"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9554.22 +21.26
  • 1 EUR = 10637.7 +417.00
  • 1 RUB = 121.1 +1.01

Она табиатни асрайлик

Мамлакатимизнинг Асосий қонуни - Конституциямизнинг 55-моддасида "Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий заҳиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир”, дейилган.

Қолаверса, атроф-муҳит ва аҳоли саломатлиги билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи қатор Қонунлар ва қонуности ҳужжатлари ишлаб чиқилганки, уларнинг барчаси атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатни таъминлаб, шу орқали аҳоли саломатлигига хавф туғдирувчи ҳаракатларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Дарҳақиқат, бизни ўраб турган олам - табиатимиз, ҳайвонот ва наботот дунёси, оёғимиз остидаги она замин, ер ости ва ер усти бойликлари, сув - ҳаммаси бутунича умуммиллий бойлигимиздир. Уларнинг яхлит мўътадил тизими бизнинг яшаш, умргузаронлик қилишимиз учун зарурий шароит ҳисобланади.

Шу боисдан-да она табиатимизга, хоҳ ўсимликлар, хоҳ ҳайвонот дунёсига, хоҳ ер, сувимизга номуносиб муносабатда бўлишимиз - унинг табиий мувозанати бузилишига, инсонлар яшаши учун ноқулай шароитларнинг вужудга келишига сабаб бўлади. Ер, ер ости бойликлари, ҳайвонот, ўсимликлар, сув ва барча табиий заҳираларнинг давлат муҳофазасига олинганлиги ҳам шунинг учундир. Унга дахл қилиш ҳолатларига амалдаги қонунчилигимизда жазо чоралари кўзда тутилган.

Шунингдек, 2003 йил 1 майдан кучга кирган Ўзбекистон Pеспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Pеспубликаси ҳудудида атроф табиий муҳит ифлослантирилганлиги ва чиқиндилар жойлаштирилганлиги учун тўловлар тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги 199-сонли қарорига мувофиқ, Pеспубликамиз ҳудудида атроф табиий муҳитини ифлослантирганлиги ва чиқиндиларини жойлаштирганлиги учун ишлаб чиқариш корхоналаридан компенсация тўловлари ундириш, тўловларни давлат табиатни муҳофаза қилиш органлари томонидан ундириш ва 50 фоизини давлат бюджетига, 50 фоизини табиатни муҳофаза қилиш ишларига фойдаланиш назарда тутилган.

Туман табиатни муҳофаза қилиш бўлими ходимлари мавжуд қонуний ҳужжатларга мувофиқ фаолият юритишиб, туманимиз табиатини, табиий заҳираларни, сув ва ўсимликлар, ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилишга, табиатга оқилона муносабат ўрнатилишига бутун имкониятларини сафарбар этмоқдалар.

Хусусан, туманимизда фаолият юритаётган 18 та ишлаб чиқариш корхоналаридан атроф табиий муҳитни ифлослантирганлиги ва чиқиндилар жойлаштирганлиги учун компенсация тўламлари ўз вақтида ундирилди.

Табиатнинг ўзи заргарга ўхшайди. Унинг бағридан униб чиққан ҳар бир гиёҳ, ҳар бир дарахт, ўрмонлар, ҳайвонот олами ўзига хос бир оламдир. Бу табиий бойликка дахл қилинишининг олдини олиш, муҳофаза қилиш фақат шу соҳа ходимларининг иши эмас, балки барчанинг бурчидир. Чунки, биз яшаётган ҳудуд мусаффолиги, экологик мувозанат барчамизга бирдай дахлдордир. Шундай бўлишига қарамасдан сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини бузувчилар, ноқонуний балиқ овлаб сотаётган, балиқ тутишда таъқиқланган ов қуролларини ишлатаётган, маҳаллий ҳокимият органлари белгилаганидан ташқари ерларга чиқиндилар ташлаётган, табиий муҳитни муҳофаза қилиш қоидаларини қўпол равишда бузаётганлар афсуски, учраб турибди.

Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида ана шундай ноқонуний ҳаракатлар содир этилган 55 та ҳолат аниқланиб, айбдорлардан жарималар ундирилди. Шунингдек, сувдан тежаб-тергаб фойдаланиш учун ҳар бир сув олиш нуқтасига тегишли техник паспорт олиш ишлари юритилмоқда. Бу лимитсиз сув олиш ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади. Ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда яшил дарахтларни кўпайтириш учун йилимиз кўкламида туман бўйича 79900 та тез ўсувчи терак, 364200 та мевали ва манзарали дарахтлар, 300 та каштан, 46100 та япон сафораси кўчатлари ўтқазилди ва ўсиб-ривожланиши мунтазам назорат қилинмоқда.

Бизнинг фаолиятимиз табиатимиз муҳофаза қилинишига, ер, ер ости бойликлари, сув ва бошқа табиий заҳираларга оқилона муносабат ҳукмрон бўлишига қаратилган.

М.Абдримов,

туман табиатни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи.

Ж.Дўсимбетов,

бўлим инспектори.

Ш.Болтабоев,

ҚP табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси республика сув ресурсларини муҳофаза қилиш инспекциясининг тумандаги 1-даражали мутахассиси.

Янгиликни бўлишинг: