"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9455.24 +21.66
  • 1 EUR = 10438.6 +84.00
  • 1 RUB = 147.25 +1.25

ЎЗИНИ-ЎЗИ ЎЛДИPИШ – ФОСИҚЛИКДИP

Аллоҳ таоло инсон зотини азизу мукаррам қилиб яратган. Унинг шаънини улуғлаб, ер юзидаги барча нарсаларни унинг манфаати учун пайдо қилган. Инсоннинг шаънига, молига, жонига ноҳақ тажовуз қилишни ҳаром қилган. Унинг ҳаётини сақлашни Ислом шариатининг асл мақсади қилиб белгилаб қўйди. Қуръони Каримда булар ҳақида шундай баён этилган: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”. (“Исро” сураси, 70-оят).

Демак, Аллоҳ азиз қилган инсоннинг жонига қасд қилиб, унинг қонини тўкиш энг оғир гуноҳ саналади. Қуръони Каримда айтиладики: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир” (“Моида” сураси, 32-оят).

Бошқа ояти каримада Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ тақиқлаган жонни ноҳақ қатл қилмангиз! Ақл юритишингиз учун (Аллоҳнинг) ҳукм қилгани шу(лар)дир” (Анъом сураси, 151-оят).

Қуръони Каримда инсонни ўзининг яшаш ҳуқуқига тажовуз қилишдан қайтариб: “Ўз қўлингиз билан ўзингизни ҳалокатга ташламангизлар”. – дейилган. (“Бақара” сураси 195-оят)

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам ўз ҳадиси шарифларида ўзини-ўзи ўлдириш ҳаром эканлиги, бундай ишни қилган кишига охиратда қаттиқ азоблар бор эканлиги ҳақида айтиб ўтганлар. Жумладан, бир ҳадисда: «Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда марҳамат қилурки: «Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, Менинг унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим».

Яна бир ҳадисда: “Кимки ўзини темир парчаси билан ўлдирса, у киши ўша темир парчаси қорнига суқилган ҳолда қиёматда жаҳаннам ўтида абадий қолур. Кимки ўзини заҳар билан ўлдирса, у киши ўша заҳар билан қиёмат кунида дўзах азобида доимий азобланур”, деган бўлсалар, бошқа ҳадисда: “Ким ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёматда ўша нарса билан азобланади”, деганлар.

Бошқа бир ривоятда эса: “Кимки ўзини тоғ тепасидан ташлаб ўлдирса, ўлгандан кейин ҳам жаҳаннамда шу хил азобга гирифтор бўлади. Ўзини сувга ташлаб ёки осиб, куйдириб ўлдирган кишиларнинг ҳукми ҳам унинг ҳукми билан баробардир”, дейилган.

Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда баъзи инсонларда сабр-у матонат етишмай, ўз жонларига қасд қилаётганларининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Буни Аллоҳ берган ҳаётга ношукурлик оқибати деб баҳолашдан ўзга чора йўқ. Бундай мудҳиш ҳолатлар нафақат Ислом таълимотига, балки Аллоҳ таолонинг қазои қадарига ҳам туғён қилиш, унга қарши бориш демакдир.

Ўзини-ўзи ўлдириш нақадар оғир гуноҳ эканлигини шундан ҳам билиш мумкинки, Pасулуллоҳ (с.а.в) бундай ишни қилган кишига жаноза намозини ўқимаганлар.

Ислом шариатида ўзини-ўзи ўлдирувчилар ҳақида махсус фатволар берилган.

Маълумки, ўзини-ўзи ўлдирган кишининг жанозасини ўқиш пайтида ҳар хил гап-сўзлар чиқа бошлайди. Бу бежизга эмас, сабаби фиқҳ китобларида ўз жонига қасд қилиб, ўзини-ўзи ўлдирган шахсларга айрим уламо ва фуқаҳолар жаноза намози ўқимаслик тўғрисида фатво ҳам берганлари бу жиноятни амалга ошираётган, иродаси суст кишиларга кескин огоҳлантиришдир.

Аллоҳ таоло барчамизни бундай улкан гуноҳлардан сақланишга ва доимо Ўзи-нинг итоатида бўлишга, айни пайтда ҳаётдан мазмунли фойдаланишимизга муваффақ айласин. Омин!

А.Матсапоев, “Юсуф эшон бобо”

жомеъ масжиди имом-хатиби.

Янгиликни бўлишинг: