"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9411.3 +15.37
  • 1 EUR = 10421.1 +60.40
  • 1 RUB = 146.51 +3.04

ЎҚУВЧИНИНГ ДАPС ҚОЛДИPИШИГА КИМ ЖАВОБГАP?

Журналист суриштируви

Мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки кунларданоқ маънавий қадриятларимиз ҳамда миллий манфаатларимизга асосланган юксак тараққий этаётган замонага муносиб таълим тизимини яратиш, юксак маънавиятли, билим ва салоҳияти илғор, жисмонан бақувват ёш авлодни тарбиялаб, вояга етказиш масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланди. Жуда катта умуммиллий аҳамият касб этувчи таълимни ислоҳ қилишдек келажакка дахлдор вазифани бажариш, кадрлар тайёрлашнинг янги тизимини бирпо этиш, мустақил Ватан келажаги бўлган баркамол авлодни тирбиялашдек шарафли ишни амалга оширишда муҳтарам Президентимиз мислсиз ташаббус кўрсатганини бугун нафақат халқимиз, балки бутун дунё зиёлилари яхши билишади. Чунки миллат келажаги учун юксак маънавиятли, баркамол, салоҳиятли авлодни тарбиялаш мақсадида мамлакатимизда Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб "Таълим тўғрисида”ги Қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий Дастури, таълим тизимини ифода этган ҳамда таълимнинг ўзбек моделига хос бўлган давлат таълими стандартлари ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилди. Шунингдек, ўсиб келаётган ёш авлоднинг хоҳиш- истаклари, орзу-интилишларини амалда намоён этишлари, эмин-эркин, ўзлари хоҳлаган йўналишлар бўйича таҳсил олиб, касб-ҳунар эгаллашларини кафолатловчи қонуний асослар яратилди. Яъни, "Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, "Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги, "Васийлик ва хомийлик тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Буларнинг барчаси мамлакатимизда илм-фан, таълим ва маданиятни ривожлантириш, ёш авлодни ҳар жиҳатдан баркамол қилиб тарбиялаш, интеллектуал салоҳиятни инсон капиталига айлантириш изчиллик билан амалга оширилаётганидан далолат беради. Бир сўз билан айтганда, таълим тизими соҳасидаги давлат дастурлари, юқорида биз санаб ўтган Қонунлар ва қонун ости ҳужжатлари ушбу жабҳани сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди ва пироварида ўқувчи-ёшларга халқаро меъёрларга мувофиқ равишда билим бериш имконини яратди.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда таълимга йўналтирилаётган харажатлар давлат бюджетининг 35 фоиздан ортиғини ташкил этмоқда. 2013 йилда Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти томонидан ўтказилган тадқиқот натижалари шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистон айни пайтда жаҳондаги 141 та мамлакат орасида таълим тизимини ривожлантириш бўйича бешинчи ўринни эгаллаб турибди. Бу­ - соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳамда уларнинг ҳаётий самаралари жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак эътироф этилаётганининг амалий тасдиғидир.

Хўш, барчамизнинг қалбимизга ғурур ва ифтихор бағишловчи бундай юксак эътирофга жавобан ҳамма жойда ҳам самарали ишлар олиб борилаётирми? Мамлакатимизда жорий этилган 12 йиллик барча учун мажбурий ва бепул таълим имкониятларидан ёшларимиз унумли фойдаланишяптими? Юқорида биз санаб ўтган Қонунлар асосида ўз фарзандининг таълим олиши, хоҳлаган йўналиши бўйича мутахассисликка эга бўлишлари учун ота-оналар томонидан зарур шарт-шароит яратиб берилаётирми? Ўқувчи-ёшларнинг умумтаълим фанларига оид билимини ошириш билан бирга аниқ мутахассислик ва касб-ҳунарга эга бўлишларини таъминлаш мақсадида касб-ҳунар коллежлари ўқитувчилари ўз зиммаларидаги масъулиятни чуқур ҳис қилишаётирми? Ўқувчи-ёшлар-чи? Улар Давлатимиз томонидан яратилиб берилган жаҳон андозаларига мос шарт-шароитлардан унумли фойдаланишмоқдами?

Биз юқоридаги саволларга жавоб топиш, касб-ҳунар коллежлари ўқувчи-ёшларининг таҳсил олиш ва касб-ҳунар эгаллашга интилишларини ўрганиш мақсадида туманимиздаги Амударё агробизнес касб-ҳунар коллежи ҳамда Амударё хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежларида бўлиб, ўқитувчи ва ўқувчи-ёшларнинг давлатимиз ғамхўрлигига қандай муносабатда эканликлари билан қизиқдик.

Дастлабки кузатишларни Амударё агробизнес касб-ҳунар коллежи ҳаёти билан танишишдан бошладик. Аввало шуни айтиш керакки, коллежда 7 та йўналиш бўйича 46 та гуруҳ бўлиб, мазкур гуруҳларда 1381 нафар ўқувчи таълим-тарбия олишади. Ўқувчиларнинг ўзлари хоҳлаган йўналишларда таълим олишлари, назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлаб боришлари учун барча шароитлар муҳайё. Энг замонавий ўқув-амалиёт анжомлари билан жиҳозланган аудиториялар, спорт ва тантаналар зали, шинам ва озода ётоқхона, 42183 та китоб фондига эга "Ziyo net” таълим тармоғига уланган ахборот-ресурс маркази, назарий машғулотлар учун лаборатория, лингафон ва компьютер хоналари ўқувчи-ёшлар хизматида. Коллежда ана шу шарт-шароитлар оғушида давлат ғамхўрлигига муносиб таҳсил олаётган ёшларнинг борлигидан қувондик. Спортчи-ёшлар эришаётган айрим ютуқлар, хусусан, волейбол спорти бўйича коллежлараро ўтказилган мусобақада туманда 2-ўринни, футбол бўйича 1-ўринни эгаллаганлари таҳсинга лойиқ. Фанлар олимпиадасининг туман босқичида немис тили фанидан Муҳтарам Қўчқорова, француз тили фанидан Света Шамиловалар ғолибликни қўлга киритишиб, Қорақалпоғистон Pеспубликаси босқичига йўлланма олишганини эшитиб, қувондик. Лекин 1381 нафар ўқувчи таҳсил оладиган коллеж учун булар етарлими?

Ваҳоланки, коллеж ўқувчиси ўз устида ишлаши, ўқиб-изланиши учун керагидан ортиқ шарт-шароит яратилганлигини биз юқорида қайд этдик. Бироқ биз коллежда, 16 март куни таҳсил давом этаётган гуруҳларда бўлганимизда бунинг тамоман аксини кўриб, дилимиз хира тортди. Чунончи, 3-14-сонли машиналарга техник хизмат кўрсатиш гуруҳида 27 нафар ўқувчидан 22 нафари, қишлоқ хўжалигини электрлаштириш ва автоматлаштириш йўналишидаги 6-14-сонли гуруҳда 30 ўқувчидан 15 нафари, 8-14- гуруҳда 30 ўқувчидан 22 нафари, 14-14- гуруҳда 30 ўқувчидан 26 нафари, 13-14 гуруҳда 30 ўқувчидан 28 нафаригина дарсда қатнашаётганлигининг гувоҳи бўлдик.

­- Ўқувчиларнинг давоматини яхшилаш бўйича тинимсиз ҳаракатлар қилаяпмиз, ­- дейди коллеж "Камолот”ЁИҲ бошланғич ташкилоти етакчиси P.Турсунбоев. – Тушунтириш-тарғибот ишлари, ота-оналар билан мулоқотлар ўтказиш, ҳудудий милиция таянч пункти профилактика нозири ҳамда ОФЙлар ҳузуридаги "Маҳалла посбони” сардорлари, вояга етмаганлар билан ишлашиш комиссияси масъуллари иштирокидаги суҳбатлар оз бўлса-да ўз самарасини бермоқда.

Ўқиш икки сменада олиб бориладиган коллеждаги давомат аҳволи иккинчи сменада тамоман паст эканлигини қайд этмай иложимиз йўқ. 4-12- сонли зоотехния мутахассислиги гуруҳидаги Назокат Қўчқорованинг дарсида бор-йўғи 6 нафаргина ўқувчи қатнашаётган бўлса, 12-12-сонли тикувчилик мутахассислиги гуруҳида 33 нафар ўқувчидан 13 нафари, 10-12-сонли умумқурилиш ишлари устаси йўналишидаги гуруҳда эса 28 ўқувчидан 8 нафаригина дарсга келишган. Биз ўзимиз кирган гуруҳлардаги ўқувчиларнинг зиммаларидаги масъулиятни қай-даражада ҳис қилишларини билиш мақсадида парталарни оралаб, уларнинг ёзув дафтарлари билан қизиққанимизда шу нарса аён бўлдики, ўқувчиларнинг айримлари коллежга билим олиш, касб-ҳунарли бўлиш мақсадида эмас, балки шунчаки дипломли бўлиш-у, "тезроқ коллежни тугатиш” учун келишади, деган хулосага келдик. Чунки ўзимиз бирма-бир варақлаб кўрганимиз, 80-85 фоиз ўқувчилар қўлидаги ёзув дафтарларининг деярли барчаси умуман коллеж ўқувчиси учун белгиланган тартиб-қоидага жавоб бермайди. Ёзув дафтарларининг бошида математика, ўртасида касб таълими, биология, она тили, охирида эса...ўқувчининг шахсий туйғулари. Бу ҳолатдан ўқувчидан кўра, тўғриси, биз уялдик.

Биз қайси гуруҳда бўлмайлик, ўқувчиларга умумий бир савол билан мурожаат қилдик:

­- Коллежнинг ахборот-ресурс маркази имкониятларидан ким фойдаланаётир?

- Жимлик.

Саволга жавоб топиш мақсадида 42183 та китоб фондига эга ахборот-ресурс маркази раҳбари Нодира Давлатбоеванинг иш фаолияти билан танишдик. Афсуски, ахборот-ресурс маркази раҳбаридан ўзимизни қизиқтирган саволларга етарли жавоб ололмадик.

Бундан шундай хулоса чиқадики, Н.Давлатбоева ё ўз вазифасини яхши тушунмайди ёки коллеж ўқувчилари учун марказда қониқарли хизмат кўрсатиш йўлга қўйилмаган.

Шу ерда эътиборингизни бир нарсага қаратмоқчимиз. "Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Pеспубликаси Қонунининг 13-моддасида "...касб-ҳунар коллежлари эгалланган касб-ҳунар бўйича ишлаш ҳуқуқини берадиган ҳамда бундай иш ёки таълимни навбатдаги босқичда давом эттириш учун асос бўладиган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бериши” кафолатланган. Демак, коллеж битирувчиси хоҳласа, ўзи танлаган мутахассислик бўйича ишлаши, хоҳласа, таълимнинг кейинги йўналишида ­– олий ўқув юртида ўқишни давом эттириши мумкин. Лекин ушбу Қонунда кафолатланган илм олиш, касб-кор эгаллаш, ўз билимини мустаҳкамлаш ҳуқуқидан самарали фойдаланиш ўрнига Амударё агробизнес касб-ҳунар коллежининг айрим ўқувчилари ота-оналарига эргашиб чет давлатларга чиқиб кетишганлиги янада ачинарли. Хусусан, коллежнинг 1-12-сонли агрономия йўналиши гуруҳидан бир нафар, 3-12-сонли фермер хўжалиги иш юритувчиси йўналиши гуруҳидан бир нафар ўқувчи ота-оналари раҳнамолигида Pоссия Федерациясига ишлаш учун чиқиб кетишган. Натижада "Таълим тўғрисида”ги Қонун талаблари бузилган ва коллежнинг 6 нафар гуруҳ раҳбарига коллеж педагогика Кенгаши томонидан огоҳлантириш ва ҳайфсан берилган. Кўрилган чора-тадбирларга қарамасдан коллежда ўқувчилар давомати бўйича ҳамон кўзланган натижаларга эришилмаётгани ғоят ачинарли.

Амударё хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежидаги аҳвол эса янада жиддий. Сабаби, биз коллежда бўлган 17 март (2015 йил) санасида 8 та йўналиш бўйича 20 та гуруҳда таҳсил олаётган 573 нафар ўқувчидан, ишонсангиз, 73 нафарини ҳам учрата олмадик.

­- Ўқувчилар Наврўз байрамига тайёргарлик кўришаяпти,- изоҳ берди коллежнинг "Камолот” ЁИҲ бошланғич ташкилоти етакчиси Pасул Тожибоев.

Ҳайрон бўлдик. Ўқув хоналари жим-жит. Ўқитувчилар хонаси бўм-бўш! Дарс жадвалига эътибор бердик: 1-сменада 11 та гуруҳ ўқувчилари таҳсил оларкан. Ахир 573 нафар ўқувчининг барчаси байрамга тайёрланишмаётгандир, деган тахмин билан аввал биринчи, кейин иккинчи қаватдаги ўқув хоналарига бош суқдик. Гуласал Ёдгорова дарс ўтаётган 5-14-сонли гуруҳда 26 ўқувчидан 19 нафари дарсда иштирок этишаётганларини кўриб, ҳар гуруҳдан 5-6 нафар ўқувчи Наврўз – умумхалқ байрами тадбирига тайёрланаётган тўгаракда экан-да, деб ҳам ўйладик. Аммо 2-13-сонли автотранспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш йўналишидаги гуруҳда 31 нафар ўқувчидан 7 нафари, 3-13-сонли маиший хизмат техникалари ва касса аппаратларини таъмирлаш йўналишидаги гуруҳда 22 ўқувчидан атиги 2 нафар ўқувчи дарсга келганлигини қандай изоҳлашни ҳам билмадик. Бу ҳам майли, 2 нафар бўлса ҳам, масъулиятни ҳис қилиб, ўқув хонасида ўқитувчисини кутиб ўтиришган экан, 6-13- тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишидаги ва 5-13- сув-газ таъминоти ва канализация йўналишидаги гуруҳларга битта ҳам ўқувчи дарсга келмаганлигини қандай изоҳлаш мумкин?

Хўш, коллежда нега жим-житлик? Ўқувчи масъулиятсизми ёки ўқитувчи? Ёки ўқиш ва ўқитиш жараёнида муаммо борми?

­- Ўқувчиларнинг кўпчилиги жуда олисдан қатнашади, -дейди коллеж директорининг касбий таълим бўйича ўринбосари Озод Авезов.

­- Ахир барча ўқувчи олис масофадан қатнамас, -қизиқдик, -ўқишни истаган бола учун, фарзандининг касб-корли бўлишини хоҳлаган ота-она учун масофа муҳим бўлмаса керак?

­- Фикрингиз тўғри, биз ўқувчилар давоматини яхшилаш мақсадида қанча кўп елиб-югурсак-да, фойдаси кам бўлаётир,- давом этди О.Авезов. –Бу борада жойлардаги ОФЙ ва МФЙ раисларига номма-ном хатлар жўнатдик. Лекин баъзан хафа бўлиб кетадиган томонлари ҳам бор. ОФЙ ва МФЙларнинг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари коллежга келиб: "қани, бизнинг худуддан коллежда қайси бола ўқияпти?” деб сўрашади. Мен бир ўзим коллеждаги 573 нафар ўқувчининг қайси овул ёки маҳаллада туришини беш қўлдай биламан-у, маҳалла маслаҳатчиси ёки "Маҳалла посбони” сардори ўз маҳалласининг боласи қайси коллежда ўқишини билмайди.

Назаримизда О.Авезов ҳақ гапни айтди. Ҳақиқатан ҳам ўзини ўзи бошқариш органлари билан таълим-тарбия муассасаларининг ҳамкорлиги коллежларда ўқувчилар давомати билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон Pеспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 19 июндаги 175-сонли "Баркамол авлодни тарбиялашда оила институти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 2-бандида: "Оила, маҳалла, таълим муассасалари ҳамкорлигини янада кучайтириш, ота-оналарнинг фарзандлар тарбиясидаги ўрни, мажбурияти, масъулияти ва фарзандлар билан ўзаро муносабатларини мустаҳкамлашга кўмаклашиш, таълим муассасаларидаги таълим-тарбия сифатини ўрганиш ва уларни янада такомиллаштиришга оид чора-тадбирларни амалга ошириш” оила-маҳалла-таълим муассасаси ҳамкорлиги Жамоат Кенгашининг муҳим вазифаси эканлигига алоҳида аҳамият берилган. Демак, коллеж ўқувчисининг қай даражада таҳсил олиши, касб-кор эгаллаши ва жамиятда ўз муносиб ўрнини топиши учун биринчи галда ўқувчининг ўзи, қолаверса, ота-она, маҳалла ва таълим муассасаси бирдай масъул.

Шундай деймиз-у, туман ИИБ томонидан бизга тақдим этилган маълумотларга қараганда биргина 2015 йилнинг январь ойи давомида Амударё мелиорация ва сув хўжалиги касб-хунар коллежидан 2, Амударё маиший хизмат кўрсатиш касб-хунар коллежидан 9 нафар, Амударё агробизнес касб-хунар коллежидан 6, Амударё қишлоқ хўжалик касб-хунар коллежидан 4 нафар, жами 35 нафар коллеж ўқувчисининг ота-оналари ўз фарзандларининг сурункали равишда дарсга қатнашмаганлиги учун Ўзбекистон Pеспубликаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг тегишли моддалари бўйича жарима жазосига тортилишган.

Шу ерда ҳақли бир савол туғилади: Фарзандларимиз бошини силаб, хоҳлаганингча ўқи, излан, ҳунарли бўл, олим-у фузало бўл, деб жон куйдираётган Юртбошимизнинг, давлатимизнинг ғамхўрлигига жавоб шуми? Ахир фарзандимиз ўқиса, баркамол шахс сифатида шаклланса, энг аввало кимнинг обрўси? Оиланинг, ота-онанинг , Ватаннинг обрўси, шарафи эмасми? Бу шараф соҳиби бўлиш эса ўз қўлимизда, шундай эмасми, азизлар?

Кимгадир фарзандини коллежда ўқитиш учун автотранспторт, яна кимгадир оиладаги моддий етишмовчилик муаммо бўлиб кўринади. Лекин фарзандининг келажагини ўйлаган ота-она учун буларнинг ҳеч бири тўсиқ бўла олмайди. Шундай бўлса-да коллежларда давомат билан боғлиқ муаммони ҳал этишда маълум маънода автотранспорт масаласи билан боғлиқ муаммога тўхталишни лозим топдик.

Эътибор беринг: Амударё хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежи ўқувчиларининг 60 нафари Бобур номли, "Оқ олтин”, "Тўлқин” ҳамда Куюк кўпир овулларидан 22-28 чақирим масофадан коллежга қатнашади. 102 нафар ўқувчи эса Хитой, Дўрман, Холимбег, Қиличбой ҳамда Бўз ёп овуллари ҳудудидан 26-30, айримлари 30-35 чақирим жойдан қатнаб ўқишади. Қолган ўқувчилар- 5-15 чақирим жойдан қатновчи ўқувчилар бир амаллаб велосипедда ўқишга келиб-кетишини ҳисобга олсак, коллеж ўқувчиларининг ярмидан кўпроғи анчайин олис масофадан ўқишга келишади.

­- Агар коллежимиз учун ётоқхона қурилиши масаласи ҳал этилганида балки яхши натижаларга эришармидик, - дейди коллеж директорининг маънавий-маърифий масалалар бўйича ўринбосари Музаффар Қурбонбоев.

­- Менимча, автотранспорт масаласи муҳимроқ, - ўз фикрини билдирди "Камолот” ЁИҲ бошланғич ташкилоти етакчиси Pасул Тожибоев. ­– Туманимиз ҳудудларига автобуслар қатнови йўлга қўйилса, яхши бўларди.

Таълим-тарбия ишларига масъул бўлган директор муовини ва ёшлар етакчисининг юқоридаги фикрлари кимнингдир назарида ўйлаб топилган баҳона бўлиб туюлар. Аммо бу фикрларда жон бор. Балки коллеж ётоқхонаси қурилиши ва автотранспорт масаласи ҳал бўлса, албатта ўқувчиларнинг дарсга давоматидаги муаммолар барҳам топар.

Бизнинг ниятимиз эса холис ­–ўсиб келаётган ёш авлоднинг наинки ота-онасининг, балки ўзининг, она Ватанининг қадр-қимматини оширадиган, эл-юртга шараф келтирадиган инсонлар сифатида шаклланишини таъминлашга кўмаклашиш, муаммоларни ҳал этишда фидойилар қаторида туриш. Ана шудир – бизнинг ниятимиз, азизлар. Юқоридаги муаммолар хусусида эса мутасаддилар, масъуллар дўппини ерга қўйиб бир ўйлаб кўрсалар ёмон бўлмасди. Яна бир гап, коллеж ўқитувчилари ҳам (айниқса, Амударё маиший хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежи) таълим тизими ходимлари учун давлатимиз томонидан яратиб қўйилган шарт-шароитларга жавобан қатъиятлироқ бўлишса, янаям яхши бўларди. Ҳар ойда беминнат олиб турган ойлик маошларини ҳалоллаб, таълим-тарбия соҳасида илғорлик пиллапояларидан ўтиб қабул қилишса, бундан улуғ, бундан савобли иш бўлмасди. Ахир дунёнинг ҳеч бир мамлакатида Ўзбекистондагичалик Ўқитувчи ва мураббийларга буюк эҳтиром кўрсатилмайди. Ана шу шарафга муносиб меҳнат қилмоқ керак, шундай эмасми?

Pобия ЙЎЛДОШЕВА,

Алламберган ЖУМАНИЁЗОВ,

amunews.uz веб-сайти махсус мухбирлари.

(Фото - http://www.uzbekistonovozi.uz)

Янгиликни бўлишинг: