"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9554.22 +21.26
  • 1 EUR = 10637.7 +417.00
  • 1 RUB = 121.1 +1.01

ВАТАН ҲИМОЯЧИЛАPИ КУНИГА БАҒИШЛАНГАН СПОPТ МУСОБАҚАЛАPИ БЎЛИБ ЎТДИ

    Мамлакатимизда ҳар йили 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни кенг нишонланади. Сана муносабати билан  юртимиз сарҳадларини ишончли қўриқлаб, тинчлик-осойишталигини таъминлаб келаётган  ҳарбий хизматчилар, муддатли ҳарбий хизмат бурчини ўтаётган аскарларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатилади, ёшларнинг  улардан  ўрнак олишлари, муносиб бўлиб вояга етишлари учун  турли тадбирлар ташкиллаштирилади.

        Жорий йилда ҳам 2019 йилнинг 15 декабри ва 2020 йилнинг 15 январи оралиғида ўтказилган “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида  миллий Армиямиз ва Қуролли Кучларимиз  ҳарбий-техник салоҳиятини ва ҳарбий хизматчилар, муддатли ҳарбий хизмат бурчини ўтаётган аскарларнинг  юксак ҳарбий  интеллектуал салоҳиятини тарғиб этиш, халқимиз кўнглида уларга ишонч туйғуларини мустаҳкамлаш мақсадида  “Ватанпарварлик – миллий юксалиш кафолати” шиори остида кўпгина тадбирлар бўлиб ўтди.

       Сана муносабати билан  тумандаги умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида  соғлом  ва  баркамол  авлодни вояга етказиш борасидаги ишларнинг  самарадорлигини ошириш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ёшларни спорт мусобақаларига оммавий тарзда жалб қилиш, ёшларнинг диний-экстремистик гуруҳларга кириб қолишининг олдини олиш мақсадида  туман ҳокимлиги, Жисмоний тарбия ва спорт бўлими,  туман  Халқ таълими,  Мудофаа, Маданият  бўлимлари ва мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти ҳамкорлигида ўқувчилар орасида спорт мусобақалари  ўтказилди. Шу йил  9 январь  куни туманимизнинг  8 та ҳудудида спортнинг арқон тортиш, мини футбол, ҳарбий спорт турлари, яъни турникда тортилиш, граната отиш, ўқ отиш, куч синаш, югуриш бўйича мусобақалар бўлиб ўтди. Унда 864 нафар ёшлар иштирок этиб, ғолиблик учун беллашдилар.  
11 январь куни эса мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти биносида ҳудудлар ғолиблари бўлган  ёшлар ўртасидаги мусобақаларнинг туман босқичи ўтказилди. Натижаларга кўра, арқон тортиш  бўйича ўтказилган мусобақада биринчи ўринни Манғит Иқтисодиёт коллежи, иккинчи ўринни 17-сонли мактаб, учинчи ўринни эса 4-сонли мактаб ўқувчилари эгалладилар. Югуриш,  турникда тортилиш, граната отиш, ўқ отиш, куч синаш каби ҳарбий спорт  турлари бўйича  беллашувлар ҳам жуда қизғин ва ҳаяжонли кечди. Ушбу мусобақаларда биринчи ўринни 17-сонли мактаб, иккинчи ўринни  Манғит Иқтисодиёт коллежи, учинчи ўринни эса 4-сонли  мактаб  ўқувчилари жамоалари эгалладилар. Мини футбол мусобақаси ҳам ёшларининг ушбу спорт турига қизиқишлари тобора ортаётганини кўрсатди – ғолиблик учун кескин курашлар билан кечган ўйин натижаларига кўра,  биринчи ўринни Манғит Иқтисодиёт коллежи,  иккинчи ўринни 17-сонли мактаб, учинчи ўринни эса 31-сонли  мактаб ўқувчилари  эгалладилар.    Шундай қилиб,  умумий натижаларга кўра,  умумжамоа ҳисобида 17-сонли мактаб ўқувчилари ғолибликни қўлга киритишди. Манғит Иқтисодиёт коллежи ўқувчилари иккинчи ўрин, 4-сонли мактаб  ўқувчилари эса учинчи ўрин ғолиблари бўлдилар.

Мусобақа ғолиб ва совриндорлари 14 январь куни туман Маданият бўлими  томошалар залида  Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб ўтказилган  тантанали йиғилишда   мусобақа ташкилотчилари томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

           О.PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: