"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9554.22 +21.26
  • 1 EUR = 10637.7 +417.00
  • 1 RUB = 121.1 +1.01

ОИЛАВИЙ ВА ШАХСИЙ НАМУНА

Манғит шаҳрининг "Дурунки” маҳалласида яшовчи Амангул Қаюпованинг бизнинг элимизга келин бўлиб тушганига 33 йил тўлмоқда. У асли қорақалпоқ қизи бўлиб, Pеспубликамизнинг Қонликўл туманидаги Қуламет жиров овулида туғилиб ўсди. 8 йиллик мактабни тамомлагач, Хўжайли шаҳридаги педагогика билим юртида таҳсил олиб, бошланғич таълим ўқитувчиси мутахассислигини эгаллади. Унинг кейинги ҳаёти Манғит шаҳри билан боғланиб кетди. Педагогик фаолияти эса шаҳардаги 36-сонли мактаб жамоасида бошланди. Педагогик фаолиятининг дастлабки йилларида таниқли педагог, Ўзбекистон халқ таълими аълочиси, Қорақалпоғистон Pеспубликасида хизмат кўрсатган ўқитувчи, раҳматлик Оймон опа Бобожонова ёш ўқитувчига ўзининг бой тажрибаларини, бошланғич синф ўқувчиларини ўқитиш услубларини сира эринмасдан ўргатиб борди. Натижада ёш ўқитувчи Амангул Қаюпова қисқа фурсатда етакчи ўқитувчилар сафидан жой олди.

– Устозим Оймон опа Бобожонова менга онам каби меҳрибонлик қилди, билим ва тажрибаларини сахийлик билан ўргатди. Бу қалби дарё, бағрикенг, фидойи инсоннинг шогирдлари жуда кўп эди. Мен шуларнинг бири бўлганимдан фахрланаман ва устозимдан бир умр миннатдорман, -дейди Амангул Қаюпова тўлқинланиб.

Амангул Қаюпова оилавий жиҳатдан ҳам бахтли инсон бўлиб, унинг Матёқубовлар оиласига қўйган қадами қутлуғ бўлди. Шу боис, мана 33 йилдирки, турмуш ўртоғи Кўклан Матёқубов билан аҳил-иноқ ҳаёт кечириб келмоқда. Ҳакимбой, Ҳамида, Ҳамро ва Холида каби солиҳ фарзандларни камолга етказишди. Ўғилқизлари касб-ҳунарли. Ўғиллари ота касбини тутиб, электр-газ пайвандловчи бўлиб етишишди.

– 5 нафар неварам бор. Данагидан мағзи ширин, деганлари рост экан. Неваралар билан оиламиз обод. Ўғилларим Ҳакимбой, Ҳамро касбимни ерда қолдирмай, давом эттиришмоқда. Мен бундан жуда хурсандман, дейди оила сардори Кўклан Матёқубов биз билан суҳбатда.

Ҳа, "Дурунки” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Гавҳар Мингбоеванинг Матёқубовлар оиласини намунали, тинч-тотув ва аҳил оила деганича бор экан. Мен ҳам мазкур оила даврасида бўлиб, бунга амин бўлдим.

Амангул Қаюпова мактабда ўқитувчилик даврида жамоат ишларида, турли тадбирларда ва кўрик-танловларда фаол қатнашди. У етакчи педагог-ўқитувчи ва фаол жамоатчи бўлгани учун 2001 йилда мустақиллигимизнинг 10 йиллиги кўкрак нишони билан тақдирланган. Бу кўкрак нишони ўша йили биринчи марта таъсис этилган эди.

Амангул Қаюпова маҳалла ҳаётида ҳам фаол қатнашиб келмоқда. У маҳалла фуқаролар йиғинидаги "Яраштириш комиссияси” аъзоси, маҳалла аёл-қизлар бошланғич ташкилоти етакчиси бўлиб фаолият кўрсатмоқда. У маҳалла фаоллари билан биргаликда оилаларда маънавий-ахлоқий соғлом муҳитни ва соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ёш оилаларнинг тинчтотув ва аҳиллигига эришиш, фарзанд тарбиясига эътиборни кучай-тириш, эрта никоҳларнинг олдини олиш каби жамият учун фойдали ишларда жонбозлик кўрсатмоқда. Бу ишлари билан Амангул Қаюпова жамиятда маънавий муҳит барқарорлигига, маҳаллада тинчлик-тотувликни таъминлашга ҳисса қўшмоқда.

Қобул ШОМУPОДОВ,

газетанинг жамоатчи мухбири.

Янгиликни бўлишинг: