"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9455.24 +21.66
  • 1 EUR = 10438.6 +84.00
  • 1 RUB = 147.25 +1.25

КЕЧ АНГЛАНГАН ҲАҚИҚАТ

Одамлар баҳорнинг инжиқликларига энди кўникиб улгурган пайт – май ойи ўрталарида оддий хонадонда бир қизча дунёга келди. Онажони уни бағрига босиб алла айтиб ухлатар, ширин эртаклар айтар эди, дейишимни кутяпсизми? Йўқ, аксинча, қизалоқ бир кун ҳам она меҳридан баҳраманд бўлолмади. Она сути, она меҳри, она ҳиди нималигини ҳам билмади у. Унинг учун она-холаси, ота эса холанинг эри эди. Шу зайлда кунлар ўтаверди, қизчанинг тили барибир “она” деб чиқди. У онасини англамаса ҳам уни соғинарди, қўмсарди. Унинг “отаси” ўзича меҳрибон, ғамхўрдек эди. Бир куни қизча ва синглиси таъмирланаётган машина устига чиқиб роса ўйнашди, маза қилиб тўполон қилишди. Ахир улар ҳали бола эдиларда. Буни ота кўрибоқ асаби бузилди, шартта келиб қизчага бир тарсаки туширди. Шу онда қизалоқ меҳр кутган инсонида қаҳрни кўрди, ғазабни кўрди. Ҳаётнинг илк зарбасидан бироз ўзига келгач, кўзида ёш билан уйига қайтиб келди ва мактабига жўнади. Ўшанда у биринчи синф ўқувчиси эди. Қизчага бу тарсаки жуда қаттиқ таъсир қилди. Чунки синглиси емаган тарсакини у еган эди.

Йиллар ўтиб, қизча бу воқеа ҳақида ўйламай қўйди. Бора-бора ўзи билан онаси ва сингиллари орасида ҳам қандайдир кўзга кўринмас парда бордек, муомалалари самимий эмасдек туюла бошлади унга. Бунинг сирини англолмай ҳайрон эди у. Бир куни қизчага мактабда она ҳақида иншо ёзиш топширилди, 9-синф ўқувчиси эди ўша пайтда. Бир иложини қилиб ёзди, лекин иншо ҳароратсиз, тасаввур ва юзаки хаёллардан иборат эди... Шу-шу қизча она ҳақида ҳеч ҳам ёзмасликка аҳд қилди. Лекин ким ўйлабди дейсиз, орадан йиллар ўтиб, айнан “Она” ҳақидаги китоби учун “Зулфия” мукофотини олади деб. Ҳа, энди у онаси ҳақида кечалари ухламай ёзарди, соғиниб, энтикиб ёзарди. Чунки йиллар ўтиб, улғайгани сари ўз онаси жонидан кечиб дунёга келтирганини, холаси эса ўз фарзандлари қатори вояга етказганини, кўнгли кемтик бўлмасин, деб бу сирни ошкор қилмаганини кейинчалик билган эди. Демак, унинг бири-биридан фидойи икки онаси бор экан. Беихтиёр шуларни ўйлаб кўзларига ёш келар, оиласи олдида фарзандлик бурчини оқлашга интиларди. Ҳа, дўстлар, қаро тун зулмати ёруғ кунлардан нишона. Шу эътиқодга ишониб яшаган қизча бугун бахтидан шод ва бахтиёр...

Света ШОМУPОДОВА.

Янгиликни бўлишинг: