"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9455.24 +21.66
  • 1 EUR = 10438.6 +84.00
  • 1 RUB = 147.25 +1.25

БУ МАСКАНДА МАЪНАВИЯТНИНГ ХУШ ҲАВОЛАPИ БОP

Туманимиздаги 9-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби 1968 йилда ташкил этилган бўлиб, 1990 йилда янги, замонавий бинога кўчиб ўтган. Ярим асрдан бери ушбу санъат масканини минглаб санъатсевар ёшлар битириб, ҳаётга йўлланма олдилар.

Болалар мусиқа ва санъат мактаби биноси 2015 йилда тўлиқ реконструкция қилиниб, ҳар бир йўналиш бўйича ажратилган синфхоналари замонавий ўқув-амалий асбоб-анжомлар билан жиҳозланди.

Ёғоч ўймакорлиги, бичиш-тикиш ва тўқиш, металл билан ишлаш, ганч ўймакорлиги, тасвирий санъат дарсларини олиб боришда зарур бўладиган асбоб-ускуналар ўқитувчилар ва ўқувчилар хизматида.

Ўқувчи-ёшлар бу ерда, халқ чолғулари, анъанавий хонандалик, анъанавий созандалик, фортепиано, торли чолғулар, эстрада хонандалиги, дамли, зарбли чолғулар, хореография, тасвирий санъат – жами 11 та йўналиш бўйича таълим-тарбия олишади. Назарий билимларини мустаҳкамлашлари учун ҳар бир синф хонада 10 та фортепиано, 2 та рояль, барча йўналиш бўйича зарур мусиқа асбоблари, сольфеджио дарсини мукаммал ўзлаштиришлари учун электрон доска мавжуд. Шунингдек, мактабда 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб театр ва анъанавий бахшичилик йўналиши фаолияти йўлга қўйилди.

Айни кунда мактабда 280 нафарга яқин санъатсевар ёшлар таҳсил олишмоқда. Уларга 39 нафар малакали мутахассис-ўқитувчилар таълим-тарбия беришмоқда.

Мактаб ўқувчи-ёшлари турли кўрик-танловларда юқори натижаларга эришиб келмоқда. Биргина жорий йилда Болалар мусиқа ва санъат мактаблари ансамбллари ўртасида ўтказилган кўрик-танловнинг Ўзбекистон Pеспубликаси ҳудудий босқичида мактабнинг 3 та ансамбли фахрли 2-ўринни эгаллади.

2019 йилнинг биринчи чорагида Нукус шаҳрида ўтказилган Болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчиларининг академик ва эстрада ижрочилиги бўйича Pеспублика кўрик-танловида эса мактабнинг уч нафар ўқувчиси иштирок этишиб, 2- ва 3-ўрин соҳиблари бўлишди. Мактабнинг иқтидорли ёшлари туманимизда ўтказиладиган турли байрамларда ва давлат тадбирларида ҳамиша фаол иштирок этишади.

Тасвирий санъат йўналиши бўйича шуғулланувчи ўқувчиларга ёш ва иқтидорли ўқитувчи Муҳриддин Холиқов дарс беради. Муҳриддиннинг ўзи ҳам шу мактабда, тасвирий санъат йўналиши бўйича таҳсил олган. Устози, таниқли ҳайкалтарош Бозорбой Холимбетовдан тасвирий санъатнинг нозик сирларини пухта ўрганган Муҳриддин 14 ёшида тасвирий санъат йўналиши бўйича ўтказилган “Менинг мўъжаз Ватаним” Pеспублика кўрик-танловида 1-ўринни эгаллаган ва ана шу ютуғи туфайли 2007 йилда Бенков номидаги рассомчилик коллежига имтиёзли равишда ўқишга қабул қилинган эди.

Коллежда ўқиб юрган кезлари у “Келажак овози” республика кўрик-танловида фахрли 1-ўринни эгаллади. 2010 йилда маданият ва санъат йўналишидаги коллежлар битирувчилари ўртасида ўтказилган кўрик-танловнинг мамлакат босқичида ўз йўналиши бўйича фахрли 1-ўрин соҳиби бўлди ва ўша йили Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомчилик ва дизайн институтининг тасвирий санъат факультети маҳобатли ранг-тасвир бўлимига имтиёзли равишда, давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди.

Муҳриддин Холиқов мустақиллик тенгдоши, энди 28 ёшга тўлди. Унинг барча орзулари, яратажак катта ижодий ишлари ҳали олдинда. Бири қурувчи-меъмор, бири рассом, яна бирлари ўқитувчи – устоз бўлиш орзусида катта қизиқиш билан таълим олаётган ёшларнинг ҳам режалари бисёр. Ана шу режалар ва орзулар боис, бу даргоҳдан учирма бўлаётган ва бугун берилиб санъат сирларини ўрганаётган ёшлар сафи тобора ошиб бораверади. Чунки бу масканда маънавиятнинг хуш ҳаволари бор ва тасвирий санъат илми, мусиқа илми инсоннинг маънавий камолотида энг муҳим мезонлардан бири ва шундай бўлиб қолади.

Суратда: мактабнинг тасвирий санъат фани ўқитувчиси Муҳриддин Холиқов.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: