"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9554.22 +21.26
  • 1 EUR = 10637.7 +417.00
  • 1 RUB = 121.1 +1.01

Тўйлар - маънавиятимиз кўзгуси

Халқимизда тўй кўп, яхши кунларимиз кўп, илоҳим кўз тегмасин!

Тўй маросими икки ёшнинг муҳаббати ила оила аталмиш муқаддас қўрғоннинг қурилаётганлигини элу-юртга, қариндош-уруғларга маълум қилиб, олдидан ўтиш деган маъноларни беради...

Аммо бу маросим бугунги кунга келиб, инсонларнинг мол-у дунёсини кўз-кўз қилишга қаратилган беллашувга ўхшаб қолаяпти.

Ҳайратланарлиси шундаки, бу "катта” маросимнинг кичик-кичик маросимчалари болалаб кетаётир. Эшик очар, маслаҳат, кенгаш, қиз йиғин, келин кўрди, куёв чақириқ, келин чақириқ яна ёшларнинг ва катталарнинг "ювди-ювди”лари...

Юқоридагиларнинг барчаси фақат асосийлари, бу рўйхатни тағин давом эттириш мумкин. Буларнинг барчасини ҳисоблаб чиққанимизда, кичикроқ бир тўйга етгулик харажатлар келиб чиқади. Шукурки халқимиз бадавлат, дастурхонимиз тўкин, осмонимиз тинч, шундай экан, ҳар бир юртдошимизнинг боши тўйдан, яхши кундан чиқмасин.

Лекин айрим қўштирноқ ичидаги маросимларнинг инсонларга, оилага фойдаси борми? Уларни кимлар ўйлаб топаяпти?

Болаликда, "қирқ кечаю қирқ кундуз тўй берибди ва муроду мақсадларига етишибди”, деб якунланувчи эртакларни кўп эшитганмиз. Ҳозирги тўйларимиз ҳам шу иборага ўхшаб кетаяпти. Бироқ қирқ кеча-ю қирқ кундуз қилинаётган тўйлар якуни қандай бўлаяпти? Икки ёш муроду мақсадларига етишиб бахтли бўлаяптими? Афсуски йўқ. Халқимизда асалнинг ҳам ози ширин деган мақол бор.

Биз тежамкорликни четлаб ўтиб исрофгарчиликка юз тутишимиз бу нафақат моддий зарар, балки, мусулмончилигимизга ҳам зид бўлган салбий иллатдир.

Нега япон юз йил яшару,

Ўзбек бунча ёшга бормайди.

Чунки япон биздек қоронғу,

Саҳар туриб ошга бормайди.

Гарчи биздан юз бор фаровон,

Гарчи биздан юз карра тўқдир.

Тўй харжида юзта бой япон

Бир камбағал ўзбекча йўқдир”, - деб ёзади Э.Воҳидов. Бу сўзларнинг замирида маъно кўп. Фақат чуқурроқ мулоҳаза қилишимиз лозим. Бу ҳақда жуда кўп гапирилаяпти, ёзилаяпти. Аммо хулоса чиқаролмаяпмиз, деб ўйлаб қоламан. Айниқса бугунги кунга келиб, қиз чиқариш ўғил уйлантиришдан ҳам қийинроқ бўлиб бормоқда. Ҳаётимиз тўкис, бахтимиз бекам бўлган дориломон бир пайтда ўйлаб кўрайлик: биз бу кунларга қандай эришдик?

Қолаверса сайёрамизнинг айрим ҳудудларида очлик, йўқчилик ҳукм сураётган бир даврда, биз тўқчиликнинг қадрига етмай, исрофгарчиликка йўл қўяётганимиз йўқми? Бу дабдабабозликларда фақатгина катталарни айблаш ноўрин. Сабаби мана шу исрофгарчилик аталмиш салбий иллатга қайсидир маънода ёшлар ҳам йўл қўймоқдалар. Бунга яққол мисол – тўй сайллари "гулянка”лар. Келин-куёвларимиз энг сўнги русумли машиналарда сайлга чиқишади. Бундан ташқари куёв тарафдан ва келин тарафдан яна бир қанча машиналарни орқаларига эргаштириб улов серқатнов бўлган кўчаларда, йўлларда шундай палапартиш ҳаракатланишади. Холбуки, кўплаб йўлтранспорт ҳодисалари мана шу маросимларда содир бўлмоқда. Мана шу номақбул одат қанчадан-қанча ёшларнинг ҳаётига зомин бўлди...

Тўйларимиз камчиликлардан холи бўлиб, ҳақиқий бахт остонаси бўлса, келин-куёвлар мурод-мақсадларига етишса, қанийди.

Азиза МАДPАҲИМОВА,

Манғит Иқтисодиёт коллежи ўқувчиси.

Фото: http://www.haqida.uz

Янгиликни бўлишинг: