"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10173.4 +0.20
  • 1 EUR = 11411.5 +42.90
  • 1 RUB = 145.97 -1.39

ЎҚУВЧИЛАPИМ ҚОPАҚАЛПОҚ ТИЛИНИ СЕВИШАДИ

Умумтаълим мактабларида қорақалпоқ тилини ўқитиш – аввало ўқувчилар қалбида ўзи ўрганаётган ушбу тилга нисбатан ҳам эътибор, ҳам ҳурмат уйғотишдан бошланади. Чунки ўқувчи қардош тилга ҳурмат назари билан қарасагина, шу тилда сўзлашувчи миллатнинг анъана ва урф-одатларини ҳурмат қилади, тилини жон-жон, деб ўрганади.

Биз Қорақалпоғистон Pеспубликасида яшаймиз. Фарзандларимиз, бутун оила аъзоларимиз билан қорақалпоқ тилидаги телекўрсатувларни мириқиб томоша қиламиз. Чунки қорақалпоқ тилини тушунамиз. Лекин ўзимиз эшитаётган қорақалпоқ тилидаги ҳар қандай нутқни тушуниш бошқа-ю, қорақалпоқ тили ва имлосини билиш бошқа. Бу тилни бутун кўрки ва жозибаси, лексик бойлигини англаш учун фақат унинг  барча қатламларини – морфоллогик, лексик, фонетик, синтактик хусусиятларини чуқур ўзлаштириш керак.

Мен 19-умумтаълим мактабида ўқувчиларга қорақалпоқ тилидан дарс бераман. Ўқувчиларнинг қорақалпоқ тилига тушунишлари, суҳбатдоши билан мулоқотга кириша олишлари уларнинг бу тилни чуқур ўзлаштиришларига ёрдам беради. Улар ҳатто қорақалпоқ тилида шеър ва ҳикоялар ёзишга, қорақалпоқ адабиёти намоёндалари асарлари асосида турли байрам саналарида саҳна кўринишлари тайёрлашга интилишади. Уларнинг бу интилишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида мен дарсларимда интерфаол усуллардан фойдаланишга ҳаракат қиламан. Хусусан, қорақалпоқ шоирларининг  шеърларини ўзбек тилига, ўзбек шоирларининг шеърларини эса қорақалпоқ тилига таржима қилишни уйга вазифа сифатида топшираман. Ўқувчиларнинг аксарияти бу вазифани муваффақиятли бажаришади. Ўзлари тушунмаган сўзларнинг маъноларини билишга интилишади.

Мактабимизда қорақалпоқ тили тўгараги фаолият олиб боради. 20 нафар ўқувчи шуғулланадиган мазкур тўгаракнинг ҳар бир машғулоти жуда қизиқарли, савол-жавобларга бой бўлади. Қорақалпоқ тили иборалари, синонимлари билан ўзбек тили ибора ва синонимларидаги ўхшашликлар, фарқлар борасида соф қорақалпоқ тилида баҳс-мунозараларга киришадиган ўқувчиларни кўриб қувониб кетаман. Тили, дини, миллий урф-одат ва анъаналари бир-бирига монанд қорақалпоқ халқи билан ўзбек халқининг азалий қондош-қардошлиги бугунги авлодлар томонидан нақадар улуғланиши уларнинг  қорақалпоқ тили ва адабиётини катта қизиқиш ва эҳтиром билан ўрганаётганларида яққол акс этиб туради.

Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, ўқиш ўзбек тилида олиб бориладиган мактабларда қорақалпоқ тилини ўқитишда бироз қийинчиликлар ҳам мавжуд. Бу – қорақалпоқ тилидаги дарсликларнинг  етишмовчилигидир. Айни пайтда лотин алифбосига асосланган қорақалпоқ тили дарсликларининг деярли асосий қисми эскирган дарсликлар бўлиб, янгиланган лотин алифбосига асосланган қорақалпоқ тили бўйича дарсликлар билан таъминлашга унчалик эътибор берилмаяпти. Бу биз ўқитувчилар учун қийинчилик туғдирмоқди. Чунки янгиланган лотин алифбоси билан аввалги алифбо ўратсида анча фарқ бор. Шу боис, кўпинча дарс жараёнида биз ўқувчиларга ана шу фарқлар ҳақида тушунтиришлар бериб ўтишимизга тўғри келмоқда.

Гарчи ўқувчиларимизнинг деярли барчаси ўзбек оилаларининг фарзандлари бўлсалар-да, улар жон-жон деб қорақалпоқ тилини ўрганишмоқда. Қорақалпоқ тилида шеър ўқиш, ашулалар ижро этиш, ҳатто шу тилда ижод этишга интилишлари кучли. Бу – қондош ва қардош халқларнинг фарзандлари учун ҳам ирсият, ҳам эзгу қадриятдир.

Мен барча юртдошларимизни  1 декабрь – қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилган кун билан чин дилдан табриклайман. Ҳар бир хонадонда ҳар тонг қорақалпоқ ва ўзбек тилидаги икки миллат мадҳиялари мангу жаранглаб турсин дейман.

Ғуломжон АБДУЛЛАЕВ, 19-умумтаълим мактаби

қорақалпоқ тили фани ўқитувчиси.

Янгиликни бўлишинг: