ҲУНАРЛИ ҚИЗ – ЭЛ КЎРКИ
Янги йил базмига барча қизларимиз ясан-тусан қилиб келишди. Айниқса,бир қизимизнинг устидаги кўйлаги барча қизларимизнинг эътиборини тортди.
Чиройли тўқилганлиги, бичими, рангининг ажойиблигига ҳамма ҳавас билан боқди. Бу кўйлакнинг қаердан олинганлигини сўрашганида, у ўзи тўқиганлигини айтиб, "мақтаниб” ҳам қўйди. Шунда базмдаги барча қизларимизнинг кўнглидан "Қанийди, мен ҳам тўқишни билсам”, – деган истак ўтгани бор гап.
Энди, ким шу базмдан чиқиб, тўғри тўқувчининг уйига йўл олди-ю, ким тўқувчиликни ўрганиб, шундай кўйлаклар тўқиб кийди, бу бизга номаълум.
Бизнинг истагимиз, Сизни шу тўқувчи қиз билан таништириш.
Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат олийгоҳи магистратурасини битказиб, Қорақалпоқ Давлат Университетида ёшларга тўқиш илмидан дарс бериб юрган бу қиз тақдир тақозоси билан Манғитга келин бўлиб тушди.
Ҳозирда Амударё хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежида фаолият юритаётган, Гулмира Худойназарова 2011 йилда иш бошлаганида коллежда тўқувчилик йўналиши хонаси фақат тўртта девордангина иборат эди. Гулмиранинг жонбозлиги-ю, коллеж маъмурияти кўмаги билан хона Японияда ишлаб чиқарилган тўқимачилик дастгоҳлари билан тўлдирилди. Деворларни тўқимачиликка оид баннерлар, ўқувчилар томонидан бажарилган тўқимачилик намуналари безаб турибди. Тўқувчилик ўқув амалиёти машғулотлари тўлиқ равишда тўқув дастгоҳларида ўтказилмоқда.
Коллежимизга яқин ҳудудда жойлашган мактабларнинг ўқувчиларига ҳам Гулмира нафис тўқиш сирларини ўргатмоқда. Қизларининг тўқишни ўрганганликларини кўриб, ота-оналар Гулмирадан беҳад мамнун.
Гулмира билан суҳбатлашсангиз, шогирдларини кўпайтириш ва шу орқали қизларимизнинг иш билан бандлигига кўмаклашиш энг эзгу нияти эканлигини мамнуният билан таъкидлайди.
– Қиз боланинг ҳунари – кўрки, – дейди у. – Ҳунарли, эпли қиз эл-юртга, оиласига саришталик, қут-барака ва кўркамлик бахш этади, жамиятга фойдаси тегади. Мактабни битирувчи қизларимизни ҳам коллежга ўқишга келиб, тўқувчилик сирларини ўрганишга чақираман.
Биз унинг орзулари рўёбга чиқишига тилакдошмиз. Савобли ишларни амалга оширишда, унга куч-қувват, оиласига тинчлик-тотувлик, бахт, ишларига эса ривож тилаймиз!
Гулкамар Айтбаева,
Амударё хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежи бошланғич хотин-қизлар қўмитаси ташкилоти раиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶