“ГУЛЗОР” МАҲАЛЛАСИДА ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАРНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШГА БАҒИШЛАНГАН ЙИҒИЛИШ ЎТКАЗИЛДИ
2020 йил 24 декабрь куни Манғит шаҳридаги “Гулзор” маҳалла фуқаролар йиғинида Қорақапоғистон Республикасида жиноятларни жиловлаш, жиноятчилик профилактикасини янада такомиллаштириш, одил судловни таъминлаш ва коррупциядан холи ҳудудга айлантириш мавзусига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда Жиноий ишлар бўйича туман суди раиси Султонмурод Давлетмуродов, туман прокурори Жавлонбек Муфтуллаев, туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Улуғбек Худойберганов, “Гулзор” маҳалла фуқаролар йиғини профилактика инспектори, шу билан бирга мазкур маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари, бир гуруҳ ёшлар иштирок этдилар.
Йиғилиш қўлбола усулда тайёрланган спиртли ичимликлар олди-сотдиси билан шуғулланиш жиноятини содир этган шахснинг қилмишларига оид видеоролик намойиш этилиб, Жиноят ишлари бўйича туман суди раиси Султонмурод Давлетмуродов ушбу видеороликда кўрсатилган жиноятни содир қилган шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддасига кўра айб қўйилиб, 2020 йилнинг 24 сентябрь куни суд ҳукми билан тегишли жазога тортилгани тўғрисида маълумот берди.
Султонмурод Давлетмуродов, мазкур жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ва хусусиятини эътиборга олиб, ушбу шахсга нисбатан белгиланган жазо чоралари ҳақида батафсил тўхталди. Бундан ташқари, мамлакатимизда одил судловни амалга оширишда қўлланилаётган кечиримлилик ва енгиллик бериш чоралари хусусида тушунчалар берди.
Туман прокурори Жавлонбек Муфтуллаев жиноятчилик аҳволи, ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитлари, жиноятларни фош этиш ва айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича махсус телекўрсатув ташкил этиш ҳамда фуқароларни ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишга чақирувчи видеоролик тайёрлаб, Амударё телевидениеси орқали мунтазам равишда ёритиб боришни ташкиллаштириш, жамиятимизда соғлом маънавий муҳит яратилишида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Шу билан бирга “Гулзор” маҳалла фуқаролар йиғини аҳоли вакилларига ушбу йиғилиш жараёнида намойиш этилган видеороликдаги спиртли ичимликларнинг ноқонуний олди-сотдиси билан шуғулланган шахсга нисбатан қонунчилигимизга кўра, озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкинлиги, лекин айбланувчи яшайдиган маҳалла раиси томонидан берилган кафолат хатига асосан уни озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган, яъни, 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланганини айтиб ўтди. Шунингдек, миллий қонунчилигимиздаги ўзгаришлар ва янгиликлар хусусида гапириб, жиноятчиликнинг олдини олишда барчани бирдамликка чақирди.
Йиғилишда туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Улуғбек Худойберганов ҳам сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига кўра, қўлбола усулда тайёрланган спиртли ичимликлар олди-сотдиси билан шуғулланиш жиноятини содир этган шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо тайинланиши мумкинлигини таъкидлади.
Бундан ташқари, Гулзор маҳалласи фаоллари ҳам сўзга чиқиб, фуқаролар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича профилактика инспекторлари билан ҳамкорликда фуқаролар ҳам маҳаллада жиноятчиликнинг олдини олишга ҳисса қўшиши лозимлигини таъкидлади.
Йиғилишда “Гулзор” маҳалла фуқаролар йиғини профилактика инспектори туманимизда содир бўлаётган ҳуқуқбузарликлар бўйича тегишли хулосалар чиқариб, бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича маҳалла фаоллари билан биргаликда аҳоли ўртасида тарғибот ишларини кенг йўлга қўйиш ва юқоридаги каби жиноят ва ҳуқуқбузарликлар бўлмаслиги учун бир ёқадан бош чиқариб иш олиб бориш кераклиги тўғрисида тўхталди.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶