ФАН ОЙЛИГИ ДОИРАСИДА БИЛИМДОНЛИК МУСОБАҚАСИ ЎТКАЗИЛДИ
Ҳар йили умумтаълим мактабларида турли фанлар бўйича фан ойлиги ўтказиш анъанага айланган. Январь ойи – тарих ва ҳуқуқ фанлари ойлиги сифатида бири-биридан қизиқарли тадбирларга, ўқувчиларнинг билимларини синовдан ўтказувчи заковат баҳсларига бой тарзда ўтди.
15-сонли умумтаълим мактабида тарих ва ҳуқуқ фанлари ойлиги доирасида бўлиб ўтган маънавий-маърифий тадбир ҳам ўзининг тарбиявий, таълимий аҳамияти билан таассуротларга бой бўлди.
“Ватанимиз тарихини ўрганамиз!” шиори остида, мактабнинг 10-11-синфлар ўртасида бўлиб ўтган беллашувда ўқувчилар ўзларининг тарих ва ҳуқуқ фанларини қай даражада ўзлаштиришаётганлари, қизиқиш ва иқтидорларини яққол намоён қилишди.
Мактабнинг тарих фани ўқитувчиси Турсуной Ақманова мазкур тадбирда дастлаб халқимиз тарихи, маданияти, турмуш тарзи, миллий анъана ва қадриятларини ўрганиш, уларни тарғиб этиш ва келгуси авлодларга етказиш муҳимлигини, тарихсиз келажак бўлмаслигини сўзлади. Шунингдек, аждодларимизнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси тўғрисида чуқур билимга эга бўлиш кераклиги, уларнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти билан фахрланишимиз лозимлигини таъкидлади.
Шундан сўнг, 10-синфлар ўқувчиларининг “Ҳимоячилар” ва 11-синфлар ўқувчиларининг “Мустақиллик меъмори” гуруҳлари ўзаро куч синашдилар.
Бири-биридан қизиқарли 5 та шарт асосида ўтказилган мазкур билимдонлик баҳсларида иштирокчилар дастлабки шартга кўра ўз гуруҳларининг номланишини шеърий таърифлаб бердилар.
Кетма-кетликда бажарилган тезкор саволларга аниқ ва пухта жавоб бериш, турли давлатлар ва уларнинг ҳукмдорлари бўлмиш тарихий шахсларни таърифлаш, тарих ва ҳуқуқ фанига оид мақоллар, ибратли иборалар айтиш, саҳна кўринишларини намойиш этишда ҳар иккала гуруҳ аъзолари ҳам бири-бирларидан қолишмадилар. Ҳар бир шарт бўйича қўйилган талабларнинг бажарилиши ҳакамлар томонидан одилона баҳолаб борилди. Унга кўра, ўқувчиларнинг дўстлик, ўзаро ҳурмат, билим олишга интилиш туйғулари ғалаба қозонди.
Муҳими, бўлиб ўтган тадбирда ғолиб ва мағлуб гуруҳни аниқлаш эмас, балки халқимизнинг буюк тарихига бўлган беқиёс ҳурмат, ёшларнинг ҳуқуқий билимларни эгаллашга алоҳида эътибор билан қарашлари эътиборга олинди.
Тадбир якунида ҳар иккала гуруҳ аъзолари ўзларининг шахсий интилишлари, билимдонликлари учун мактаб маъмурияти томонидан фахрий ёрлиқлар билан тақдирланадилар.
Муяссар ХАЛИЛЛАЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶