ЭЛ АРДОFИДАГИ ИНСОН
Худоёр Шомуродов 1946 йил 3 декабрда Хоразм вилоятининг собиқ Манғит туманида Шомурод ака ва Абадан опа Камоловлар оиласида таваллуд топди.
Урушдан кейинги халқнинг аҳволи ночор, деярли ҳамма нарса етишмайдиган 1953-60 йилларда ҳозирги 26-сонли (собиқ Папанин номли) мактабда ўз даврининг забардаст ўқитувчилари Шомурод Давлатов, Иброҳим Машариповлардан, кейин 1961-63 йилларда ҳозирги 5-сонли мактаб (собиқ С.Раҳимов номли)да Исмоил Хўжамуратов, Йўлдош Болтабоев ва Ўктам Қурбоновлардек таълим фидойиларидан таҳсил олиб, мактабни яхши баҳоларга битказди. Шу йили Самарқанд давлат тиббиёт институтининг педиатрия факультетига ўқишга кириб, уни 1969 йилда муваффақиятли тамомлади. 1969 йилда Амударё туман тиббиёт бирлашмасига ишга келиб, В.П.Гаухман, унинг рафиқаси, болалар шифокори Сара Менсожник, Раъно Абдуллаева, А.Мадаминов, К.А.Огай, Й.Худойберганов, Я.Явидов, А.Хўжаметов, Қ.Сабиков, И.Тажибоев, Б.Кенжаев, О.Халимов, У.Жағалов, Г.Собировалар, яъни туман соғликни сақлаш тизимининг дарғалари билан ишлаш, улардан ўрганиш, айримларига ўргатиш насиб қилди.
Худоёр Шомуродов ишлаган даврларда тумандаги шифохоналарнинг моддий техника базаси ниҳоятда ачинарли эди. Бу етишмовчиликларнинг салбий оқибатлари айниқса болалар ўртасидаги касалликнинг кўпайишига ва болалар ўлимгарчилигининг юқори бўлишига олиб келарди. Ўша йиллар Худоёр Шомуродов ТТБнинг бош педиатри, кейинроқ ТТБ бошлиғининг Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича муовини бўлиб, кўп йиллар тунни-кунга улаб ишлади. Туман соғликни сақлаш тизимидаги эришилган ижобий ўзгаришларга муносиб ҳисса қўшди. У ўз врачлик малакасини ошириш учун Тошкент, Қозон ва Самарқанд шаҳарларидаги малака ошириш институтларида ўқиди, ўрганди ва етук болалар невропатолог шифокори бўлди. У нафақат маҳоратли шифокор бўлди, балки шифохонанинг маънавий, маърифий, жамоат ишларида фаол қатнашди.
Шифохона касаба уюшмаси аъзоси ҳамда кейинги йиллар ЎзХДП бошланғич партия ташкилоти котиби бўлиб, беминнат хизмат қилди. Халқ орасида "Худоёр доктор” номини олди. Худоёр Шомуродов 2011 йилда ишдан нафақага чиққан бўлса-да, ота-оналарга болани парваришлаш бораси-да, соғлом турмуш тарзи аҳамияти ҳақида маслаҳатлар беришдан эринмайди, оғринмайди.
Худоёр ниҳоятда камтар, маданиятли инсон. Фарзандлари Барно – ўқитувчи, Феруза – болалар шифокори, Алишер – тадбиркор, кичик фарзанди Оллаёр ҳали ўқувчи.
Худоёр Шомуродовнинг кўп йиллик соғликни сақлаш ва жамоат ишларидаги самарали меҳнати муносиб тақдирланди. Унга 1990 йилда "Соғликни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони берилди. 1994 йилда Ўзбекистон Республикасининг биринчи таъсис қилинган "Соғлом авлод учун” орденини шахсан Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қўлидан олишга муяссар бўлди.
Худоёр нафақага чиққан бўлса-да, тиниб-тинчимайди. Ёшликда меҳнатга чиниққан эмасми, деҳқончиликка, чорвага ҳамда гулларга, китобга шайдо. Рафиқаси Қурбонгул билан фарзандлари, неваралари қуршовида шу машғулотлари билан тиним билмайди. Худоёр Шомуродовни 70 ёшлик юбилейи билан самимий табриклаймиз, мустаҳкам соғлик, мазмунли умр, оиласига бахт-саодат тилаймиз!
Сизга яна узоқ йиллар халқ хизматига камарбаста бўлиб юриш бахти насиб этаверсин!
Дўстлари ва бир гуруҳ фахрий шифокорлар номидан Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган соғликни сақлаш ходими Мавланберган ТОЖИБОЕВ.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶