"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9554.22 +21.26
  • 1 EUR = 10637.7 +417.00
  • 1 RUB = 121.1 +1.01

Мактабгача таълим ташкилотида “Наврўз варраклари” сайли ўтказилди

Наврўз – Марказий Осиё халқлари учун нафақат миллий байрам, балки янги деҳқончилик йилининг бошланиши, ризқ-рўз, насиба учун қўйиладиган илк қадам, меҳнат, яратиш ва яшнатиш айёми. Наврўзда катталар бобомерос урф-одат, анъана ва қадриятлар қадр-қимматини баланд тутиб улуғласалар, жажжи болажонлар бу кунга ўзларининг бири-биридан қизиқарли, гўзал ўйинлари билан  файз киритадилар.

 Март ойининг илк кунлариданоқ туманимиздаги барча ўқув муассасаларида, мактабгача таълим ташкилотиларида бошланиб кетган Наврўзона тадбирларда файзли дастурхонлар ёзилиб, Наврўзнинг шоҳ таоми – сумалаклар, Наврўз гўжалар тортилди. Болажонлар, ўқувчи-ёшлар асрлар оша авлоддан-авлодга маънавий руҳ бағишлаб ўтиб келаётган халқ ўйинларини мароқ билан ўйнаб, завқ-шавққа тўлдилар.

Жойлардаги каби 6-сонли мактабгача таълим ташкилотида ҳам байрам муносабати билан турли тадбирлар ўтказилиб, кичкинтойларга кўтаринки кайфият улашилди. Мазкур ташкилотга  Шаҳноза Қиличева раҳбарлик қилади. Мамлакатимиздаги мактабгача таълим ташкилоти тизимига кўрсатилаётган эътибор ва рағбат туфайли тизимда кескин ўзгаришлар, янгиланишлар амалга оширилмоқда. Сўнгги 2-3 йил ичида мазкур 6-сонли мактабгача таълим ташкилотида ҳам фақат номигагина иш юритишга барҳам берилди. Ўз ишининг фидойилари бўлган педагог-тарбиячилар сафи кўпайиб, мактабгача таълим гуруҳлари шакллантирилди, машғулотларда янги педтехнологиялар жорий этилди. Кадрлар малакаси оширилиб, ташкилот фаолияти замон талаблари даражасига кўтарилди.

Турли байрам саналари муносабати билан ташкил этилаётган тадбирларнинг ташкилот гуруҳлари учун белгиланган таълим-тарбиявий режалар билан узвийликда ўтказилаётгани болажонлар қалбида она табиатга, Ватанга, оилага нисбатан меҳр-муҳаббат туйғуларини камол топширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Наврўз – умумхалқ байрамига бағишланган байрамона тадбирлар ушбу ташкилотда март ойининг илк кунлариданоқ бошланиб кетди. Болажонлар турли халқ ўйинлари – “чиллак”, “бештош”, “биздан сизга ким керак”, “қушлар келди”, “қуш учирмоқ” каби ўйинларни мароқ билан ўйнадилар. Айниқса, ташкилотда тарбияланаётган 100 нафар кичкинтойлар ва уларнинг ота-оналари иштирокида бўлиб ўтган “Наврўз варраклари” сайли барча тадбирлардан ҳам гўзал ва завқли бўлди. Мазкур тадбирда болажонлар ижро этган баҳорни мадҳ этувчи шеър-қўшиқлар, шўх рақслар барча иштирокчиларга чексиз ҳузур бағишлади.

Тадбирда болажонлар қувноқ спорт ўйинларини ҳам мароқ билан ўйнадилар. Қувлашмачоқ, тўсиқлар оша югуриш, копток ирғитиш каби ўйинларда болажонлар ўзларининг чаққон ва эпчилликларини намойиш этдилар. Шундан сўнг ўтказилган варрак учириш мусобақаси болажонларга чексиз завқ-шавқ улашди.

Баҳорни мадҳ этувчи жўшқин мусиқа садолари жўрлигида варракларини учирган болажонларнинг шодлиги, қийқириқлари оламни тутди. Бири-биридан баланд учган турфа ранг варраклар баҳор ва Наврўз ташрифидан дарак берувчи элчилар каби она элимиз Амударё осмонида парвоз қилганида гўё болажонларнинг қалбларида янги-янги орзулар, тинчлик, ҳамжиҳатлик, дўстлик ва тотувлик туйғуларини уйғотди. Ҳар бир жажжи қалбда она Ватанга чексиз муҳаббат, уйғонаётган она заминга, табиатга меҳр янада мустаҳкамланди.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: