Амударё туманининг овул ва маҳаллаларида Наврўз байрами кўтаринки руҳда нишонланди
Неча асрлик тарихий йўлни босиб ўтиб, бизгача етиб келган миллий байрамимиз – Наврўз баҳорий тенгкунлик, шарқона янги йилнинг бошланиши, яшариш, янгиланиш фасли тароватини олиб келгани, ҳаётбахш урф-одатларимиз, қадриятларимиз ва анъаналаримизнинг ёрқин ифодаси бўлганлиги билан ҳам жуда азиз ва қадрли.
Шу боисдан ҳам айни кунларда юртимизнинг барча гўшасида ушбу улуғ айём кенг тантана қилинмоқда. Тўкин, баҳорий таомлар билан безатилган дастурхон атрофида маънавий хазинамиз ҳисобланмиш халқ қўшиқлари, рақслари ижро этилмоқда, дорбоз ўйинлари, масхарабозлар, аскиячилар чиқишлари халқимизга байрам шодлигини ҳадя этмоқда.
Мамлакатимизда байрам арафасида эпидемиологик вазият бироз мураккаблашиб, коронавирус касаллигига чалиниш ҳолатлари сал кўпайгани инобатга олинган ҳолда туманимизда Наврўз байрами тантаналари тўртта ҳудудда - Манғит шаҳри ва шаҳар атрофи аҳолиси учун Манғит истироҳат боғида, шунингдек, Қиличбой Маданият маркази, 21-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби биноси ва Хитой ҳудуди аҳолиси учун 6-сонли ҚОП биноси олдида очиқ майдонда ўтказилмоқда. Тадбирларда фуқароларнинг тиббий ниқобда бўлишлари, оралиқ масофа сақлаган ҳолда иштирок этишларига эътибор қаратилмоқда.
19 март тонгини манғитликлар ўзгача қарши олди. Эрталабдан байрамона руҳ ҳар бир хонадонни қамраб олди. Қўли гул, меҳнаткаш одамларимизнинг меҳнатидан ўзгача чирой касб этган Манғит шаҳридаги истироҳат боғи ва атрофида транспортлар ҳаракати ҳам тўхтатилиб, одамларнинг бемалол байрам тантаналарини томоша қилиб, кўнгилли дам олишларига шароит яратилди. Наврўзни мадҳ этувчи шиорлар, ранг-баранг гуллар, шарлар, камалак ва чархпалаклар қўйилган майдоннинг чор-атрофидаги супаларда нуроний отахонлар гурунги авж олди. Мўътабар онахонлар ёр-ёр, лапарлар айтиб, қуроқ қурашди, ип йигирдилар, қизалоқлар эса миллий ўйинларни ўйнаб яйрашди. Йўл бошидаги кўркам расталарда халқ миллий ҳунармандчилиги намуналари, деҳқонларимиз етиштирган маҳсулотлар ярмаркасини барча қизиқиш билан томоша қилишди. Шўх қўшиқлар барчага ўзгача кўтаринки кайфият бағишлади.
Майдонга туман ҳокими Султонбой Йўлдашев секторлар раҳбарлари, тумандаги корхона, ташкилотлар, муассасалар раҳбарлари ҳамкорлигида кириб келди. Меҳмонлар нон-туз билан кутиб олинди. Улар туманимиз миришкорлари етиштирган сабзавотлардан тайёрланган миллий таомлардан тотдилар ва бунингдек Наврўзий удумлар барҳаёт бўлишини тилаб, дуога қўл очдилар. Туман ҳокими аҳолини Наврўзи олам билан қизғин қутлаб, самимий тилакларини изҳор этди. Шунингдек, бугунгидек мураккаб эпидемиологик вазиятдан тезроқ қутулиш учун барчани карантин қоидаларига қатъий амал қилишга чақирди.
Шундан сўнг, байрам томошалари бошланди. Майдон узра ҳақиқий баҳор тантанаси акс этган манзара намоён бўлди, туман Маданият бўлими томонидан тайёрланган байрам дастуридан жой олган рақслар, қўшиқлар, адабий композициялар билан бирга дорбоз ўйинлари, масхарабозлар чиқишлари томошабинларга жуда манзур бўлди. Халқ таълими бўлимига қарашли муассасалар болалар бадиий жамоалари, мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган болажонлар ижросидаги ашула, рақслар барчага завқ бағишлади.
Шу куни Манғит шаҳридаги 9-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби биноси олдида, Қипчоқ ҳудуди аҳолиси учун 21-сонли Болалар мусиқа санъат мактаби биноси олдида, Қиличбой ҳудуди аҳолиси учун Қиличбой маданият маркази олдида, Хитой ҳудуди аҳолиси учун 6-сонли ҚОП олдида Наврўз байрами юқори кайфиятда нишонланди.
Тантаналарда самимий тилаклар айтилиб қувноқ рақс ва қўшиқлар, лапарлар, аллалар, миллий спорт ўйинлари ижро этилиб, Наврўз, Янги кун, азиз ва обод юртимиз мадҳ этилди. Кўнгилочар томошалар барчага кўтаринки баҳорий кайфият улашди. Барча шукроналик билан “Қадаминг қутлуғ келсин, Наврўз” дея тиладилар.
Ойгул Ражабова

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶