Валентин ким ўзи?
ОММАВИЙ МАДАНИЯТ — МАЪНАВИЯТ КУШАНДАСИ
Газета таҳририяти. Бу ерга одамларни баъзан ҳаёт ташвишлари, муаммолар, баъзан қувонч етаклаб келади. Биз уларнинг ташвишларига елка тутмоққа, муаммоларини ҳал этмоққа интиламиз, қувончларига шерик бўламиз, гўё ўз муаммоларимиз ҳал бўлаётгандай, елкамиздан тоғ ағдарилгандай сезамиз ўзимизни. Ўзганинг қувончини ўзимизникидай қабул қилиб, барча билан бирга баҳам кўриш учун ҳар лаҳза шайланиб турамиз. Ана шу туйғулар бизни ёзишга, ҳаётимиздаги жамики яхшиликларни халқимиз билан бирга баҳам кўришга ундайди.
Аммо... Аммо бугун мени ёзишга ундаган сабаб томоман бошқа нарса – моҳиятан бизнинг менталитетимизга ёт бир ҳолатки, бу ҳақда журналист сифатида фидойилик қилмаслигим, жон куйдирмаслигим асло мумкин эмас.
Ҳижронда куйган "шоиралар”
Одатдаги иш куни. Туманимиздаги умумтаълим мактабларидан бирида таҳсил олаётган икки нафар қизалоқни суратчи-мухбиримиз Маҳмуджон Шомуродов хонамга бошлаб кирди. Қизалоқлар билан танишиб олдик (маънавий-ахлоқий масалаларни ҳисобга олиб, қизалоқларнинг манзил ва исмини сир тутдик). Шеърлар ёзишаркан. Дафтарлар тўла ғиж-ғиж шеър. Фикрлари ёмон эмас, ўқий бошладим. Лекин мени ҳайратга солган нарса шу бўлдики, ҳали ўрта мактабнинг 7-8-синфларида ўқиётган қизалоқларнинг аллақандай Валентин исмли шахсни муҳаббат маъбуди даражасига кўтариб, ҳатто Валантиннинг бошига тушган мусибатни ўзи бошидан кечиргандай қабул қилиб:
"Оҳ, ҳижрондан вужудим ёнар,
Валентиндай юрагим қонар.
Юрагим қонига ғарқ бўламан,
Мен ҳам севгимни деб ўлиб қоламан”.
Шеърни ҳеч бир таҳрирсиз келтирдим. Қофия жойида, вазн эса тумтароқ. Ўқиган одамга, шеърият мухлисига бу сатрлар нима беради? Ҳеч нима! Эндигина 12-13 ёшдаги ўсмир қизнинг "юрагини қонатиб”, ҳатто куйдириб, қоғозга тўкилган шеърдаги Валентин ким ўзи?
- Валентин ким экан? – савол бердим.
Қизлар жимгина бош эгишди. Гарчи ўзим уялиб турсам-да яна сўрадим:
- Валентин исмли йигитни севасанми?
Иккала қизалоқ ҳам "шуниям билмайсизми?” – дегандай менга истеҳзо билан боқишди.
Тўғриси, ҳузуримдаги қизалоқларни ҳамма нарсадан, ҳатто севги сатрлари пала-партиш ёзиб ташланган, ўзлари учун азиз бўлган қўлларидаги дафтарларидан ҳам қаттиқ қизғандим. Ва ушбу мақолани ёзишга жазм этдим.
"Валентин куни” муҳаббат байрамими?
Худди менга ўчакишгандай шу куннинг эртасига ишга келаётиб яна бир "Валентинпарастлар”га дуч келиб, таъбим баттар хира бўлди. Ўқишга шошилиб кетаётган 7-8 нафар ёшлар йўлакда мен билан баб-баравар одимлашарди. Чуғурлашиб гаплашиб бораётиб, бот-бот тўхтаб ниманидир муҳокама қилишаётганидан билдимки, ўқувчи-ёшлар "Валентин куни”ни нишонлаш учун ўртага пул йиғишарди. Ана холос! Яна "Валентин”. Уларнинг гапларидан яна шуни англадимки, ўша кунни – 14 февраль санасини ҳар галгидан ўзгача қилиб ўтказиш, давомли севги мактублари битиш зарурлиги ҳақида бири олиб-бири қўйиб гап талашарди ёшлар. Яна журналистлигимга бордим:
- У қанақа кун экан, болалар?
Ўсмир ёшларнинг бири кулиб, бири жиддий тортиб менга ажабланиб қарашди.
- Муҳаббат байрами куни-ку!
Бир неча овоз жўрлигидаги бу жавобдан тўғриси, жоним оғриди. Биз фарзандларимиз тарбиясига лоқайдмизми ёки уларнинг ҳаётга қарашлари шунчалик саёзми, дея куюндим. Ахир бир тўда ёшлар қаршимда "Сиз ҳали муҳаббат байрамини ҳам билмасизми?” дегандай истеҳзо билан боқиб туришса? Боз устига, бу кунни нишонлаш учун фалон сўмдан ўртага пул йиғаётганларига жим қараб туриш мумкинми? Демак, ўсиб келаётган ёш авлод онгидаги маънавий бўшлиқни юксак ахлоқий-тарбиявий омиллар билан тўлдиришга шошилишимиз керак. Токи, бу маънавий бўшлиқни ўзгаларнинг ёт мафкураси эгаллаб олмасларидан бурун шошилишимиз зарур, шарт!
Валентин ким ўзи?
Хўш, ёшларнинг қалбини маҳв этиш даражасидаги "муҳаббат маъбуди” – "Валентин” ўзи ким? Нима учун ёшлар кўр-кўрона бу шахс номини тилга олаётир. Ўсмир қизалоқларимиз ишқий шеърлар ёзиб, "Валентиндай севги йўлида қурбон бўлиш”га ошиқаётир?
Мен ушбу мақолани ёзишдан аввал жуда кўп тарихий манбаларга мурожаат қилдим, энциклопедияларни титкиладим, турли матбуот нашрларининг тахламларидан бу шахс хусусидаги маълумотларни ахтардим. Ва қатъий бир хулоса чиқардимки, Валентин – ҳеч қандай ё илоҳий, ё жисмоний куч-қудрат соҳиби эмас. У ҳеч ким эмас, азиз ёшлар! Валентин – ҳатто нафратга лойиқ шахс. У инсоният ҳаётида ҳеч қандай роль ўйнамайди ҳам. Бу шахс ҳақидаги ҳақиқатни билмоқчи бўлганларга қатъият ва ишонч билан айта оламанки, бу – "Валентин куни”ни ўйлаб топиб, ёшлар онгини бузишни, маънавий қадриятларимизни таназзулга олиб боришни мақсад қилган миссионерларнинг ҳийла-найрангларидан бири, холос.
Тарихий манбаларга кўра, эрамиздан уч аср аввал Римнинг Терн шаҳрида туғилган бу шахс ўз касбига хилоф равишда севги мактубларини ёза бошлайди. Оқибатда, ибодатхонадан қувғин қилинади. Ваҳоланки, роҳиблар аслида севиш у ёқда турсин, тарки дунё қилиб яшашни истаган тоифа одамлардир. Бу жиҳатдан Валентин ўз танлаган йўлига, эътиқодга хиёнат қилган шахс ҳисобланади. Валентин яшаган даврда Рим императори Клавдий ўзи бошлаб қўйган қонли уруш режаларини амалга ошириш учун ғалати бир фармон чиқаради. Ушбу фармон мазмуни қисман шундай бўлган: "Рим жангчилари қизлар билан учрашмасин ва уйланмасин...”
Ўзи роҳиб бўлатуриб Валентин император фармонига биринчи бўлиб қарши чиқади ва зиндонга ташланади. Ва эрамиздан олдинги 273 йилнинг 14 февраль санасида Валентин қатл этилади. Шундан сўнг у насронийлар орасида "муҳаббат қурбони” деган ном олади.
Азиз ёшлар, энди бир яхшилаб ўйлаб кўрайлик. Кимнингдир ўлган кунини "байрам” сифатида нишонлаш мантиқан тўғрими? Қолаверса, император Клавдий Валентин яшаган даврда православларга қонли маҳорабалар олиб боргани боис, ҳатто славянларнинг ўзлари ҳам Валентин исмли бу шахсни эътиборга олишмагани тарихдан маълум. Бундан ҳам ажабланарли томони – МДҲ доирасидаги давлатларнинг бирортасида ҳам "Валентин куни” байрам қилинмайди. Масаланинг яна бир жиҳати шундаки, роҳиблар оила қуриш, севиб-севилиш туйғуларидан воз кечиб, тарки дунё қилган, ўз умрларини Яратганнинг ўзига бағишлаган шахслардир.
Яна бир нарсага эътиборингизни жалб этишни лозим топдим. Насронийлар инсоннинг туғилган кунларини доимо хурсандчилик билан, байрамдай нишонлашади, дунёдан ўтганларни эса хотирлашади, холос.
Ўзини англаган сўзини англайди
Ана энди яхшилаб ўйлаб кўрайлик. Бизнинг дин-у мазҳабимизга, миллийлигимизга тамоман ёт бўлган бу "байрам” кимга керак? Ўғил-қизининг қўлига пул тутқазаётган ота-она февраль ойида мамлактимизда қандай байрамлар нишонланиши ҳақида нега ўйлаб кўрмайдилар? "Валентин куни” номи билан ёшларимиз онгини заҳарлаётган бу "ясама байрам” аслида бизнинг гўзал ҳаётимизга рахна солишга уринаётган миссионерларнинг найрангларидан бири эмасми? Чунки мафкура майдонида синовдан ўтган энг мақбул йўл – миллат ёшларининг онгини заҳарлаш эканлигини миссионерлар жуда яхши билишади. Интернет сайтлари, турли хил радиоканаллар таъсирида ҳиссиётга берилувчан ёшларимиз жимжимадор ишқий номалар, дил изҳорлари битиш билан банд бўлиб турсалар, уларнинг илм олиш, касб-кор ўрганиш хусусидаги орзуларига путур етса, миссионерлар ўзларининг ғаразли ниятларига жуда осонгина эришадилар, ёшларни хоҳлаган томонларига эгиб оладилар. Оқибатда ҳаётимиздаги маънавий бўшлиқ тобора кенгайиб бораверади, маънавий-тарбиявий соҳада муаммолар юзага келаверади. Миссонерларнинг мақсади шу. Буни наинки ўсмир-ёшларимиз, балки уларнинг ота-оналари ҳам яхши англаб етишлари зарур.
Яна шуни айтишни истардимки, ўсиб келаётган ёш авлод Валентин исмли шахсдан ҳам, "Валентин куни”дан ҳм нафратланмоғи керак. Чунки юқорида айтганимдай, биринчидан, Валентин – аввало хиёнаткор шахс – у ўз эътиқодига хиёнат қилди. Иккинчидан, Валентин – ўз мамлакати қонунларини оёқ-ости қилди, ўз қавми номига иснод келтирди. Ўз қавмдошлари славянлар номини тилга олмаётган бу шахсни бизнинг миллатимиз ёшлари эъзозлаётганлари умуман мантиққа тўғри келмайди. Бу бориб турган гумроҳлик эмасми?
Ёшларимизга баралла айтаман: "Валентин куни” билимсиз, аҳмоқ одамларнинг хаёли. Бундай хаёлда яшаш – бадхулқликдир, маънавий қадриятларимизга нисбатан ҳурматсизликдир. Агар билсангиз, ақлли инсон ҳақиқий муҳаббат туй-ғусини ҳалол касб-кордан топади ва ўз ҳаёт йўлини ана шундай улуғ туйғулар билан безайди. Қолаверса мустақил, озод ва обод Ватанимизда ҳар бир кун байрам. Сўз мулкининг султони, давлат ва жамоат арбоби Мир Алишер Навоий таваллуди айёми – 9 февраль энг улуғ маънавий-маърифий байрам-ку, азиз ёшлар! 14 февралда эса улуғ шоҳ ва шоир, ватанпарварликнинг буюк тимсолларини яратиб кетган Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳазратларининг таваллуд айёми! Фақат ўзбек миллати эмас, балки бутун дунё халқларининг қалб кўзларини очиб, ўз ижод дурдоналари ила нурафшон этган улуғ боболаримизнинг таваллуд айёмларини нишонлаб, бир-бирларимизни муборакбод этсак, улар қолдирган бебаҳо маънвий меросдан баҳраманд бўлсак – бу умримизга етгулик буюк хазина - ҳаётимизни безагулик улуғ айём эмасми, азиз ёшлар?!
Халқимизда ажойиб бир ҳикмат бор: "Ўзини англаган сўзини англайди”, дейдилар. Сўзини англаган инсон эса билимли, ўз миллати қадр-қимматини юксак тутгувчи маънавиятли шахсдир. Айтмоқчиманки, миллатимизга, шарқона ҳаёт тарзимизга зид бўлган бегона қарашларга берилмай, ўз қадр-қимматимизни баланд тутиб яшайлик, азиз ёшлар!
Робия ЙЎЛДОШЕВА.
(Фото - http://zarnews.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶