"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9455.24 +21.66
  • 1 EUR = 10438.6 +84.00
  • 1 RUB = 147.25 +1.25

“ЯНГИ ФОPМА ОЛИБ БЕPИНГ!”

Ёзнинг сўнгги кунлари ўқувчиларни ҳаяжонга сола бошлайди. Янги ўқув йили яқинлашар экан, ҳар бир ўқувчи олдига мақсад қўйиб, илм уммонидан жавоҳирлар теришга ошиқади. Жонажон мактаби бағрига қайтишга, меҳрибон устоз-мураббийларини кўришга шошилади. Янги ўқув йили бошланишидан олдин албатта, ўқувчилар ўқув қуроллари, китоб-дафтар, папка ва мактаб формаси олишга улгурган. Бугунги кунда ҳам “Мактаб бозор”лари одамлар билан гавжум. Ота-оналар фарзандларини керакли ўқув қуроллари билан таъминлашмоқда. “Мактаб ярмаркалари”да эса ўқув қуроллари ҳамёнбоп нархларда сотилмоқда.

Аммо баъзи ўқувчилар ҳар йили янги нарсалар олишга жуда ўрганиб қолишган-ки, бу ишлари билан ота-оналарини моддий тарафдан қийнаб қўйишаяпти. Яқинда ўзим гувоҳ бўлган бир воқеа ушбу мақолани ёзишга сабаб бўлди. Синглимга мактаб қуроллари олиш учун бозорга борган эдик. “Мактаб бозори”га кирганимизда бир қиз (чамаси, 8- ё 9-синф ўқувчиси) онаси билан айтишиб, ҳамманинг диққатини тортаяпти. Қиз шу дўкондаги оқ кофта, қора юбкани жуда ёқтириб қолибди ва онасидан шуни олиб беришини талаб қилаяпти.

Онаси қизига: “ўтган йили олган мактаб форманг ҳали янги, бу йил ҳам шуни кийиб тургин, кейинги йил албатта бошқасини олиб бераман”, деб айтаяпти-ю, аммо қизи онасининг гапига қулоқ солмаяпти. “Агар менга шу кофта-юбкани олиб бермасангиз, мактабга бормайман. Бу йил эски формамни киймайман”, деб онасига гап қайтараяпти...

Тавба, қизнинг бу гапларини эшитиб, жуда жаҳлим чиқди. Ахир мактабга бориб, илм олиш форманинг янги ёки эскилигига боғлиқ эмас-ку. Ҳатто ота-оналаримиз ҳам ака-опаларининг кичрайиб қолган кийимларини кийиб улғайишган. Ҳеч ким: “Сен эски кийим кийибсан, мактабга келма”, деб айтмаган-ку.

Сизнингча, бу қизнинг иши тўғрими? Ахир ота-онасини қийнаб нима қилар экан?

Хулоса қилиш ҳар кимнинг ўзига ҳавола. Мен шунчаки, айрим ўқувчиларнинг бундай ишлари нотўғрилигини айтиб ўтмоқчиман, холос. Азизлар, янги ўқув йилида сизларга омад ва зафарлар ёр бўлсин. Шуни унутманг, инсон қадри, илми кийимининг янгилигига қараб белгиланмайди. Шундай эмасми?

Ирода ЕPДОШЕВА, газетанинг жамоатчи мухбири.

Янгиликни бўлишинг: