"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8039 +176.83
  • 1 EUR = 9347.75 +265.41
  • 1 RUB = 118.05 +5.41

БУЗҒУНЧИ ҒОЯЛАP: УЛАP ЮPТИМИЗГА ҚАНДАЙ КИPИБ КЕЛМОҚДА?

"Сотка” келтирган фожиа

Баъзан катта-кичик давраларда ёшлар тарбияси ҳақида гап кетганда кўпчилик:

Ҳозирги ёшларни "сотка” – уяли телефон "қулоқсиз” қилиб қўймоқда, деса, яна бир тоифа одамлар интернет тизимидаги сон-саноқсиз сайтларнинг таъсири катта эканлигини куюниб таъкидлашади.

Ўтган асрнинг 90-йилларида бир ҳамкасбимиз уяли алоқа воситаларини "бутун оламнинг даракчиси”, деб таърифлагани ҳам бежизга эмас. Дунёнинг у чети билан бу четига атиги бир неча сония ичида алоқага чиқиб, ўзига зарур хабар ёки ахборотни олиш имконини берувчи интернет тармоғи ва уяли алоқа воситалари одамлар учун шунчалик қулай имкониятлар яратаётган экан, нега улар ҳақида юқоридаги каби салбий фикрлар билдириляпти?Нега ўғлининг ёки қизининг ўта билимдон бўлишини, техника асрига монанд билим олишини истаб, компьютер совға қилган ота-она ўз фарзандининг ўз уйида ўтириб онги бузилаётганидан нолияпти? Хўш, бунга сабаб нима?

Сабаб? Сабаблар бисёр, азизлар. Яхшиси, "бутун оламнинг даракчиси” бўлган оддийгина қўл телефони келтирган катта бир фожиани кўрайлик-да, хулоса чиқарайлик.

Бундан бир неча йил олдин таниқли журналист Pустам Жабборовнинг "Сотка”нинг орқа томони” мақоласи ("Қишлоқ ҳаёти” газетасининг илова нашри "Ҳаёт”, 2008 йил, 23-сон)да жуда долзарб муаммо кўтарилди. Яъни, ҳали ўсмир ёшдаги мактаб ўқувчилари ўз тенгқур мактабдош қизни гуруҳ бўлиб зўрлашади ва буни уяли телефонда видеотасвирга тушириб, чор-атрофга тарқатишади, интернет тармоғига ўтказиб юборишади. Шармандаликни кўтара олмаган бегуноҳ норасида қиз ўз жонига қасд қилади. Бундай ҳолатдан жаҳондаги кўплаб мамлакатларда яшовчи ота-оналар ғазабланишади. Оқибатда Шри Ланка ҳукумати Парламенти ёшларнинг уяли телефон ишлатишини таъқиқлаш тўғрисида қарор чиқаргани ҳақида фикр юритиб, ўзимизда ҳам шунга ўхшаш ҳолатларнинг юз бермаслиги учун ёшларнинг қўл телефони ва интернет тармоғидан фойдаланишларини қатъий назорат қилиб бориш зарурлигини таъкидлайди.

Интернетдаги бузғунчи ахборотлар эгаси кимлар?

Дарвоқе, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик янгиланишлар, олиб борилаётган ислоҳотларнинг чиройли натижаларини кўролмаган ғанимлар ўзларининг бузғунчи ғояларини, ғаразли ниятларини амалга оширишда айнан ана шундай электрон хотирали воситалардан фойдаланган ҳолда миллатимиз ёшларининг онгини заҳарлашга интилаётгани сир эмас. Чунки бундан 10 йил аввал терроризмни тарғиб қилувчи ўзбек тилидаги интернет ресурслар сони 20 тани ташкил этган бўлса, ҳозирги вақтга келиб уларнинг сони 7000 тага етган.

Ўзбекистон телеканали орқали эфирга берилган махсус кўрсатувда қайд этилишича: "интернетдаги маълумотларнинг 86 фоизини ахлоқий бузуқлик ва зўровонлик руҳидаги ахборотлар ташкил этади. Шундан 23 фоизини диний экстремизм, 30 фоизини эса беҳаёликни тарғиб қилувчи ахборотлар эгаллаган”.

Агар Ўзбекистон телеканали орқали эълон қилинган "Интернетга ин қурган "ўргимчаклар” кўрсатувини томоша қилган бўлсангиз, унда шундай маълумотларга урғу берилади: "Ал Қоида халқаро террорчилик ҳаракати ўз тарғиботининг 99 фоизини интернет орқали олиб боради. Интернетдаги маълумотларнинг 14 фоизигина фойдали, холос”.

Ваҳоланки, "Ал Қоида”, "Ҳизбут таҳрир”, "Акромийлар”, "Таблиғчилар”, "Нурчилар” каби диний экстремистик ва террорчилик ҳаракати аъзолари дин ниқоби остида диний маърифий мазмунлари бузилган электрон адабиётлар, турли ахборотлар жамланган аудио, видео тасмалар, DVD ва CD дисклари билан ғоявий қуролланган ҳолатда юртимизга яширин йўллар орқали кириб келиб, маънавий таҳдидлар қилаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Хўш, бундай маънавий таҳдид кучлари кимлар ўзи?

Минг афсуслар бўлсинки, улар ўзимиз билан ёнма-ён яшаётган ўз миллатдошларимиз, тўғри йўлдан адашган гумроҳлардир.

Бугунги кунда бундай гумроҳ кимсаларни сиёсатшунослар 3 тоифага бўлишади ва бу хусусда "Интернетга ин қурган "ўргимчаклар” кўрсатувида атрофлича фикр юритилади:

Биринчи тоифа – шунчаки динга қизиқувчикишилардир. Улар чет элда, кўча-кўйда учраган диний адабиётларни, электрон материалларни сотиб олиб келиб, таниш-билишларига тарқатган кишилар.

Иккинчи тоифа – диний экстремистик оқимларга аъзо эмас, лекин нияти бузуқ кимсаларнинг таъсирига тушиб, онги заҳарланаётган аросатдаги одамлар. Бундай кимсалар ўзлари дўст деб билган кишиларнинг хизматини қилиб, компьютер хотирасини бузғунчи материалларга тўлдириб, оқибатини ўйламасдан иш қилувчилар.

Учинчи тоифа – чет элда ўқиб ва ишлаб юриб эътиқодидан адашиб, экстремистик оқимларга қўшилган кимсалардир.

Таҳдидлар, фитна ва фасод уйғотувчилар

Бундай кимсалар бузғунчи ғоялар билан жамият учун ўта зарарли ишларни амалга оширадилар. Улар хориждаги раҳнамоларининг кўрсатмалари бўйича турли мазмундаги электрон адабиётлар, ҳар хил дискларни юртимизга олиб келиб, халқимизни ичдан бузишга интиладилар. Ўз ғаразли мақсадларини амалга ошириш учун аввало улар ички таҳдид кучларидан фойдаланадилар. Одамлар орасида бир-бирига ишончсизлик, парокандалик, лоқайдлик пайдо қиладилар. Бир-бирига лоқайд, бепарво одамлар ўз оиласида юз бераётган кўнгилсизликларни ҳам пайқашдан йироқ, ўзи билан ўзи овора бўлиб қолишади. Ҳар ким ўзи билан ўзи овора яшаши бу – ёввойиликдирки, бундай кимсалар ёввойи, бир-бири билан иши йўқ жамият яратадилар. Ички таҳдид кучлари айнан ана шундай - бир-бири билан иши йўқ одамлардан фойдаланадилар. Бузғунчи ғоялар билан тўлдириб ташланган ҳар хил электрон адабиётлар ва турли дискларни айнан шундай лоқайдларга тарқатадилар. Ўзбекистонни демократик маърифий тараққиёт йўлидан оғдиришга интиладилар. Дин ниқобига буркалган ақидапараст ташқи таҳдид кучлари четдан туриб юқоридаги каби лоқайд, ўзига ва ўз Ватанига ишончсиз кимсалар қўли билан ғаразли ниятлари томон ҳаракат қиладилар.

"Интернетга ин қурган "ўргимчаклар” телекўрсатувида хоразмлик бир йигит ўзи билмаган ва оқибатини ўйламаган ҳолда даҳшатли жангарилик фильмлари ёзилган электрон манбаларни кўпайтириб, тарқатганлиги, оқибатда индивидуал терроризм сари қалтис қадам қўйишига бир баҳя қолгани ҳақида сўз боради. Ахир бу ҳолат тинч-осойишта яшаётган халқ юрагига ғулғула солиш, фитна, фасод уйғотиш эмасми? Миллионлаб ҳамюртларимиз олдида ўз қилмиши учун кечирим сўраб, алп қомати эгилиб, кўзидан ёш тўкаётган бу йигитнинг қилмиши қайси қотилликдан кам? Ахир у тарқатган фитна, иғво ва бўҳтондан иборат электрон манбалар неча юзлаб пок ниятли инсонлар қалбига қўрқув солиб, ваҳима уйғотмайдими?

Электрон манбаларни кўпайтириб, тарқатган, бундан даромад топаётган ўша хоразмлик йигитга ўхшаган ёшлар афсуски орамизда бор. Бундайлар ҳаромдан ҳазар қилмай, "ким қанча диск оларкан?”, деган таъма билан яшаб, ботиллик, ғофиллик ботқоғига ботган, халқ лаънатига гирифтор бўлгувчи кимсалардир. Шу боис, ҳар бир воқеа-ҳодисага, ўғил-қизга, қўни- қўшни, маҳалла-кўй ҳаётига уйғоқ кўз билан боқайлик, азизлар. Зеро, уйғоқлик - огоҳликдир.

Муқаддас динимизга янгилик киритишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!

Ўз ўзидан шундай савол туғилиши табиий:

Диний экстремистик оқимларнинг тарафдорлари ҳам диндор одамлар бўлишса, нима учун бузғунчи мафкурани ўзларига қурол қилиб олишган? Нима, динимизда мусулмонлар учун зиён келтирадиган ишларга ҳам йўл борми? Йўқ, азизлар, диний ақидапараст кимсалар ўзларини диндор ҳисоблашлари мумкин, лекин уларнинг тинч-осойишта халқлар бошига солаётган маънавий ва моддий кулфатлари беҳисоб. Уларнинг бузғунчи мафкурани ўзларига қурол қилиб олганларининг сабаби ҳам жуда оддий - дунёга эгалик қилиш. Ҳақиқий мусулмонлар Pасуллоҳ (с.а.в)нинг: "Сизлар менинг ва хулофаларимнинг йўлини тутиб,уни озиқ тишларингиз билан тишлагандек маҳкам ушланглар. Динга янгиликлар киритишдан сақланинглар, албатта, ҳар қандай бидъат залолатдир”,дея марҳамат қилганларини жуда яхши биладилар, билиб туриб диний саводсиз, лоқайд кимсаларни йўлдан урадилар. Ваҳоланки, Қуръони Каримда: "Ҳаммангиз Аллоҳнинг аркони (Қуръон)ни маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг” ("Оли Имрон”сураси, 103-оят) дея таълим берилган. Ҳақиқий мусулмон бўлишликнинг мезони эса яхши амаллар, яхши тарбия, яхши таълим ва ота-она ризосига эришишдир.

Аммо бугунги кунда баъзи диний билимсиз кишилар бири билиб (бундайлар моддий эҳтиёжини қондириш учун), бири билмай, гумроҳларга, ақидапараст кимсалар қўлидаги қўғирчоққа айланиб қолишмоқда. Меҳнатдан – зийнат, илмдан – ҳикмат ахтариш ўрнига хориждаги раҳнамолари таклиф этган моддий бойлик эвазига ўз халқига, она Ватанига хиёнат қилишгача бориб етишмоқда. "Аллоҳ буюрган”, деса раҳнамоларининг товонини ялаб, ўзини ўзи портлатишгача бориб етаётган бундай кимсалар ҳақиқий ислом дини энг маърифатпарвар, энг инсонпарвар дин эканлигини, инсон тугул табиатдаги барча моддий ва номоддий нарсаларга зиён етказиш – қотиллик билан бараварлигини англашдан ожиз, манқуртга айланган инсон қиёфасидаги ёвузлардир.

Муқаддас динимизни пок сақлаш ҳақиқий мусулмонлик зийнатидирки, унинг дастури эзгулик, мардлик, қаноат, фасоҳат каби гўзал ахлоқий қоидалардан иборат. Моҳиятида эса исломий камолот йўли, покиза руҳ, гўзал ахлоқ тараннум этилади. Демак, биз ўзимизни, оиламиз ва фарзандларимизни интернетдаги ижтимоий тармоқларга ин қурган "ўргимчак тўри”дан, мафкуравий хуружлар ва маънавий таҳдидлардан омон сақлашимиз учун ҳақиқий исломий адабиётларга ошно бўлмоғимиз жоиз. Ана шунда турли зарарли оқимлар, ҳақиқий тасаввуф оламига зид бузғунчи ғоялар таъсиридан энг аввало онгимизни, эркимизни ҳимоя қилган бўламиз.

Тасаввуф - қалбни поклашдир

Демак, биз ўз диний билимимизни ошириш учун диний экстремистик ва террорчи ташкилотларнинг электрон ва интернет тармоқлардаги 40 мингдан зиёд сайтларига кириб ўтиришимизга асло ҳожат йўқ. Чунки бундай сайтлардаги диний маълумотларнинг 99 фоизи бузғунчи ғоялар билан тўлдириб ташланган. Ваҳоланки, амалда биз тариқат деб атаётганимиз Тасаввуф лотинча Sophiya – ҳикмат маъносини англатиб, арабча сафо – поклик сўзидан келиб чиққан ва қалбни поклаш маъносини англатади. Модомики, ҳар бир мусулмон қалбини поклаш ниятида Аллоҳга яқин бўлмоқ орзусида экан, нияти холислик ила қайта- қайта таъкидлайманки, имом Абу Исҳоҳ Шобитий ҳазратларининг: "тасаввуф – ҳар бир яхши ахлоқ ила хулқланиш ва ҳар бир ёмон хулқдан чекланиш”, деган ҳикматига амал қилмоғи, ўз ҳаётини гўзал ва файзли ишлар, она Ватан равнақи, ота-она ризоси йўлига бахш этмоғи лозим.

Лоқайд, бепарво, ўзи билан ўзи овора ёввойи инсонларга, бузғунчи кучлар қўлидаги қўғирчоққа айланиб қолмаслик, оиламиз ва фарзандларимиз ва демакки (!) Она Юрт келажаги учун ҳар лаҳза огоҳ бўлмоғимиз керак. Салгина айтилган нотўғри фикр, салгина қўйилган қалтис бир қадам – наинки мафкура майдонидаги маънавий-маърифий қиёфамизга, балки халқимизнинг маънавий илдизларига зарар етказиши табиий. Чунки бундан 912 йиллар аввал Иннокентий исмли шахс томонидан "маънавий қиличбозлик майдони” деб таъриф берилган мафкуравий кураш майдони шафқатсиз. Бу кураш майдонида илмда, маърифатда, маънавиятда қудратлилар ҳамиша ғолибдир. Шу боис, ёшларимизни маънан ва жисмонан қудратли инсонлар қилиб тарбиялашда уларни энг аввало ёт мафкура хуружлари ва таъсирларидан асрашимиз, маънавий қиличлари метин ва кескир баҳодирлар даражасида камол топтиришимиз шарт.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА, журналист.

Фото: http://zakovat.uz


Янгиликни бўлишинг: