"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9467.27 +3.63
  • 1 EUR = 10570.2 +86.50
  • 1 RUB = 149.13 +0.60

Буюк шоҳ ва шоир

Биз умргузаронлик қилаётган бу кўҳна Туронда шундай буюк инсонлар яшаб ўтганки, уларнинг ижодий мероси, ҳайратланарли хизматлари башарият эътирофига, ҳурмат-эҳтиромига сазовордир. Мана, қарийб олти асрки, буюк шоир, тарихчи, географ Заҳириддин Муҳаммад Бобур халқимиз руҳиятининг тўрида яшаб келмоқда. Бу буюк истеъдодли саркарда ҳалокатга юз тутган Темур салтанатини янги асосда қайта тиклашга муяссар бўлди. Шоирликда Навоийга, рубоийнависликда Умар Ҳайёмга тенглаштирилган бу улуғ зот ўз авлодларига "Бобурнома”дек буюк асар ёзиб қолдирди. Улуғ шоирнинг Ватанга садоқати, фарзанд тарбиясидаги ҳаракатлари, фарзандлари билан муносабатлари биз авлодлар учун ибрат мактабидир.

Атоқли француз тарихчиси, олим, ислом дини ҳақидаги қатор тадқиқотлар муаллифи, "Исо пайғамбар ҳаёти” асарини ёзган Э. Pенан: "буюк темурий тождорлар Бобур – Ҳумоюн ва Акбар орасидаги оқилона ворисийлик тарихда фақат бир марта содир бўлган нодир ҳодиса”, деб баҳолайди. Бобур тириклигида тожини ўғлига топширган ягона ҳукмдордир. Фидойи ўғли Ҳумоюн эса Ҳиндистонда отаси асос солган салтанатни турли хил тажовузлардан омон сақлайди, набираси Акбар эса бу салтанат-у сулоланинг довруғини оламга ёйди.

Бобур ижоди ўзбек халқи учун ноёб бир хазина. Бу хазинани ўқиб-ўрганиш ҳамда авлодларга асраб-авайлаб етказиш учун юртимизда катта ишлар амалга оширилмоқда. 1992 йил Халқаро Бобур фонди ташкил этилди, "Жаҳон маданияти ва Бобур” музейи очилди.

Бобур ижодига нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунё миқёсида қизиқиш катта. Анна Флора Стилнинг "Тож кийган дарвеш”, "Ўн олтинчи аср бунёдкорлари”, "Шаҳзода Бобур”, "Тоғ Шаҳзодаси” каби инглиз тилида яратилган асарларининг барчаси буюк бобокалонимиз ҳаёти ва ижоди бутун дунё ҳалқларининг маънавият хазинасини бойитиб турганлигидан далолатдир.

Халқаро Бобур фонди ҳомийлигида инглиз адибаси Маргарет Pумер Годен яратган "Гулбадан” романи чоп этилгани ҳам фикримизнинг яққол далилидир.

Бутун онгли ҳаётини халқлар дўстлигини мустаҳкамлаш, она Ватанга чексиз меҳр-муҳаббат туйғулари билан йўғрилган асарлар яратишга бағишлаган буюк бобокалонимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи билан биз авлодлар ҳар қанча фахрлансак-да оз.

Нилуфар АЛЛАНИЁЗОВА, Амударё қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси.
(Фото http://www.samusspo.uz)
Янгиликни бўлишинг: