102 БАҲОРНИНГ ГУВОҲИ БЎЛГАН ТАБАРРУК МОМО
Ҳар бир инсон умри мисли бир китоб. Ҳар бир саҳифасида ўзига хос қувонч-ташвишлар, маъно-мазмунлар бисёр. Аслида одам умри доим ҳам бир текис кечавермайди. Бир тоифа фозиллар умрни театр саҳнасига, одамзотни унда роль ижро этувчи актёрларга ўхшатишади. Агар биз ҳам шундай дея тасаввур этсак ва бировларнинг ҳаётини томоша қилиш имкониятимиз бўлса, бир асрдан зиёд умр кўрган, бизнинг ҳатто тасаввуримизга ҳам сиғмас даражада турмуш қийинчиликларига бардош бериб яшаб, роҳат-фароғатга етган Рейима момо Саидмуродованинг босиб ўтган ҳаёт йўли кўпчилигимизга ибрат бўлар эди. Ҳатто оддий рўзғор юмушларини ҳам оғир оладиган, фарзандларининг болалик шўхликларига чидамай дағдаға қиладиган, зурриётларининг оқибатсизлигидан нолийдиган ё ўз умридан мақсад-маъно тополмай зерикиб яшайдиганларга бу улкан сабоқ бўлар эди. Ахир шунча йил умр кўришнинг ўзи ҳам шоир айтганидай, ярим ҳикмат. Қолаверса, югуриб-елиб, оилам, юртим деб яшаш ва кексайган чоғингда уларнинг ардоғида бўлишнинг гашти ўзгача.
Момо 1913 йилда Хўжайли туманида туғилган. Отаси Анорбой Бердимуродов масъул лавозимда ишларди. 1930 йилларнинг охирида Тошкентга қандайдир мажлисга чақирилган ва халқ душмани деб мажлисда ўтирган жойида қамоққа олинган. Шундан кейин онаси, туғишганлари учун ёруғ кунлар зулматга айланди. Эҳ-ҳей, ўша йиллар уларнинг бошидан не уқубатлар ўтмади, дейсиз. Гоҳ халқ душманининг фарзанди, дея мактабда камситишса, гоҳ келиб уйларини тинтиб, қўлга илгудай нарса топишолмай кетишарди. Ўз элининг одамлари ҳатто нима гапиришса, органга шуни етказиб туришар, отасини соғинганидан юраклари эзилиб турса-да, тилига чиқариша олишмасди. Ҳатто буғдойи ўриб-йиғиб олинган далада машоқ териб юришганида йиққан буғдойини олиб қўйиб, ўзларини калтаклашса ҳам чидашди. Қамоқда вафот этган Анорбой Бердимуродов бир йил ўтмасдан оқланди. Бироқ элдаги қаҳатчилик туфайли азобли кунлари тугамай, тақдирга тан бериб яшашди.
Рейима Саидмуродова бўй етиб туманимизнинг "Оқ олтин” овулида яшовчи Тожимурод исмли йигит билан ҳаётини боғлаганида, 1940 йилда деҳқончилик, пахтачилик ишларининг бари асосан қўлда бажариларди.
- Қилганим меҳнат, кўрганим уқубат бўлди, - дея эслайди момо ўша йилларни. – Бош қаттиқми ё тош, - дея сўрашганида бир донишманд: "бош қаттиқ” деб жавоб берган экан. Шундай чиқар. Менинг чеккан захматларимга тоғ бардош беролмас эди. 1950 йилда Жумуртов шаҳарчасига кўчиб борганимиздан сўнг қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи заводда ишладим. Оҳак пишириш цехи улкан, хумбузга тошлар трап орқали замбилда олиб бориб ташланарди. Замбилга 100 кило атрофида тош солинарди. Шу замбилнинг бир тарафини эркаклар билан баб-баравар кўтариб, 50 метрча келадиган трапда олиб чиқардик. Оғир меҳнат туфайли туққан болаларимнинг Худойбергандан бошқаси нобуд бўлиб кетди.
Худойберган ўғлим Урганчдаги педагогика институтини тугатгач, 41-мактабга ишга юборишди. Бир-икки йил қатнаб ишлаб, анча қийналди. Кейин отаси: ёлғизгина боламизни йўлда сарсон қилиб қўймай, кўчиб бора қолайлик, - деди ва шу ерга кўчиб келиб, ўтиримли бўлиб қолдик. Шукр қиламан, биргина ўғилдан саккиз қиз, уч ўғил невара кўрдим. Бир ўғил неварамнинг умри қисқа экан, қолган 10 нафари ўқиди, уйли-жойли бўлди, ўзларидан тиниб-тинчиб кетди.
Момонинг ажин босган юзларида мамнуният балқийди. Атрофида чуғурлашиб юрган чевараларига фахрланиб қараб қўяди.
- Онамнинг чеваралари ҳам олди бўй етди. Бири Қорақалпоқ Давлат Университетида, бири Малайзияда халқаро туризм йўналишида ўқияпти, иккови бу йил абитуриент. Аввал ўз болаларимизни ўқитгандик. Энди гал невараларимизга келди. Фарзандларимизнинг, невараларимизнинг эсли-хушли бўлиб камолга етаётганида биздан кўра онамларнинг хизмати катта, - дейди Худойберган ака.
Унинг турмуш ўртоғи Бибиойша опанинг момо ҳақидаги сўзлари янаям қизиқарли:
- Невараларимни ухлатмоқчи бўлиб алла айтсам, ҳалинчагидан тушиб кетишади, аллани катта энам айтсин, дейишади. Энам жуда кўп халқ қўшиқларини билади. Авваллари тўйларда қизларга ёр-ёр айтарди. Овози ширали бўлганиучун менинг аллаларимни невараларим тинглагиси келмайди. 38 йилўқитувчилик қилганим бекорменинг, дейман энамга. Уйли-жойли бўлибкетган қизларим ҳаммеҳмонга келса, аввал энамниизлайди.
Табиатан ширин сўз, беаёвйиллар саноқсиз ажинларсолган момонинг юзидаодамни ўзига тортадиган бирилоҳий нур бордек, меҳрбалқиб туради. Шу меҳр уни бир умр ғайрат-шижоатли қилган бўлса, ажаб эмас.
Момо ҳатто келинига 70-75 ёшларигача тандирни бермай, неваралари учун ўзи нон ёпган, овқат пиширган экан. Томорқада турли мева, сабзавот етиштириб, бозорга олиб чиқиб сотиб, оиласи эҳтиёжига керакли нарсаларни харид қилиб келаркан. Асли тўртинчи синфгача таълим олган Рейима момо олди-сотдида ҳисоб-китобни бир зумда ёддан чиқарса, атрофидагилар ҳайрон бўлиб қарар экан.
Рейима момонинг кичкинагина жуссасига қараб, унинг шунчалар зеҳнли, қувватли бўлганига ҳайрат, ҳам ҳавас қилади, одам. Шу боисдан ҳам дўст-биродар, қўни-қўшнилари қариндошдек яқин, момонинг уйи остонасидан одам аримайди. Момо келгувчиларни адашмай танийверади, бағрига босиб кўришиб, узундан-узоқ дуо қилади. Биз – бир гуруҳ таҳририят ходимлари ҳам 102 йилнинг гувоҳи бўлган табаррук момони зиёрат қилиш, дуосини олиш бахтига мушарраф бўлдик. Навбат суратга олишга келганида Рейима момо янги рўмолини олиб келишни невараларидан бирига буюрди. Буюрди-ю сал ўтмай, таёғини қўлига олганича ўзи ўрнидан турди. Фарзандлари бўй етиб қолган невараси рўмолини топиб олиб келишига ишонмади чоғи, йўл-йўлакай:
- Болага иш буюр, орқасидан ўзинг югур, - деб қўйди.
Ўтирганлар бу гапга қотиб-қотиб кулдик. Рейима момонинг орқасидан қараб қоларканмиз:
- Илойим, шу ғайратингизга кўз тегмасин, - дедик ҳавас билан.
Ойгул РАЖАБОВА, Маҳмуджон ШОМУРОДОВ, газетанинг махсус мухбирлари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶