ТОМОPҚА – КОНИ ФОЙДА, ОИЛА ИҚТИСОДИНИ КЎТАPУВЧИ ХАЗИНА
Томорқа – кони фойда, оила иқтисодини кўтарувчи хазина. Билмаганга эса... Билмаганга шунчаки ҳосил бермайдиган ер ёки меҳнат қилмаслик учун баҳона. Агар кимнингдир 5-6 сотих томорқаси бўлса, демак, у камбағал эмас. Астойдил ҳаракат қилинса, ҳар бир оила ўз томорқасини мўл-кўл даромад манбаига айлантириши мумкин.

Уйшин маҳалласида истиқомат қилувчи ака-ука Оллоёр ва Ойбек Мадиёровлар ўзаро маслаҳатлашиб, томорқа ерида 16 сотихлик иссиқхона барпо этишди-ю, бутун оила аъзолари учун иш топилди. Кўпчилик “қиш ғамини ёзда кўр”, деган ибратли мақолга амал қилиб, қиш бўйи, ҳатто янаги йилнинг илк ҳосили етилгунча ўз оиласи дастурхонини тўкин қилишни қойиллатишади: ҳўл-у қуруқ мева ва сабзавотларни қишга ғамлаб қўйишади. Ана шу ёз-у кузда етиладиган ҳосилнинг мўл-кўл бўлиши учун эса асл деҳқон йил бўйи тиним билмайди.

Оллоёр Мадиёров ҳам укаси Ойбекжон билан иссиқхона хўжалигини ташкил этди-ю, меҳнатга ошно бўлди. Ёз бўйи ака-укалар очиқ майдондаги экин-тикинларни яхши парваришлаб, кузда ҳосил йиғиб олингач, иссиқхона анжомларини ўрнатишни бошлайдилар. Узоғи билан 1-1,5 ой дам олган ерга қайта ишлов берилиб, баҳорга тайёргарлик кўришади, турли хил полиз ва сабзавот экинларининг ниҳолларини етиштиришади.
Айни кунда ака-укаларнинг 16 сотихли иссиқхонасида помидор ва бодрингнинг бир неча хил навлари, булғор қалампири ва эртаги тарвуз ниҳоллари барқ уриб ривожланмоқда. Уларнинг асосий даромад манбаига айланган томорқа хўжалигида мўъжазгина боғ ҳам мавжуд. Олма ва ўрикнинг эртапишар, кечпишар навлари, шафтоли ва узумнинг энг сара, серҳосил навларидан ҳар йили мўл-кўл ҳосил йиғадиган ака-укаларнинг даромадлари оила иқтисодини яхшигина кўтараётгани уларнинг турмуш тарзида яққол намоён. Оиланинг ўз чорваси, паррандаси борлиги эса даромадга яна даромад қўшаётганидан билдикки, оила аъзоларининг барчаси ҳалол ва фидойи меҳнатнинг гашти – тўкин-сочинликда яшашмоқда. Бир сўз билан айтганда уларнинг йиллик даромади, меҳнатининг самарасидан кўнгли тўқ.
Кўнгилнинг тўқлиги – давлатмандликдан нишона. Аҳил-иноқликда, бири-биридан ўрганиб ва ўргатиб меҳнат қилаётган ака-укаларнинг томорқа хўжалигини юритиш тажрибаси таҳсинга лойиқ.
Уйшинлик яна бир ака-ука Нураддин ва Омонбой Жалоловлар эса томорқасида гулчилик билан шуғулланишади. Дастлаб Нураддин ўз томорқасида ихчамгина иссиқхона қуриб, гул уруғларини ундиришга киришганида кўпчилик: “бизнинг шароитда гулчиликдан ҳам даромад олиш мумкинми, жуда майда иш-ку?” дея ишонмади. Лекин Нураддин биринчи йилиёқ сарф-харажатларини тиклашдан ташқари, анчагина фойда ҳам кўрганини билганлар ҳалол ва фидойи меҳнатнинг самараси юқори бўлишини англашди.

Бундан 4 йил олдин ўз томорқасининг бир қисмида гулчилик хўжалигини юрита бошлаган Нураддин Жалоловнинг иссиқхонасида айни кунда 8 минг тупга яқин турли хил ифорли ва манзарали гул навлари мавжуд. Бу ишларда Нураддин Жалоловга бутун оила аъзолари, айниқса, қизлари Озода ва Мафтуна яқин кўмакдош. Оила фақат гулчиликнинг ўзидан йилига 15-20 млн. сўм даромад олишади. Хонадон чорваси, паррандаси-ю боғ-роғи, бошқа экин-тикинлардан келадиган даромад эса бунга қўшимча.
Дарвоқе, Нураддин Жалолов гулчиликни аслида укаси Омонбойдан ўрганган эди. Эътибор қилса, укаси уйидан чиқмай, ўз томорқасида бутун оиласини, фарзандларини иш билан таъминлаб, яхшигина даромад топаётир. Омонбой акасига гулчилик сирларини ўргатди. Ака укадан ўрганиб, гулчи бўлди. Омонбой эса гулчилик хўжалиги орқасидан умр йўлдоши ва фарзандларининг барча орзуларини рўёбга чиқарди, хонадонини жиҳозлади. Фақат гулчиликнинг ўзидан келадиган йиллик даромадини 20 млн.га етказди.


Айни кунда хонадон томорқасида 15000 тупдан зиёд гул навлари ўстирилмоқда. Шофран, петуня, солвия, катранду, бонанза каби гул навлари жуда харидоргир бўлганлиги сабабли уларни кўпроқ етиштиришади.
Омонбой Жалоловнинг томорқасида айни иш қизиган пайт. Гулчиликдан ташқари, эртаги сабзавот ва полиз экинлари экишда ва парваришлашда унга умр йўлдоши Зебогул Юсупова, фарзандлари Моҳирахон ва Дилшодбеклар яқиндан ёрдам беришмоқда.
Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶