"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9455.24 +21.66
  • 1 EUR = 10438.6 +84.00
  • 1 RUB = 147.25 +1.25

НУPБЕК ЭНДИ ПPЕЗИДЕНТ МАКТАБИДА ЎҚИЙДИ

Туманимиздаги 36-умумтаълим мактабининг аълочи ўқувчиси Нурбек Йўлдошев энди Президент мактабида ўқийди. Хўш, Нурбекжон бунга қандай эришди?

Болалигидан ҳамма нарсага қизиқувчан Нурбек умумтаълим мактабининг 1-синфига қабул қилинганидаёқ ўзининг алоҳида қобилияти билан ажралиб турар, тенгдошларига нисбатан фикрлаш доираси кенг, алифбени ва саноқни ўзлаштиришда анча иқтидорли эди. Иккинчи, учинчи синфга ўтганида эса у ўзининг яна бир қобилиятини намоён этди, шеърлар ёза бошлади. “Тараққиёт кўзгуси” ва “Менинг оилам” газеталарида шеърлари ёритилганида у 9 ёшда, амударёлик ёшлар ижодидан намуналар жамланган “Жайхун жилғалари” тўпламида  шеърлари чоп этилганида эндигина 11 ёшга тўлган болакай эди.

Нурбекнинг қизиқишлари ёши улғайган сари янада кенгайди. У математика фанига ихлос қўйди. 36-умумтаълим мактабининг  математика фани  ўқитувчилари Темур Жапақов ва Pайҳон  Якубоваларнинг ҳар бир дарсини қунт билан ўзлаштирди. Бир вақтнинг  ўзида инглиз тили фани ўқитувчиси Дилдора Холменова олиб борадиган дарсларни мароқ билан ўргана бошлади. Ундаги хорижий тилларни ўрганишга бўлган алоҳида қобилиятни  сезган синф раҳбари, рус тили фани ўқитувчиси Дилнура Бобониёзова Нурбекжон билан алоҳида шуғулланадиган бўлди. Юқори синфга ўтганида мактабнинг  етакчи рус тили  ўқитувчиси Насиба Аҳмедова ва Назира Солиевалар Нурбек Йўлдошев учун хорижий тил ўзлаштиришнинг янги йўлларини очишди. У севимли устозлари ёрдамида ҳам хорижий тилларни, ҳам мантиқни ўргана бошлади. Натижада унинг  рус ва инглиз тилларида ўз фикрини маъноли, мантиқий ифодалаш қобилияти шаклланди. Билимлар беллашуви ва фанлар олимпиадаларида бир неча марта туман ғолиби, республика босқичларининг билимдон иштирокчисига айланди.

Ўзбекистонда, Нукус шаҳрида ҳам Президент мактабларининг ташкил этилиши Нурбек Йўлдошев учун яна бир орзусини амалга ошириш имконини берди. У аниқ фанлар йўналиши бўйича махсус мактабда таълим олишни орзу қиларди. Президент мактабларининг ташкил этилиши, унинг назарида ана орзуси томон йўл очди. У мустақил равишда Президент мактабига ўқишга кириш синовларига тайёрлана бошлади. Асли тадбиркор бўлган дадаси Баҳодир Юсупов ва онаси Зулхумор Ариковалар ўғлининг бу қатъиятини қўллаб-қувватлашди. Мустақил равишда синовларга тайёрланиши учун уйда барча шароитларни яратиб беришди.

Президент мактабига ўқишга кириш учун ҳужжат топширган ўқувчилар сони анча кўп, қолаверса, уларнинг асосий қисми фанлар олимпиадалари ва билимлар беллашувининг республика босқичи ғолиблари ва иштирокчилари эдилар.

Ёшига нисбатан анча фикри теран, аниқ фанлар бўйича билимдон бўлган Нурбек Йўлдошев икки босқичда ўтказилган кириш имтиҳоналаридан муваффақиятли ўтди. Биринчи босқичда математика фанидан энг юқори натижага эришган Нурбек учун иккинчи босқич синовлари – мантиқ бўйича синовлар умуман қийинчилик туғдирмади. У энг юқори балл билан Президент мактабининг 10-синфига қабул қилинди.

20 сентябрь куни 36-умумтаълим мактабида Нурбек Йўлдошевни Президент мактабига ўқишга кузатиш маросими бўлиб ўтди. Унда туман ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Алишер Йўлдошев, Нурбек Йўлдошевнинг устозлари, синфдош дўстлари иштирок этишди. Алишер Йўлдошев Нурбек ЙЎлдошевни Президент мактабига киргани билан табриклади ва туман ҳокими С.Йўлдошевнинг шахсий табриги ва ташаккурномасини тақдим қилди.

- Келажакда етук мутахассис бўлиб етишиб, она Ватанимга, халқимга сидқидилдан хизмат қиламан, Ўзбекистонимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаман. – дейди Нурбекжон ўз орзулари ҳақида сўзларкан.

Биз иқтидорли ва билимга чанқоқ Нурбек Йўлдошевга илм чўққилари томон қўйган дадил қадамларида омад ва юксак парвозлар тилаймиз.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: