"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9554.22 +21.26
  • 1 EUR = 10637.7 +417.00
  • 1 RUB = 121.1 +1.01

Атроф муҳит бу-ўзимиз яшайдиган она юрт

Бизнинг уйимиз Манғит арна каналига яқин ҳудудда жойлашган. Йилнинг тўрт фаслида ҳам канал соҳилидаги йўл бўйлаб шаҳар марказидаги жонажон мактабимга ўқишга бораман. Айниқса, жазирама ёз фаслида Манғит арна соҳилида юриш жуда ҳузурбахш. Шовуллаб оқаётган сув салқини жазирама иссиқ тафтини босади. Танга хуш ёқувчи салқин шамол эсиб турганини кўрсангиз, худди мўъжизанинг ўзи, дейсиз.

-Арна суви табиий совутгич,-дейдилар доим дадам. - Бу неъматнинг қадрига етишимиз керак. Бизнинг мамлакатимиздагидай тоза ичимлик сувини дунёнинг кўпчилик мамлакатларидан топиш мушкул.

- Қанчалар жаннатмакон юртимиз, унинг бой табиати бор-а!- дейман шундай давлатда яшаётганлигимдан ғурурланиб.

Ҳар йили эрта кўкламда ҳовлимиздаги боғимизга турли хил мевали дарахт кўчатлари ўтқазамиз. Кексайган дарахтларни дадам авайлабгина қайчилаб, шакл берадилар. Боғимиздаги хазонларни йиғиб, узум токларини кўмиш пайтида пайдо бўлган чуқурларга ташлаб чиқамиз.

- Булар баҳорда токларни очиш пайтида кўмилиб қолади ва табиий чиринди, фосфорга айланади, -деб ўргатадилар дадам.

- Табиат – онамиз. У бизга тоза ҳаво, турли ноз-неъматлар ато этади,-дея таълим беришади устозларимиз.

Хазон ёқиш – ер экологиясини бузишини, дов-дарахтлар зарар кўришини, энг ёмони, атроф-муҳит зарарли ис газидан ифлосланишини биринчи синфдалигимиздаёқ устозларимиз бизга қайта-қайта уқтиришган. Шунинг учун биз ўзимиз яшайдиган ҳовлимизни ҳамиша тоза тутишга ҳаракат қиламиз. Қолаверса, Конституциямизда ҳам ҳар биримиз атроф муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишимиз зарурлиги таъкидланган. Атроф муҳит бу - ўзимиз яшайдиган оила, маҳалла - она Юрт.

Она Ватанимизнинг ҳар жиҳатдан гўзал, ҳавоси мусаффо, дарё-ю анҳорларида оқувчи зилол сувлари тоза бўлса, ўзимиз соғлом, она заминимизда ҳаёт бардавомдир.

Қундузой Юсупова,

"Камалак юлдузлари” болалар ижодиёти

фестивалининг Ўзбекистон Pеспубликаси босқичи ғолиби.

Янгиликни бўлишинг: