"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9455.24 +21.66
  • 1 EUR = 10438.6 +84.00
  • 1 RUB = 147.25 +1.25

Президент мактаби ўқувчилари: уларни Ш.М.Мирзиёев Ўзбекистоннинг “олтин фонди” деб атади

Мустақил Ўзбекистон йил сайин барча соҳаларда тараққиёт пиллапояларидан тобора юксалиб бормоқда. Бундан ҳам юксак марраларни забт этиш учун мамлакатимизга ҳар тамонлама етук ва салоҳиятли кадрлар керак. Шу мақсадда Президентимиз Ш.М.Мирзиёев 2019 йил 20 февралда “Президент мактабларини ташкил этиш тўғрисида” ги Қарорни имзолади. Президент Қарорига кўра, мамлакатимизнинг барча вилоятларида босқичма-босқич Президент мактабларини ташкил этиш белгиланди. 2019-2020 ўқув йилида Тошкент шаҳрида, Хива, Нукус ва Наманган шаҳарларида Президент мактаблари ташкил этилди. Президент мактабларига қабул эса Халқ таълими Вазирлиги томонидан 4-синф битирувчилари бўйича белгиланган тартибда ўтказиладиган мантиқий фикрлаш тестлари, ёзма имтиҳон ва суҳбат натижаларига кўра амалга оширилди. Ўқув жараёни хорижий таълим муассасалари билна ҳамкорликда ишлаб чиқилган режа ва дастурлар асосида, инглиз тилида олиб борилади ва таълим – табиий фанлар, технология, техник ижодкорлик, санъат ва математика дастури бўйича юритилади.

Шуниси аҳамиятлики, Президент мактабларининг 9-11-синфларида таълим олиш ўқувчиларнинг қизиқишларига кўра, айрим фанни танлаш ва уларни ўрганиш даражасини инобатга олган ҳолда индивидуал ўқув жараёни асосида амалга оширилади.

Жорий ўқув йилида Нукус шаҳрида ташкил этилган Президент мактабида ўқиш истагини билдириб ҳужжат топширган ўқувчилар учун саралаш имтиҳонлари муваффақиятли ўтди. Шуни мамнуният билан қайд этамизки, Нукус шаҳрида ташкил этилган Президент мактабига туманимиздан 13 нафар ўқувчилар қабул қилиндилар. Хусусан, 1-умумтаълим мактабидан бир йўла икки нафар ўқувчи ушбу нуфузли билим масканида таълим оладиган бўлишди. Мактабнинг 9-синф ўқувчиси Бунёдбек Холмуродов ҳамда 5-синф ўқувчиси Қудрат Хайитбоевлар мантиқий фикрлаш, математика ва инглиз тили фанлари бўйича тест саволларини ечиш, ўз фикрини мантиқан маънодор ифода этиш, инглиз тилида эркин мулоқот қилиш бўйича юқори натижаларга эришиб, Президент мактаби ўқувчилари сафидан жой олишди.

Шунингдек, 16-умумтаълим мактабидан 10-синф ўқувчиси Фирдавс Бобожонова, 7-cинф ўқувчиси Шаҳриёр Шамуродовлар, 40-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Аброржон Шукуруллаев, 9-синф ўқувчиси Шоҳруҳ Йўлдошевлар ҳам энди Президент мактабида таҳсил оладиган бўлишди.

Президент мактабига қабул жараёнида амударёлик ўқувчи-ёшлар ўзлариниг интилувчан ва билимдон эканликларини намоён этдилар. Туманимиздаги 6-сонли мактабнинг 7-синф ўқувчиси Мирзабек Қурбонбоев, 19-мактабнинг 6-синф ўқувчиси Муҳриддин Жумабоев, 26-сонли мактабнинг 6-синф ўқувчиси Жавоҳир Саъдуллаев, 36-умутаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Нурбек Йўлдошев, 55-умумтаълим мактаби 8-синф ўқувчиси Pайҳона Чаршамбоева, 68-мактабнинг 5-синф ўқувчиси Жамшиджон Аҳмедовлар ҳам икки босқичда бўлиб ўтган Президент мактабига саралаш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтиб, ушбу нуфузли мактабда ўқиш бахтига муяссар бўлдилар.

Сиз энди Ўзбекистоннинг “олтин фонд” ларисиз, – деди Президент Ш.М.Мирзиёев, янги ўқиш йилининг илк кунларида, Тошкент шаҳрида очилган Президент мактабининг илк ўқувчиларига. – Халқнинг, мамлакатнинг буюклигини тараннум этадиган нареалар кўп. Лекин энг афзали билим билан намоён этиш. Сизлар билимингиз, юриш-туришингиз, ватанпарварлигингиз билан ҳамма ёшларга намуна бўлишингиз керак. Келгусида Ўзбекистон тараққиётига таъсир кўрсатадиган куч бўласизлар.

Дарвоқе, мана бу кўзлари чақнаб турган, ўз фикрини дадил ва мантиқан юксак даражада ифодалай оладиган ўғил-қизларнинг мустақил Ватанимиз учун барча соҳаларда суянч тоғлари бўлишларига шак-шубҳа йўқ. Чунки бу ўғил-қизлар ҳали болалик ва ўсмир ёшиданоқ ўзларининг орзу манзиллари томон илк дадил қадам қўйдилар. Билим ва салоҳиятларини таълим соҳасидаги Ўзбекистон билан чет эллик ҳамкорлар иштирокида бўлиб ўтган нуфузли қабул ҳайъати олдида намоён этишди, яъни, Кембриж Университетининг Сеmbridge Assessment international Edication бренди асосида фаолият юритувчи Имтиҳон Кенгаши талабларига муносиб ўқувчиларгина Президент мактабига қабул қилиндилар. Ишонамизки, Президентимиз таъбири билан айтганда, “Ўзбекистоннинг “олтин фонд лари” га айланган туманимиз ўқувчи-ёшлари келгусида келажаги буюк давлатимизнинг янада тараққий этишида ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшадилар.

Pобия Йўлдошева.

Янгиликни бўлишинг: