиймати 1 миллиард 200 миллион сўмлик иш ҳажми бажарилди. Туман бўйича жами бўлиб 9 та фермер хўжаликларининг пахта далаларида томчилаб суғориш йўлга қўйилиб, вегетация мавсуми давомида ғўза ниҳоллари 3 мартадан суғорилди.

Семинарда туман ҳокими С.Йўлдашев ва бошқалар таъкидланганларидек, экинларни томчилатиб суғориш бир қанча афзалликларга эга. Жумладан, ўсимликнинг талабига мос равишда сув берилади, тупроқдан сув кам буғланади, далада бегона ўтлар бўлмайди. Қолаверса, сув тупроққа сингиб кетмайди ва оқавага ташланмайди. Суғориш жараёнида моддий ресурслар сарфи ва қўл меҳнати камаяди, сув ва ўғитларни етказиб бериш осонлашади. Шунингдек, ўсимликнинг сув ва ўғитни тупроқдан олиши осонлашади. Томчилатиб суғоришда бошқа суғориш усулларига нисбатан экин турига қараб 20 фоиздан 60 фоизгача сув тежалади. Ҳосилдорлик миқдори ва сифати ошади. Минерал ўғит сув билан берилиши сабабли, ўғит сарфи бир неча бараварга камаяди. Бир сўз билан айтганда, томчилаб суғориш анча маблағни тежаб, мўл ҳосил олиш имконини беради.

Семинарда келгуси йилларда томчилаб суғориладиган майдонлар ҳажмини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Янгиликни бўлишинг: