"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9554.22 +21.26
  • 1 EUR = 10637.7 +417.00
  • 1 RUB = 121.1 +1.01

ҚИНҒИP ИШНИНГ ҚИЙИҒИ ЧИҚДИ, 40 КУНГА ҲАМ ЕТМАДИ

Халқимизда асрлар синовидан ўтган бир ибора бор: “қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан сўнг ҳам чиқади”, - дейдилар. Лекин Алпомишдай куч-қувватга тўлган Ҳайитбой (исм-шарифи ўзгартирилди) Мадраимовнинг қилган ўғирлик жинояти қирқ йил эмас, қирқ кунга ҳам етмай фош бўлганини ҳисобга олсак, ҳар қандай қинғир иш жазосиз ҳам қолмайди.

Барчаси Чимбой туманида яшовчи тадбиркор С.Тнинг омборхонасида содир этилган ўғирлик юзасидан Чимбой туман ИИБга келиб тушган аризаси бўйича тергов-суриштирув ишларидан бошланди. С.Тга тегишли бўлган 1 дона 11 КВТ қувватга эга ва 7 дона 1,5 КВТ қувватга эга электродвигателлар, 1 дона болгарка ускунаси ҳамда хўжалик буюмлари бир кечада ўғирлаб кетилди. Тезкор суриштирув ишлари олиб борилишига қарамай, жиноят иши очилмагач, ушбу жиноят иши ЎзЖПКнинг тегишли моддаларига кўра, ҳаракатдан тўхтатилди. Аммо...

Халқимизда яна бир ибратли мақол бор: “Кўр кўрни қоронғида топади” – дейдилар. ҳақиқатан шундай бўлди. Аввалги қинғир иши ошкор бўлмаганидан “руҳланган” Ҳайитбой Мадраимов белини оғритмай, жонини қийнамай яшашнинг ҳадисини олганидан яна бир қинғир қадам қўйди. Бу гал унга Нукус шаҳрида истиқомат қилувчи ўзи билан тенгдош Жўллибой Пиримматов (исм-шарифи ўзгартирилди) исмли шахс ҳамроҳ бўлди. Икковлон биргалашиб Қораўзак туманида яшовчи тадбиркор К.А.нинг темирчилик устахонасидан бир дона электродвигатель ва бир дона болгарка ускунасини ўғирлашди. Олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида ўғрилар узоққа боришмади. Ўғирлик ашёвий далиллар билан қўлга тушган шериклар Ўзбекистон Pеспубликаси ЖПКнинг тегишли моддалари тартибида ушланиб, жиноий жавобгарликка тортилдилар.

Бири Амударё туманининг овулларидан бирида, бири эса Нукус шаҳри маҳаллаларидан бирида ҳисобда турувчи бу шахсларни бирлаштирган “қинғир ишнинг қийиғи чиқди”гина эмас, улар ўз қилган жиноятлари бўйича айбланувчи сифатида ишга жалб этилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.
Айни пайтда мазкур жиноят иши бўйича тегишли тезкор тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шуни айтадилар-да, “бузоқнинг югургани сомонхонагача”, - деб.

Орифжон Қосимов, ИИБ ХПБ катта инспектори.

Янгиликни бўлишинг: