Мувофиқлаштирувчи кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 7 июль санасида Амударё тумани ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Идоралараро кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишга туман прокурори, адлия маслаҳатчиси Жавлон Муфтуллаев раислик қилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси бўлим бошлиғи Янгабой Бабаджанов, туман ҳокими Султонбой Йўлдашев, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий Департаменти Қорақалпоғистон Республикаси туман бўлими ходимлари, туман ИИБ ходимлари, МИБ туман бўлим ходимлари, туман ҳокимлиги, тумандаги барча назорат қилувчи идоралар, туман Халқ таълими бўлими ходимлари маҳаллалар масъуллари иштирок этдилар.
Йиғилиш кун тартибида туман ҳудудида 2021 йилнинг 6 ойида туманда қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида йўл қўйилган камчиликлар ва келгусида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирларни белгилаб олиш масаласи муҳокама қилинди. Кун тартибидаги масала юзасидан туман прокурори Жавлон Муфтуллаевнинг ахбороти тингланди.
Ахборотда таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, уларнинг Халқ олдида ҳисобдорлигини ошириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш энг устувор масалалардан саналиб, тизимли ишлар қилинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Қайд этилишича, ўтган давр мобайнида туман прокуратураси томонидан олиб борилган кенг кўламли ишлар, назорат тадбирлари натижаларига кўра, жами 232 та прокурор назорати ҳужжати қўлланилиб, уларнинг муҳокамасига кўра 69 нафар шахс интизомий, 61 нафар шахс маъмурий ва 5 нафари жиноий жавобгарликка тортилган, шунингдек, тергов ва назорат тадбирларида давлат ва жамият манфаатларига етказилган жами 1 млрд. 230 млн. 718минг сўмлик зарар ихтиёрий ундирилиб, 301 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланиши таъминланган.
Шунингдек, ўтказилган текширишларда туманда турли соҳаларда қатор қонун бузилиш ҳолатлари аниқланиб, тегишли жазо чоралари қўлланилган. Жумладан, шундай ҳолатлардан бири туман Давлат солиқ инспекцияси томонидан иш фаолиятида бир қатор қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлигидир.
Айтиш керакки, туманда 2178 та юридик шахс ҳамда 1514 та якка тартибдаги тадбиркор давлат рўйхатидан ўтган бўлиб, улардан 1050 та юридик шахс ҳамда 857 та якка тартибдаги тадбиркорлар фаолият кўрсатаётган бўлиб, ушбу тадбиркорларга қўлланилиши зарур бўлган имтиёзларни ўз вақтида ва тўғри қўлланилганлиги ўрганилганда қатор қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган.
Туман Давлат солиқ инспекцияси масъул ходимлари томонидан тадбиркорларга ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизга камайтириб ҳисобот топшириши мумкинлиги тўғрисида тушунтириш берилмаганлиги натижасида қонунда белгиланган 35 млн. 109 минг сўмлик солиқ имтиёзлари қўлланилмаганлиги ҳолати аниқланган. Туман прокуратураси томонидан 169 та тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқлари тикланиб, 35 млн. 109 минг солиқ имтиёзлари қўлланилиши таъминланган.
Йиғилишда шунингдек, туман прокуратураси ҳамда тегишли ҳуқуқни мухофаза қилувчи ва бошқарув идоралари томонидан ҳудудда қонунийликни мустахкамлаш, фуқароларнинг ҳукуқ ва эркинликларини мухофаза қилиш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилганлигини қайд этиш билан бирга, айрим соҳаларда камчиликларга йўл қўйилганлиги ҳам таъкидланди.
Йиғилишда иштирок этганлар туман прокурори ахбороти юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар ҳамда ўзларини қизиқтирган саволларга аниқ жавоблар олдилар.
Йиғилиш якунида ўтган вақт мобайнида йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш, туманда қонун ҳужжатларига қатъий амал қилинишини таъминлаш борасида олдинда турган вазифалар белгилаб олинди.
Р.Б.Санкибаев, Амударё тумани прокурорининг ўринбосари, адлия кичик маслахатчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶