Эзгу хотира
Қувваи ҳофизам дунёсин кезиб,
Кашф этдим қайтадан ҳаёт гўшасин.
Латиф бир лаҳзани дилдан ўтказиб,
Ҳис этдим яшамоқ гашт-у нашъасин.
Англадим. Инсонга тириклик байрам,
Мен билган неча зот оламдан ўтди.
Фақат таскин берар нурли хотирам,
Ахир шоҳ-у гадо баравар кетди.
Урушни лаънатлаб яшар инсонлар,
Оловдай ёндирар хотиралари.
Ҳамон юракларда доғи ҳижронлар,
Боболарин қўмсар набиралари.
Хотиранинг эзгин саҳифасида,
Афғон урушидан қолган қора доғ.
Чимилдиқ кўрмаган маъшуқасига,
Аскарнинг мактуби бўлмаган адоғ.
Шаҳидлар зоридан зир титраб замин,
Миллионлаб маййитлар кўзимдан ўтар.
Бу мажруҳ дунёнинг кўтариб ғамин,
Чўлоқ номин олиб майиблар ўтар.
Қатағон қурбони бўлган бобомдан,
Бир уй китоб қолган – бебаҳо мерос.
Ўзи кетса ҳамки ёруғ оламдан,
Эзгу иши яшар дилларга пайваст.
Эй, азиз замондош, бошингни кўтар,
СенТинчлик боғига битта ниҳол эк!
Ҳар лаҳзада униб, ҳар онда кўкар,
Изингда ёруғ из – Юртнинг ғамин чек!
Ҳаёт давом этар – авлодлар хуррам,
Боболар чироғи ўчмагай сира.
Умидлар гул очган Ватанда байрам,
Келажак пойида эзгу ХОТИРА!
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶