"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9455.24 +21.66
  • 1 EUR = 10438.6 +84.00
  • 1 RUB = 147.25 +1.25

ЎҚИТУВЧИЛАP ДАВЛАТ ВА ЖАМИЯТ ЭЪТИБОPИДА

Жадал суръатларда ўзгариб, янгиланиб бораётган ҳаёт бири-биридан долзарб масалаларни ҳал қилишнинг энг муҳим ечими айнан таълим-тарбия билан, ёшларнинг дунёқарашини замонавий билим, юксак маънавият ва маърифат асосида шакллантириш билан боғлиқ эканлигини кўрсатмоқда. Шу боисдан ҳам бугунги кунда ёшларни эзгу идеаллар руҳида камол топтириш, замонавий билим асослари, илм-фан ютуқлари билан қуроллантириш ҳамда ота-онасига, юртига меҳр-оқибат, садоқат туйғуларини сингдириш Халқ таълимининг асосий фаолият мезонига айланди.

Бунингдек кўламдор вазифалар туманимизда қандай амалга оширилмоқда? Мухбиримиз 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида туман Халқ таълими бўлими мудири Отабек Йўлдошов билан учрашиб, шу ҳақда суҳбатлашди.

– Жорий йилнинг 29 апрель куни Юртбошимиз “Ўзбекистон Pеспубликаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонини имзолади. Ушбу Фармон билан Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ва уни амалга ошириш учун “йўл харитаси” тасдиқланди. Мазкур концепцияда таълим тизимини ривожлантиришнинг бир қанча йўналишлари белгилаб берилди. Шу асосда ўз фаолиятини олиб бораётган туманимиз мактабларида ўқитиш самарадорлиги тобора юксалмоқда.

Жамиятнинг бугуни ва эртаси, унинг маърифий-маънавий салоҳияти таълим тизимининг қай даражада ривожланганлиги билан белгиланади. Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар муваффақияти эса том маънода ўқитувчи ва мураббийлар меҳнатига боғлиқдир. Бугунги кунда таълим соҳасига қаратилаётган эътибор, ўқитувчи ва мураббийларнинг мавқеи оширилиб, моддий-маънавий қўллаб-қувватланаётгани боиси ҳам шундандир.

Биз ким бўлмайлик, олдида доимо ўзимизни қарздордай сезадиган, хизматлари олдида доимо бошимизни эгиб таъзим қилишга тайёр турадиган инсонларимиз бор. Уларнинг ёш авлод камолидаги беқиёс хизматларини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. Улар – онамиздай меҳрибон, отамиздай ғамхўр, ҳар биримиз учун азиз ва мўътабар инсонлар – устоз ва мураббийлар.

Устоз ва мураббийларга азал-азалдан ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб, отадай улуғ саналган. Аллома боболаримиз адабий меросида бу ҳақда жуда кўп ўгит-насиҳатлар ўрин олган.

Мамлакатимизда 1997 йилдан бошлаб, 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами сифатида нишонланаётгани ҳам соҳа ходимлари меҳнатига эътибор ва эътироф намунасидир.

“Одамларга бир йил яхшилик қилмоқчи бўлсанг, буғдой эк, умрбод яхшилик қилмоқчи бўлсанг, таълим-тарбия бер”, деган халқимиз нақлида жуда теран маъно бор.

Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг шу йил 23 августдаги ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва жамиятда ўқитувчи мавқеини ошириш юзасидан ўтказилган йиғилишда “Ҳар бир ислоҳот ўзимиздан бошланади, ўзимиз ўзгармасак, ҳеч кимни ўзгартира олмаймиз” деган сўзларини ўзларига дастуриламал қилиб олиб, кўтаринки руҳда 2019-2020 ўқув йилини бошлаган туманимиз ўқитувчи ва мураббийлари соҳага қаратилаётган ғамхўрликларга муносиб меҳнат қилишга интилишмоқда. Таълим-тарбия самарадорлиги, ўқувчиларнинг ўзлаштиришлари бўйича республикада жорий йилда олдингилар қаторидан жой олишга ҳаракат қилишмоқда.

Янги ўқув йили олдидан туманимиздаги эҳтиёж мавжуд мактабларда 18 млрд. сўмга яқин маблағ эвазига қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиб, замонавий, шинам ҳолга келтирилиб, барча қулайликлар яратилгани соҳа ходимлари учун ҳам, ўқувчилар учун ҳам муносиб туҳфа бўлди.

Таълимдаги ўзгаришлар, инновацион технологиялар, янгиликларни ўз фаолиятларига татбиқ этиб, дарслар самарадорлигига интилиб, эзгу мақсадлар йўлида меҳнат қилаётган ҳазрати инсонлар – туманимизнинг барча ўқитувчи ва мураббийларини касб байрамлари билан қизғин қутлайман, меҳнатларининг роҳатларини кўриб узоқ умр кўришларини тилайман.

Суҳбатдош Ойгул PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: