"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9455.24 +21.66
  • 1 EUR = 10438.6 +84.00
  • 1 RUB = 147.25 +1.25

ЧЕВАP ҚИЗЛАP УСТОЗИ

Табиат ҳар бир инсонга қобилият, истеъдод ато этади. У вақтида берилган тўғри тарбия, ривожлантириш, интилиш орқали юзага чиқади. Истеъдодни ўз вақтида илғаб, шакллантиришга кўмак берадиган, касб ва ҳунарга йўналтириб, ҳаётда йўл кўрсатадиган улуғ зот эса устоздир.

Бугунги кунда тумандаги “Баркамол авлод” болалар бадиий ижодиёт марказида 1152 нафар ўқувчи фидойи устозлардан касб-ҳунарнинг бошланғич сирларини ўрганмоқда ва ўз қобилиятларини ривожлантирмоқда.

Марказда “Бадиий ижодиёт” йўналишида ўқувчиларга тўқиш ва бичиш-тикиш ҳунарини ўргатиб келаётган Гуласал Алламберганова энг масъулиятли тўгарак раҳбарларидан ҳисобланади. Ўз касбининг жонкуяри бўлган қаҳрамонимизнинг бу соҳада фаолият бошлаганига 30 йил бўлди. У 1986 йилда Қарши шаҳридаги Педагогика билим юртини тугатиб, Тахиатош шаҳридаги 9-сонли мактабда йўлланма билан илк иш бошлаган куниданоқ ўқувчиларига чин дилдан меҳр берди.

Мактаб ўқувчиларига дарсларда меҳнатнинг фойдали жиҳатларини ўргатиб, кичик ёшдан касб-ҳунарга йўналтирди. Гуласал Алламберганова кейинчалик тумандаги умумтаълим мактабларида педагогик фаолиятини давом эттирди. “Баркамол авлод” болалар бадиий ижодиёт марказида эса 2012 йилдан ишлай бошлади.

Тўгаракда ҳар йили 40-50 нафардан зиёд қизлар ҳунар ўрганишади. Дастлабки машғулотларда тўқиш ва тикиш, бичиш асбобларидан фойдаланиш, кейинчалик хом-ашёларнинг тури, сифатига қараб танлаш, ишлатиш ўргатилади. Шундан сўнг улар турли кийим-кечаклар тўқиш ва тикиш, оддий синтетик иплардан рўзғорда фойдаланиладиган буюмлар тайёрлашни ўрганиб олишади.

Гуласал опа каби жонкуяр, фидойи устозлар туфайли инсон ҳаётда ўз ўрнини топа олади, қадр-қимматга эга бўлади. Эришилган неки ютуқ, муваффақият бўлса, барчасида уларнинг ҳиссаси бор. Устоз ва мураббийлар шу боисдан юксак эҳтиромга лойиқ инсонлардир.

О.Худойберганова.

Янгиликни бўлишинг: