"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10139.3 +9.40
  • 1 EUR = 11051.8 +95.90
  • 1 RUB = 141.35 +3.46

АЗИЗ АЁЛЛАP ШАPАФЛАНДИ, КЕКСАЛАP ҲОЛИДАН ХАБАP ОЛИНДИ

Мамлакатимизда, хусусан туманимизда ҳам аёл-қизлар байрами азиз ва муҳтарама онажонларга, опа-сингилларга эҳтиром тарзида кенг нишонланди. Оилаларимиз бағрида бошланган байрамона хуш кайфият нафақат корхона-ташкилотлар, балки таълим муассасаларини ҳам четлаб ўтмади.

Тумандаги 40-сонли мактабда ҳам ушбу сана катта хурсандчилик билан нишонланди. Ўқувчилар аёл-қиз муаллимлар – устозларини қўлларида гул, юзларида табассум билан эрталабдан байрамона кайфиятда кутиб олишди. Ўқитувчилар ўзларига кўрсатилган эҳтиром ва эътибордан жуда мамнун бўлдилар ва барча ўқувчиларга байрамона руҳ бағишлаганлари учун миннатдорчиликларини билдирдилар.

Мактабдаги байрамона кутиб олиш маросимидан сўнг, ўқитувчи ва ўқувчилар маҳалланинг кекса онахонларини ҳам байрам билан табриклаб, хурсанд қилиш мақсадида уларнинг хонадонларига боришди.


Дарҳақиқат, қийналсак, тоғдай суянчиғимиз, қувонганда дўст-у қадрдонимиз,  оч қолсак ошпазимиз, бемор бўлсак шифокоримиз, адашсак тўғри йўлни кўрсатувчи йўлчи-юлдузимиз, сафарда бўлсак дуогўйларимиз, албатта, оналардир. Нафақат ўз оиласи ва яқинлари, фарзандлари, балки Ватани учун ҳам жонини беришга тайёр аёлларимиз борлиги учун биз бу ёруғ оламда бормиз, бахтиёрмиз. Агар таъбир жоиз бўлса, Орзигул момо Мадаминова ана шундай аёллардан биридир. Орзигул момонинг бутун ҳаёти меҳнат билан, эл-юртга ҳалол хизмат қилишдек хайрли ишлар билан ўтган. Айниқса, Иккинчи жаҳон урушидан кейинги иқтисодий тақчиллик йилларида сабр-тоқат билан яшаб меҳнат қилган, бугунги фаровон кунларимиз учун ёшлик куч-ғайратини бахш этган онахон айни дамда кексалик гаштини сурмоқда. Ўсиб келаётган ёш авлодни, эртанги куни порлоқ халқимизни дуо қилишдан асло чарчамайдилар.
Қарилик гаштини сураётган Орзигул момони 40-сонли мактабнинг ўқитувчи ва ўқувчилари 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан табриклаб, ҳолидан хабар олдилар. Ўз навбатида момо ҳам ўзига кўрсатилган ҳурмат ва эъзоз учун миннатдорчилик билдириб, ёшларни узундан-узоқ дуо қилди ва эл-юртга омонлик тилади.


Шундан кейин мактабда байрам муносабати билан юқори синф ўқувчи-қизлари ўртасида ташкил этилган “Балли, қизлар” беллашуви бўлиб ўтди. Беллашувда қизлар 5 та шарт бўйича ўз билимларини, турли йўналишлар юзасидан маҳоратларини намойиш этдилар. Хусусан, пазандалик, чеварлик, билимдонлик бўйича баҳсларда ўқувчи-ёшлар бири-биридан қолишмадилар. Айниқса, эркин мавзу бўйича белгиланган шартга кўра ҳар бир қиз ўз иқтидорини намойиш этиб, маҳорат билан уддалади. Бири Аёлларни шарафловчи шеър айтса, бири гўзаллик ва нафосатни мадҳ этувчи дилрабо рақс ижро этди. Яна бири эса оналик меҳр-муҳаббати, инсонийликнинг гўзал сифатларини ўзида мужассам этган саҳна кўринишлари орқали азиз ва муҳтарама Аёлларга чексиз ҳурмат ҳамда эҳтиромини ифода этди.

Тадбир якунида қизлар турли йўналишлар бўйича тақдирландилар. Беллашувда иштирок этган барча қизларга мактаб маъмурияти, бошланғич хотин-қизлар ҳамда Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти томонидан эсдалик совғалари, фахрий ёрлиқлар тақдим этилди.

P.ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: