"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9554.22 +21.26
  • 1 EUR = 10637.7 +417.00
  • 1 RUB = 121.1 +1.01

БАХТИЁP БОЛАЛАP ЮPТИ

Халқимизда асрлар синовидан ўтган ажойиб ҳикмат бор: "Меҳнат кишини улуғлайди”. Ҳақиқатан ҳам, инсон ўз ҳалол ва фидойи меҳнати туфайли қадр топади. Ҳаётини, турмуш тарзини ҳам Аллоҳ томонидан ўзига берилган улуғ имкон – меҳнат туфайли безайди, ўзгартиради, янгилайди. Шундай экан, меҳнатга муносабат турли элларда, мамлакатларда турлича шаклларда намоён бўлади. Жаҳоннинг кўплаб давлатларида ҳамон кучли кучсизни, бой камбағални, ҳатто катта ёшдагилар ўзидан кичикларни, айниқса балоғат ва ўсмир ёшига етмаган болаларни ёллаб, эзиб ишлатиш ҳолатлари мавжуд. Шулар ҳақида ўйларканман, яқин ўтмишда, собиқ шўролар тузуми даврида ўзимнинг ҳам болалигим, ўсмирлик даврим далада кетмон чопиш, минг бора эгилиб-букилиб пахта териш билан ўтгани ёдимга тушади. Ўша оғир йилларда то декабрь ойининг қор-қировли кунларида ҳам оёқларимиз муз қотиб пахта терганимиз, кечалари ота-онамиз билан бирга кўсак чувиб чиққанларимизни, ўқувчи бўлсак-да эрталаб зиммамиздаги фалон кило пахта териш "норма”мизни бажаришга интилган кунларимизни ўйласам, бугунги файзга тўла ҳаётга шукроналар айтаман.

Минг бора шукурки, мустақиллик туфайли Ўзбекистонда инсон меҳнатига, инсон омилига муносабат тубдан ўзгарди. Айниқса, болалар ва балоғат ёшига етмаган ўсмир-ёшлар меҳнатидан фойдаланишга чек қўйилди. Бугунги Ўзбекистон болалари, ёшлари меҳнат қачон инсонни улуғлашини, инсон қайси ёшдан меҳнат майдонига кириши мумкинлигини жуда яхши биладилар. Биров келиб "далага чиқ”, деса, эргашиб кетавермайдилар. Чунки, бугунги ўқувчи-ёшларимиз биздан кўра ақлли, билимдон. Энг асосийси, мамлакатимизда вояга етмаганлар меҳнатидан фойдаланишни чеклашга доир қонуний асослар яратилган.

Халқаро меҳнат ташкилотининг ратификация қилинган Конвенцияларини амалга ошириш мақсадларини ифода этувчи қатор қарорлар қабул қилинган. Хусусан, Ўзбекистон Pеспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 27 майдаги "Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг Ўзбекистон Pеспубликаси томонидан ратификация қилинган Конвенцияларини 2014-2016 йилларда амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 132-сонли қарорининг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида жорий 2014 йилда ҳам таълим муассасаларида ва оилаларда келажагимиз эгалари бўлган болаларни оғир меҳнатга жалб қилишга чек қўйилди. Эндиликда мамлакатимизда ота-она ёки таълим муассасаси ходими вояга етмаган болаларни оғир меҳнатга жалб қилиш, ёллаб ишлатиши жиноят эканлигини ҳам яхши билишади.

Туманимизда эса Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги қарори ҳамда Халқаро меҳнат ташкилотининг болалар меҳнатидан фойдаланишни таъқиқлашга доир муҳим қонуний ҳужжатлари сўзсиз ижро этилди.

Энг асосийси, юртимизда келажагимиз эгаларининг ҳар томонлама етук инсонлар бўлиб етишиши, чуқур билим олишлари ва бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Дунёнинг ҳеч бир мамлакатида таълим тизимига, ёш авлод тарбиясига бизнинг юртимиздагидек давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмаса керак. Ҳатто энг чекка қишлоқларимизда ҳам замонавий кўринишдаги таълим масканлари, спорт иншоотлари, маънавият-маърифат марказлари ўқувчи-ёшларни ўз бағрига олган.

Бир вақтлар, аниқроғи, яқин ўтмишда – шўролар тузуми даврида фарзандларимиз қаҳратон қиш киргунча бир неча ойлаб пахта теримига жалб этилган бўлсалар, мустақиллик болалари асосий вақтларини илм сирларини ўрганишга, дарсдан бўш пайтларини эса мусиқа, спорт ва бошқа соҳалар бўйича ташкил қилинган тўгаракларда ўтказмоқдалар, ҳунар ўрганишга бағишламоқдалар. Туманимизнинг чекка қишлоғи – Бўз ёп овулидаги бизнинг 10-сонли мактабимиз ўқувчилари ҳам кузнинг илк кунларида янги ўқув йилини бошлаб, айни кунларда икки ой давомида олган билим-ларини синовдан ўтказиб, ўқув йилининг биринчи чорагини муваффақиятли якунламоқда.

Бугун барча шароитларга эга замонавий таълим масканларида илм ўрганаётган ўқувчилар орасидан эртага фермерлар, саноатчилар, тадбиркорлар, олимлар, давлат ва жамият арбоблари етишиб чиқишига албатта ишонамиз. Чунки, уларнинг ҳар жиҳатдан етук ва баркамол авлодлар бўлиб шаклланиши давлат ва жамият эътиборида.

 

Гуласал МАТЁҚУБОВА,

10-сонли мактаб директори,

халқ депутатлари туман Кенгаши депутати.

Янгиликни бўлишинг: